Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Мустақил яшашга тайёрманми?

Мустақил яшашга тайёрманми?

Мустақил яшаш ҳақидаги ўйлар ҳам ҳайратга, ҳам қўрқувга солиши мумкин. Мустақил яшашга тайёр эканингизни қандай аниқласангиз бўлади?

 Сабаблари ҳақида ўйлаб кўринг

Мустақил яшашга қарор қилганингизнинг талайгина сабаблари бўлиши мумкин, лекин уларнинг ҳаммасини ҳам асосли деб бўлмайди. Масалан, Марио исмли бир йигит: «Уйдаги мажбуриятларимдан қутулиш учунгина кўчиб кетмоқчи эдим»,— деб бўлишди.

Аслида эса, мустақил яшашни бошласангиз, камроқ эркинликка эга бўласиз. 18 ёшли Ония исмли бир қиз шундай деди: «Бир ўзингиз яшаганингизда уй-жойингизга ўзингиз қарайсиз, ўзингиз овқат пиширасиз ва ўзингиз харажатларни тўлайсиз. Ёрдам ва маслаҳат зарил бўлиб қолганида эса, олдингизда ота-онангиз бўлмайди!»

Хулоса. Мустақил яшашга тайёр ёки тайёр эмаслигингизни тушуниш учун нима сабабдан буни истаётганингизни аниқлаб олиш керак.

 Барчасини тарозига солинг

Исо шундай деган: «Орангиздан кимдир иморат қурмоқчи бўлса, уни битиришга маблағи етишини билиш учун, аввалига ўтириб қанча харажат кетишини ҳисоблаб олмайдими?» (Луқо 14:28) Уйдан кетишдан аввал «қанча харажат кетишини» қандай ҳисоблашингиз мумкин? Қуйидаги саволларга жавоб бериб, ўзингизни текшириб кўринг.

ПУЛНИ ТЎҒРИ ИШЛАТИШНИ БИЛАСИЗМИ?

Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Пул одамга ҳимоя беради». (Воиз 7:12)

  • Пулни тежаб ишлатишга қийналасизми?

  • Ҳиссиётга берилиб харажат қиласизми?

  • Бошқалардан тез-тез қарз олиб турасизми?

Мазкур саволларнинг ҳатто биттасига «ҳа» деб жавоб берган бўлсангиз, мустақил яшаш ҳақидаги орзуларингиз сизга хавф туғдириши мумкин!

«Акам 19 ёшда бўлганида уйдан кетганди. Бир йил ичида у барча йиққан пулларини ишлатиб юборди, банк эса кредитга сотиб олган машинасини тортиб олди. Охир-оқибат, акам кредит тарихини бузди ва ота-онамиздан уйга қайтишига рухсат беришларини ёлвориб сўради». (Даньелла)

Ҳозирнинг ўзида нима қила оласиз? Ота-онангиздан ҳар ой қанча харажат қилишларини сўранг. Улар қандай харажатларни тўлашади ва даромадларини қай йўсин режалаштиришади? Улар пулни қандай қилиб тежашади?

Хулоса. Ота-онангиз билан бирга яшаётган пайтдаёқ пулни тўғри сарфлашни ўргансангиз, мустақил ҳаётнинг иқтисодий қийинчиликларига тайёрлана оласиз.

ТАРТИБ-ИНТИЗОМЛИМИСИЗ?

Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ҳар ким ўз аравасини ўзи тортади». (Галатияликларга 6:5)

  • Ишларни кейинга қолдириш одатингиз борми?

  • Ота-онангиз уйдаги мажбуриятларингизни нуқул эслатиб турадими?

  • Уйга кўпинча ота-онангиз ўрнатган вақтдан кеч қолиб келасизми?

Мазкур саволларнинг ҳатто биттасига «ҳа» деб жавоб берган бўлсангиз, ота-онангиздан мустақил равишда яшаб тартиб-интизомли бўлиш ундан-да қийинроқ бўлиши мумкин.

«Мустақил яшаганингизда сиз унча хуш кўрмаган, аммо зарур бўлган ишларни қилишингизга тўғри келади. Ҳеч ким сизга қандай йўл тутиш кераклигини эслатиб турмайди, шунга тартиб-интизомли бўлмасликнинг иложи йўқ». (Жессика)

Ҳозирнинг ўзида нима қила оласиз? Ой давомида имкон борича кўпроқ уй ишларини бажаришга ҳаракат қилинг. Масалан, ўзингиз уй йиғиштиринг, кирларингизни ювинг, дўконга боринг, ҳар оқшом овқат пиширинг ва кейин идишларни ювинг. Шу тариқа, мустақил ҳаёт нима экани борасида тасаввурга эга бўласиз.

Хулоса. Ота-онангиздан мустақил равишда яшашни режалаштираётган бўлсангиз, тартиб-интизомли бўлишнинг ўрни беқиёс.

Мустақил ҳаётга тайёргарлик кўрмай туриб, уйдан кетиш парашютдан фойдаланишни ўрганмай туриб, самолётдан сакраш билан баробардир

ЭМОЦИОНАЛ ЖИҲАТДАН КУЧЛИМИСИЗ?

Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ғазаб, жаҳл, ярамаслик, ҳақоратли сўзларни ўзингиздан соқит қилинглар». (Колосаликларга 3:8)

  • Бошқалар билан тил топишишга қийналасизми?

  • Жаҳлингизни тия оласизми?

  • Ҳар доим сиз истагандек бўлишини хоҳлайсизми?

Мазкур саволларнинг ҳатто биттасига «ҳа» деб жавоб берган бўлсангиз, ҳамхонангиз ва, эҳтимол, келажакда турмуш ўртоғингиз билан чиқишиб кетишга қийналишингиз мумкин.

«Дугоналарим билан бир уйда яшашни бошлаганимизда, камчиликларимни кўра бошладим. Баъзида таранг вазиятлар туфайли кайфиятим тушиб кетади, лекин энди тушуняпманки, бошқалар буни чидашга мажбур эмас. Шунинг учун ҳис-туйғуларимни бошқаришга ўрганишимга тўғри келди». (Хелена)

Ҳозирнинг ўзида нима қила оласиз? Ота-онангиз, ака-ука ва опа-сингилларингиз билан тил топишишга ўрганинг. Шуни унутманг: ҳозир бир бошпана остида яшаётган инсонларнинг камчиликларига билдирган муносабатингиз, келажакда сиз билан яшайдиган инсонларга қандай муомала қилишингизни кўрсатиб туради.

Хулоса. Мустақил яшаш мажбуриятларингиздан халос этмайди. Бу тайёргарликни талаб қилувчи кўникмадир. Масалан, мустақил яшаётганлар билан маслаҳатлашиб кўрсангиз бўлади. Улардан шундай сўраб кўринг: «Ўтмишга назар ташлаб, нималарни бошқача қилган бўлардингиз? Ҳозир эга бўлган билимларингизнинг қай бири ўша даврда сизга асқатган бўларди?» Бундай йўл тутиш сизга ҳаётдаги ҳар қандай муҳим қарорни чиқаришга кўмаклашади!