Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Дўстликми ёки ошиқликми? 1- қисм. У чиндан ҳам мени яхши кўрадими?

Дўстликми ёки ошиқликми? 1- қисм. У чиндан ҳам мени яхши кўрадими?

Ўзга жинсдаги бир инсонни жуда ёқтирасиз ва у ҳам сизни ёқтиришига аминсиз. Ахир доим ёзишасиз, ўтиришларда биргасиз ва сизга юборган хабарларида ноз-карашма қилгандай кўринади.

У сизга нисбатан қандай ҳис-туйғуларга эга эканини аниқлаш учун муносабатларингизга ойдинлик киритишга қарор қиласиз. Хўш, у нима дейди? «Биз шунчаки дўстмиз, холос».

 Нимани ҳис қиляпсиз?

«Ҳам ундан, ҳам ўзимдан роса жаҳлим чиққанди. Ҳар куни ёзишардик ва у мен билан қизиқарди. Унга нисбатан ҳис-туйғулар пайдо бўлди». (Жасмин)

«Ўша қиз билан доим бир жуфтликка ҳамроҳ бўлардик. Баъзида бир вақтда иккита жуфтлик учрашаётгандай туюларди. Иккаламиз кўп суҳбат қурардик ва кейин тез-тез ёзишадиган бўлдик. У мени шунчаки дўст сифатида кўришини ва бу вақт давомида бошқа инсон билан учрашганини айтганида, менга оғир ботди». (Ричард)

«Бир бола менга ҳар куни ёзарди ва гоҳида иккаламиз ҳам “ноз-карашма” қилардик. Унга ҳис-туйғуларим ҳақида айтганимда, у кулиб: “Ҳозир ҳеч ким билан учрашиш ниятим йўқ”,— деди. Ўшанда роса кўз ёш тўкдим». (Тамара)

Хулоса. Ким биландир ўзгача муносабатларга эгаман, деб ўйлаб, кейин бу фақат сизнинг ҳис-туйғуларингиз эканини билганингизда, жаҳлингиз чиқиши, уялишингиз ва ҳатто сизга хиёнат қилишгандай ҳис этишингиз табиий. «Мен билан бу юз берганда, жуда ёмон аҳволга тушиб қолдим ва бу қалбимни яралади. Яна кимдирга ишонишни ўрганишим учун вақт керак бўлди»,— деб айтди 20 ёшли Стивен.

 Нега бундай бўлади?

СМСлашиш ва ижтимоий тармоқларда ёзишиш орқали бирон кимга боғланиб қолиш осон бўлади. Аслида эса, у сизга нисбатан ишқий туйғуларга эга эмас. Баъзи ёшлар қандай фикр билдирганига эътибор беринг.

«Айримлар вақтни “ўлдириш” учунгина ёзиши мумкин, сиз эса менга қизиқиш кўрсатяпти, деб ўйлашингиз ҳеч гап эмас. Борди-ю, у ҳар куни ёзса, у мени ёқтиради, деб хато ўйлашингиз турган гап». (Женнифер)

«Кимдир сизни ёқтиргани учун самимий қизиқиш кўрсатиши, кимдир эса шунчаки гаплашиш ёки ўзининг аҳамиятини кўрсатиш учун бундай қилиши мумкин». (Жеймс)

«Оддийгина “хайрли тун” деган сўзлар ишқий туйғуларга ишора қилингандай ўқилиши мумкин-у, аслида эса бундай эмас». (Хейли)

«Кулиб турган смайлик юбориш, ноз-карашмадай қабул қилиниши мумкин. Аслида эса у шунчаки юборилгандир. Баъзида хабар олган одам буни ноз-карашма, деб ўйлаши ҳеч гап эмас». (Алисия)

Хулоса. Эътиборни ишқий туйғулар билан адаштирманг.

Айтиш осон дерсиз! Муқаддас Китобда: «Қалб ўта алдамчи ва бетайиндир»,— дейилган. (Еремиё 17:9) Буни қумда қурилган қасрга ўхшатса бўлади. Бу фақат сизнинг хаёлларингиз эканини тушунганингизда, у йўқ бўлиб кетади.

 Нима қила оласиз?

  • Огоҳ бўлинг. Барчасини тарозига солиб, муносабатларингизни текширинг. Ўзингизга шундай савол беринг: «Бу инсон менга ўзгача муносабат қиляпти, деб ўйлашимга асосли сабабларим борми?» Ҳис-туйғуларингиз «ақлингизни ишга солиш» қобилиятингизни бўғиб қўйишига йўл қўйманг. (Римликларга 12:1)

  • Мулоҳазакор бўлинг. Ўша одам сизга нисбатан ўзгача ҳис-туйғуларга эга, деб ўйлашингизга сабаблар бордай туюлар. Лекин юз фоиз амин бўлмасангиз, хаёл сурмай, яхшилаб ўйлаб кўринг. Кимгадир нисбатан ўзгача ҳис-туйғуларга эга бўлсангиз, у ҳам сизга шундай муносабатда, деб хулоса қилманг.

  • Сабрли бўлинг. Инсон ишқий муносабатларни ривожлантириш учун сиз билан танишмоқчи эканини очиқчасига айтмагунича, хом хаёл сурманг. Акс ҳолда, қалбингизни қаттиқ яралайсиз.

  • Ростгўй бўлинг. Муқаддас Китобда «гапиришнинг ҳам ўз вақти бор»лиги тўғрисида айтилган. (Воиз 3:7) Инсон сизга нисбатан қандай муносабатда эканини аниқлаш ниятида, у билан бу ҳақида гаплашиб олинг. Ёши 21 да бўлган Валерия шундай деди: «Сизга нисбатан ҳеч қандай ҳис-туйғуларим йўқ, деган жавобни олганда аввалига бир оз оғир бўлади. Лекин хаёл суриб, кейинчалик эса сизни ҳеч қачон ёқтирмаганман, деган сўзларни эшитиш янада қаттиқ ботади».

Хулоса. Ҳикматлар 4:23 да: «Қалбингни асра»,— деб айтилган. Кимгадир нисбатан ўзгача ҳис-туйғуларга эга бўлсангиз, у ҳам сизга нисбатан шундай туйғуларга эгами ёки йўқми билиб олинг. Унгача ишқий ҳис-туйғулар илдиз отишига йўл қўйиш тошлоқ ерда ўсимлик ўстиришдайдир.

Кимдир сизни ёқтиришини билсангиз ва учрашиш учун ёшингиз тўғри келса ҳамда бунга тайёр бўлсангиз, буёғига муносабатларингизни ривожлантириш-ривожлантирмаслик сизга боғлиқ. Унутманг, эр-хотиннинг маънавий мақсадлари бир хил бўлса ва улар ўзаро очиқ ҳамда ростгўй бўлса, никоҳи мустаҳкам бўлади. (1 Коринфликларга 7:39) Албатта, улар буни дўстликдан бошлашган ва уларнинг дўстлиги давом этади. (Ҳикматлар 5:18)