Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Ноз-карашма қилишнинг нимаси ёмон?

Ноз-карашма қилишнинг нимаси ёмон?

 Ноз-карашма нима дегани?

Баъзиларнинг фикрича, ноз-карашма — сиз ёқтирган ўзга жинсдаги инсонда ҳис-туйғуларни уйғотиш учун бирон нима дейиш ёки нимадир қилиш. Кимнидир ёқтиришингизни кўрсатиш нотўғрими? Ҳар доим ҳам эмас. 25 ёшли Анна шундай деб бўлишди: «Учрашишга тайёр бўлсангиз ва кимнидир ёқтирсангиз, у ҳам сизга нисбатан шундай ҳис-туйғуларга эга эканини яна қандай аниқласа бўлади?»

Ушбу мақолада ҳеч қандай жиддий мақсадни кўзламай, бошқалар билан ноз-карашма қилиш мавзуси муҳокама қилинади.

«Ким биландир ишқий муносабатларни ривожлантириш мақсадида унга ўзгача эътибор қаратиш бир нарса. Лекин жиддий мақсадсиз кимнингдир бошини айлантириш ва кейин дабдурустдан буни тўхтатиш бошқа нарса». (Деанна)

 Нега баъзилар бундай қилади?

Баъзилар шунчаки ўзини кўз-кўз қилиш учун ноз-карашма қилади. «Кимнингдир эътиборига тушишингиз мумкин эканини билсангиз, бундан ҳам кўпроғини исташингиз ҳеч гап эмас»,— деб бўлишди Ҳейли.

Ноз-карашма қилиб бировнинг бошини айлантириш, аслида эса ҳеч қандай жиддий мақсадни кўзламаслик, ўша инсоннинг ҳис-туйғуларини топташ демакдир. Бундай йўл тутиш аҳмоқлик. Муқаддас Китобда: «Фаросатсиз аҳмоқликдан завқ олади»,— дейилган. (Ҳикматлар 15:21)

Шу боис, Ҳейли қуйидагича хулоса ясади: «Ноз-карашманинг бошланиши безарар бўлар, аммо охири вой».

 Қандай хавфли томонлари бор?

  • Ноз-карашма обрўйингизга доғ туширади.

    «Ноз-карашма қиладиган одам беқарор ва жиддий эмас. У сиз билан ростгўй эмаслигини ва нимагадир эга бўлмоқчи эканини ҳис этасиз». (Жереми)

    Муқаддас Китобда: «Севги... ўз манфаатини кўзламайди»,— деб айтилган. (1 Коринфликларга 13:4, 5)

    Ўйлаб кўринг: қайси сўзлар ёки хатти-ҳаракатларингиз туфайли ноз-карашма қилувчи деган ном орттиришингиз мумкин?

  • Сиз ноз-карашма қилган инсоннинг қалбини яралайсиз.

    «Ноз-карашма қиладиган одамни учратсам, у билан гаплашгим келмайди. Гўёки қиз бола бўлганим учунгина у мен билан гаплашяпти. Ноз-карашма қиладиган одамларни ҳис-туйғуларим қизиқтирмайди; улар фақат ўзларини хурсанд қилиш ҳақида ўйлайди». (Жаклин)

    Муқаддас Китобда: «Ҳар ким ўзининг эмас, ўзганинг манфаатини кўзласин»,— дейилган. (1 Коринфликларга 10:24)

    Ўйлаб кўринг: кимдир сиз билан ишқий муносабатларни ривожлантирган-у, аммо кейин у шунчаки бошингизни айлантирганини билганмисиз? Агар шундай бўлса, кейин ўзингизни қандай ҳис этгансиз? Бошқаларнинг қалбини шу тарзда яраламаслик учун нима қила оласиз?

  • Ноз-карашма қилиш ҳақиқий севгингизни топишга тўсқинлик қилади.

    «Ноз-карашма қиладиган инсон билан оила қуришни ёки ҳатто учрашишни ким ҳам истайди?! Агар одам ниқоб остида юрса, қай йўсин уни чинакамига билиб олишим ёки унга ишонишим мумкин?» (Оливия)

    Муқаддас Китобда: «Иккиюзламачилардан йироқда юраман»,— деб ёзилган. (Забур 26:4)

    Ўйлаб кўринг: ноз-карашма қиладиган одам кимларни тузоғига туширишни ёқтиради? Сиз унинг ўлжасига айланишни хоҳлармидингиз?