Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Ўқишни ташлаймикан?

Ўқишни ташлаймикан?

«Мактабни роса ёмон кўраман!» Агар сиз ҳам шундай фикрда бўлсангиз, ўқишни ташлаш васвасаси туғилаётгандир. Бу мақолада бир нечта яхши маслаҳатлар келтирилган.

 Нега айримлар ўқимай қўяди?

Қуйида баъзи мутахассисларнинг фикрлари келтирилган:

  • Ўқиш жараёни қийин. «Баҳолар учун курашишдан чарчадим».

  • Қизиқиш йўқ. «Ўқишнинг фойдаси йўқ».

  • Моддий қийинчилик. «Оила аъзоларимга ёрдам бериш учун ишлашим керак».

 Оқибатлари қандай?

Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Заковатли ҳар бир қадамини ўйлаб босади». (Ҳикматлар 14:15) Хўш, қандай хулоса қилиш мумкин? Агар ўқишни ташламоқчи бўлсангиз, оқибатлари ҳақида яхшилаб ўйлаб кўринг.

Ўзингиздан сўранг:

  • «Ўқишни ташласам, келажакда яхши иш топа оламанми?»

    «Оилани боқиш ва бўлажак иш ҳақида ўйлаб кўринг. Кўп иш берувчилар мактабни битирганмисиз, деб сўрашади». (Жулия)

  • «Ўқишни ташласам, бўлажак қийинчиликларни енга оламанми?»

    «Мактаб ҳаётга тайёрлайди. Келажакда сиз учратадиган одамлар, дуч келадиган васвасалар ва ишингиз худди мактабдагидай бўлади». (Дэниел)

  • «Ўқишни ташласам, керакли қобилиятларга эга бўламанми?»

    «Мактабдаги ўқиш ҳозир сизга кераксиздай туюлар. Бироқ ёшингиз 23 да бўлганда пулни сарфлаш масаласида: “Яхшиям, математика дарсларидан қочиб юрмаган эканман”,— деб ўйлайсиз». (Анна)

 Яхшироқ фикр

  • Ёрдам сўранг. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Маслаҳатчи кўп бўлса ривож топади». (Ҳикматлар 11:14) Баҳоларингиз кундан-кунга ёмонлашиб кетаётган бўлса, ота-она, устоз, репетитор ёки бошқа ишонган инсонингиздан яхшиланиш борасида маслаҳат сўранг.

    «Устозингиз билан гаплашиб кўринг. Баъзида у сиздан айб топишга уринаётгандай туюлиши мумкин. Бироқ ёрдам сўраб мурожаат қилсангиз, у сизга жон деб ёрдам бериш эҳтимоли бор». (Эдвард)

  • Кенгроқ фикрланг. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ишнинг охири бошланишидан афзалроқ». (Воиз 7:8) Мактабни битиргач, нафақат ўрганган фан бўйича билимларга эга бўласиз, балки ҳаёт учун зарурий фазилату қобилиятларингиз бўлади.

    «Тўғри, улғайганингизда иншо ёзишга ёки имтиҳон топширишга ҳожат қолмас, лекин мактабдаги стрессни енга олиш қобилиятингиз, кейинчалик дуч келадиган муаммоларни ҳал қила олишингизга таъсир қилади». (Вера)

    Ўқишни ташлаш худди соҳилга етмай туриб, ўзини қайиқдан ташлашдек; қайиқда бўлганим яхшироқ эди деб афсусланарсиз

  • Бошқа ечимлари ҳақида ўйланг. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Шошқалоқлар эса камбағалликка юз тутади». (Ҳикматлар 21:5) Ўқишни ташлаш ягона ечим деб ўйламанг. Масалан, уйда таълим олиш ёки масофада туриб ўқиш мумкин.

    «Мактаб қунт билан ишлашни, муаммоларни ҳал қилишни ва бошқалар билан ҳамкорлик қилишни ўргатади. Фойдасини бутун умр ҳис қиласиз. Мактабни битириш уринишлари арзийди». (Бенжамин)

Хулоса. Мактабни битиринг. Ўшанда, келажакда масъулият нималигини яхши тушунасиз.