Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Жисмоний машқларга мени нима ундаши мумкин?

Жисмоний машқларга мени нима ундаши мумкин?

 Нега жисмоний машқлар қилишим керак?

Кўпгина мамлакатларда ёшлар жисмоний машқлар учун кам вақт ажратади, бу туфайли эса, уларнинг соғлиги хавф остида қолади. Бежизга Муқаддас Китобда: «Жисмоний машқ... фойда келтиради»,— деб айтилмаган. (1 Тимўтийга 4:8) Қуйидагилар ҳақида ўйлаб кўринг:

  • Жисмоний машқлар қилиб, ўзингизни яхшироқ ҳис эта оласиз. Жисмоний машқлар туфайли мияда кимёвий моддалар — эндорфин ишлаб чиқарилади ва бу ўзингизни яхши ҳамда хурсанд ҳис этишингизга ёрдам беради. Баъзилар машқларни депрессияга қарши курашишнинг табиий усули деб атайди.

    «Эрталаблари югуришга чиқсам, куним самаралироқ ва қувончлироқ ўтади. Югуриш кайфиятимни кўтаради». (Регина)

  • Жисмоний машқлар билан шуғуллансангиз, ташқи кўринишингиз яхшиланади. Меъёрида машқ қилиш кучлироқ ва ташқи кўринишингиз яхшироқ бўлишига, ўзингизни янада дадил ҳис этишга кўмаклашади.

    «Турникда ўн марта тортилганимда, ўзимни яхшироқ ҳис қиламан. Бир йил олдин эса, ҳатто битта ҳам тортила олмасдим! Энг ажойиби, соғлигимга ғамхўрлик қилаётганимни биламан». (Оливия)

  • Жисмоний машқлар умрингизни узайтириши мумкин. Жисмонан фаол бўлиш юрак қон-томир ва нафас йўллари фаолиятини яхшилайди. Аэробика билан шуғулланиш эркагу аёлларнинг ўлимига сабаб бўлаётган қон-томир касалликларининг олдини олиши мумкин.

    «Соғлигимизга фойда келтирадиган машқлар билан шуғуллансак, Яратувчимиз берган танамизни қадрлаётганимизни кўрсата оламиз». (Жессика)

Хулоса. Жисмоний машқлар ҳам келажакда, ҳам ҳозирнинг ўзида фойда келтира олади. 22 ёшли Тоня шундай деди: «“Айланишга ёки югуришга бекор борибман”,— деб айтмайсиз. Баҳоналаримни четга суриб, машқ қилганимдан ҳеч ҳам афсусланмаганман».

Машинага эътибор берилмаса, у ишдан чиқади; жисмоний машқлар билан шуғулланмасангиз ҳам, соғлигингиз панд бериши мумкин

 Нима менга тўсқинлик қиляпти?

Қуйида дуч келиш мумкин бўлган баъзи тўсиқлар келтирилган:

  • Ундовчи куч йўқлиги. «Менимча, ёшларда ундовчи кўч бўлмайди. Чунки бундай пайтда соғлик муаммоларига дуч келишингизни тасаввур қилиш қийин. Фақатгина кексалар бундай муаммоларга дуч келади, деб ўйлашади». (София)

  • Вақт йўқлиги. «Банд бўлганим учун соғлом овқатланиш ва ухлаш учун вақт ажратишимга тўғри келади, аммо жисмоний машқлар учун вақт топиш доим қийин бўлади». (Кларисса)

  • Пул етишмаслиги. «Доим машқ қилишни истасангиз, бу қимматга тушади. Чунки спорт зали учун пул тўлаш керак». (Гина)

Ўйлаб кўринг:

Сизга машқ қилишингизга халақит қилаётган энг катта тўсиқ нима? Тўсиқни енгиш учун ҳаракат қилиш керак, натижаси бунга арзийди.

 Соғлом бўлиш учун қандай машқлар қила оламан?

Мана бир нечта таклиф:

  • Соғлигингизга ғамхўрлик қилинг. (Галатияликларга 6:5)

  • Баҳоналар топишдан қочинг. (Воиз 11:4) Масалан, жисмоний машқлар билан шуғулланиш учун залга бориш шарт эмас. Сизга завқ келтирадиган машқни топинг ва у ҳаётингизнинг бир қисмига айлансин.

  • Бошқалардан улар қандай машқлар қилишини сўранг. (Ҳикматлар 20:18)

  • Махсус жадвалингиз бўлсин. Мақсадлар қўйинг ва ўзингизни ундаб туриш учун нималарга эришганингизни ёзиб боринг. (Ҳикматлар 21:5)

  • Ўзингизга ҳамроҳ топинг. Сиз билан мунтазам равишда машқ қиладиган дўстингиз бўлса, у сизни ундаб, таслим бўлмаслигингизга ёрдам бера олади. (Воиз 4:9, 10)

  • Ҳаммаси ҳам силлиқ кетмаслиги мумкин, лекин бўшашманг. (Ҳикматлар 24:10)

 Мувозанатли бўлинг

Муқаддас Китоб ҳам аёлларни, ҳам эркакларни «ҳар нарсада меъёрини биладиган» бўлишга ундайди. (1 Тимўтийга 3:2, 11) Шундай экан, жисмоний машқлар билан шуғулланишда ҳам, меъёрини билинг. Жисмоний машқлар билан ҳаддан ташқари кўп шуғулланадиган одамлар кўпинча ўзига ўзи маҳлиё бўлиб қолади. Ёши 24 да бўлган Жулия қуйидаги фикрни билдирди: «Йигитларнинг мушаклари бўлса-ю, ақли бўлмаса, менга ёқмайди».

«Ўлай деяётган бўлсангиз, яна ўн марта машқ қилинг» каби ундовчи шиорлардан эҳтиёт бўлинг. Бу каби маслаҳатлар жисмонан зарар етказиб, ҳаётда «қайси нарсалар муҳимроқ» эканини фарқлашингизга халақит қилади. (Филиппиликларга 1:10)

Қолаверса, ундовчи маслаҳатлар тезда қўл силтаб кетишингизга сабаб бўлиши мумкин. 21 ёшли Вера қуйидагича деди: «Кўп қизлар ўзлари ёқтирган ва ўхшашни истаган инсонларнинг расмларини сақлаб қўяди ва энди таслим бўлай деганда, ўша расмларга қарашади. Оқибатда эса, нуқул ўзларини улар билан солиштириб, тушкунликка тушади, холос. Фақат ташқи кўринишни эмас, соғликни яхшилашни мақсад қилиш фойдалироқ бўларди».