Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Учрашиш. 2-қисм. Учрашаётганда нимани кутишим керак?

Учрашиш. 2-қисм. Учрашаётганда нимани кутишим керак?

 Бир инсонни ёқтириб қолдингиз ва иккалангиз турмуш ўртоқ сифатида бир-бирингизга мос келасизми ё йўқми билиш учун учрашишга қарор қиласиз. Бир-бирингиз билан яқинроқ танишар экансиз, бу муносабатлардан нимани кутишингиз керак?

Бу мақолада

 Ростгўйлик ила суҳбат қуришга тайёр бўлинг

 Учрашаётган инсонингиз билан вақт ўтказар экансиз, ўзаро яқиндан танишасиз. Унинг феъл-атворини кузатганингизда, у ҳақда баъзи нарсаларни билиб оласиз.

 Шунга қарамай, айрим нарсаларни очиқчасига муҳокама қилишингиз керак бўлади. Бундай қилар экансиз, имкон борича вазиятга кенгроқ қаранг ҳамда ҳис-туйғулар ақлингизни ишга солишингизга халақит беришига йўл қўйманг.

 Икковингиз муҳокама қиладиган мавзулар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  •  Пул. Қарзингиз борми? Пулни донолик ила сарфлаш сиз учун қийинми? Оила қурсангиз, сиз ва турмуш ўртоғингиз кирим-чиқим масаласида қай йўсин қарор чиқарасизлар?

  •  Соғлик. Соғлигингиз яхшими? Ўтмишда қандайдир жиддий соғлик муаммолари бўлганми?

  •  Мақсадлар. Ҳаётда нималарга эришмоқчисиз? Мақсадларингиз сиз учрашаётган инсонники билан тўғри келяптими? Оила қургач, мақсадларингизга эриша олмасангиз, бу қувончингизга таъсир қиладими?

  •  Оила. Айни дамда оилада қандайдир масъулиятларингиз борми? Сизнингча, келажакда қандайдир масъулиятларга эга бўлишингиз мумкинми? Фарзандли бўлишни истайсизми? Агар «Ҳа» бўлса, нечта фарзанд кўрмоқчисиз?

 Бундай мавзуларни муҳокама қилар экансиз, суҳбатингиз ростгўйлик ва шаффофликка асослансин. Учрашаётган инсонингизга яхши кўриниш ниятида қандайдир гапни яширманг ёки мавзуни ўзгартирманг. (Ибронийларга 13:18)

 Ўйлаб кўринг. Сиз ўша инсон ҳақида нимани билишингиз керак? У сиз ҳақингизда нимани билиши керак? Қай йўсин суҳбатда ростгўй ва шаффоф бўлиш кейинчалик оила қуришга қарор қилганингизда, икковингизга ҳам ёрдам беради?

 Муқаддас Китобдаги принцип: «Бир-бирингизга ҳақиқатни гапиринг». (Эфесликларга 4:25)

 «Эҳтимол, қиз “Олти ойдан кейин унаштириламиз” деб ўйлар. Йигит эса “Бунга бир йил керак бўлиши мумкин” деган фикрдадир. Шундай вазиятда қиз у кутганидек тез унаштирилишмагани туфайли хафа бўлиши ёки тушунмовчилик юз бериши мумкин. Бу масалада иккита тараф ҳам бир-бирининг фикрини билиши муҳим»,— деб бўлишди оила қурганига бир йил бўлган Арианна.

 Фикрларингиз фарқ қилишига тайёр бўлинг

 Ҳеч ким бир хил эмас. Шундай экан, фикрларингиз доим бир жойдан чиқишига ёки бир хил ўйлашингизга умид қилманг. Маданиятингиз, келиб чиқишингиз каби омиллар фикрлаш тарзингизга таъсир қилади.

 Ўйлаб кўринг. Фикрларингиз фарқ қилганида ва Муқаддас Китобда аниқ йўл-йўриқ бўлмаганида, иккалангиз ҳам тинчлик учун ён беришга тайёрмисиз?

 Муқаддас Китобдаги принцип: «Мулоҳазакор эканингиз ҳамма одамларга маълум бўлсин». (Филиппиликларга 4:5)

 «“Бир биримизга роса мос келамиз” деб ўйлаётган бўлсангиз ҳам фарқли тарафларингиз бўлади. Гарчи бир-бирига ўхшаш муҳим бўлса-да, ўзаро фарқ қилганингизда намоён этадиган фазилатларингиз янада аҳамиятлидир»,— деб айтди оила қурганига беш йил бўлган Метью.

 Учрашув стресс келтиришига тайёр бўлинг

 Учрашув кўп вақтингизни олиши шубҳасиз ва бу сизга стресс келтириши ҳеч гап эмас. Хўш, бунда сизга нима ёрдам беради?

 Мулоҳазакорлик ила чегара ўрнатинг. Учрашишга ҳаддан ташқари кўп берилиб кетиб дўстларингизни унутиб қўйманг. Оила қурганига беш йил бўлган Алана шундай деди: «Оила қурганингиздан кейин ҳам дўстларингиз керак бўлади. Сиз ҳам уларга кераксиз. Учрашишни бошлаганингиз туфайлигина улардан узоқлашманг».

 Унутманг, оила қурганингиздан кейин ҳаётингизнинг барча соҳаларида мувозанатли бўлишингиз керак. Учрашаётган пайтингиздаёқ бундай қилиш яхшидир.

 Ўйлаб кўринг. Учрашаётган инсонингиздан сиз учун кўп вақт ажратишини ва эътибор қаратишини талаб қиляпсизми? Ёки у “Мендан кўп нарсани талаб қиляпти” деб ўйлаяпсизми? Тушкунликка тушмаслик ёки муносабатларингиз яхши бўлиши учун қай йўсин икковингиз ҳам мувозанатли бўла оласиз?

 Муқаддас Китобдаги принцип: «Ҳар бир нарсанинг ўз вақти бор». (Воиз 3:1)

 «Агар жуфтлик фақатгина дам олиб вақт ўтказса, оила қургач уларга қийин бўлади. Улар бозор-ўчар, уй ишларини қилиш ва бирга топиниш каби чинакам ҳаётдаги ишларни қилса, яхши бўларди. Шу йўсин улар никоҳига мустаҳкам пойдевор сола олади»,— деди оила қурганига икки йил бўлган Дениел.

 Унутманг, учрашиш оила қуриш ёки муносабатларга чек қўйиш қарорини чиқаришингизга кўмаклашадиган вақтинчалик жараён. Ушбу мақолалар туркумининг 3-қисмида бу қарорни чиқараётганда нималарни инобатга олишингиз мумкинлиги кўриб чиқилади.