Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Интернетда ўз расмларимни жойлаштириш ҳақида нимани билишим керак?

Интернетда ўз расмларимни жойлаштириш ҳақида нимани билишим керак?

Айтайлик, саёҳатдасиз ва ҳамма дўстларингизга буни билдирмоқчисиз. Хўш, буни қай йўсин қиласиз? Қуйидаги усулларга эътибор беринг:

  1. А) ҳар бирига откритка юборасиз.

  2. Б) электрон почта орқали хат ёзасиз.

  3. В) Интернетда ўз расмларингизни жойлаштирасиз.

Эҳтимол, бобо ва бувингиз фақат А усулидан фойдалангандир.

Ота-онангиз эса Б усулини қўллаган бўлиши мумкин.

Бугунги кунда, агар рухсат берилган бўлса, кўп ёшлар В усулини маъқул деб билади. Сиз ҳам улар қаторидамисиз? Шундай бўлса, бу мақола ёрдамида баъзи тузоқлардан қоча оласиз.

 Қандай фойдаси бор?

Тезкор. «Қизиқарли саёҳатим ёки дўстларим билан ўтказган вақтим ҳақида билдирмоқчи бўлганимда, расмларни дарров Интернетда жойлаштираман». (Мелани)

Қулай. «Электрон почтадан фойдалангандан кўра, дўстларим Интернет орқали жойлаштирган расмларини томоша қилиб, уларнинг ҳаётида нималар бўлаётганини осонликча билиб оламан». (Жордан)

Доим алоқада бўлишга қўл келади. «Баъзи дўстларим ва қариндошларим узоқда яшайди. Улар расмларини тез-тез алмаштириб туришса, уларни худди ҳар куни кўргандай бўламан». (Карен)

 Қандай хавфли томонлари бор?

Ўзингизни хавф остига қўйган бўлишингиз мумкин. Агар фотоаппаратингиз сиз қаерда эканингизни белгилайдиган хусусиятга эга бўлса, қаерда эканингиз маълум бўлади. Бир сайтда шундай ёзилган: «Интернетда айнан қаерда жойлашганингиз ҳақидаги расмларни ёки шунга ўхшаш маълумотни жойлаштирсангиз, ёмон ниятли инсонлар самарали кузатув дастурларини қўллаб, сиз қаерда эканингизни аниқлаши ва бундан фойдаланиб қолиши мумкин». («Digital Trends»)

Албатта, айрим жиноятчиларни сиз уйда эмаслигингиз кўпроқ қизиқтиради. Ўша сайтда ёзилганидай, учта ўғри хонадон эгалари уйда бўлмаганда, 18 та уйни ўмариб кетибди. Улар буни қаердан билибди? Ўғрилар буни Интернет, хусусан, киберкейсинг деб номланадиган дастур орқали билишган. Натижада, улар 100 000 АҚШ доллардан зиёд қийматга тенг келадиган нарсаларни ўғирлаб кетишган.

Номуносиб нарсаларга дуч келиб қолишингиз ҳеч гап эмас. Айримлар ҳамма нарсани очиқ-ойдин кўрсатишдан тап тортмайди. 18 ёшли Сара қуйидагича бўлишди: «Сиз танимаган инсонларнинг саҳифаларида кезиб юрганингизда, муаммо туғилиши мумкин. Бу худди нотаниш шаҳарда харитасиз юришга ўхшайди. Юриб-юриб, охири адашиб қоласиз».

Вақтингиз зое кетади. «Жойлаштирилган сўнгги расмларни кўрганингизда ва ҳар бирига келтирилган шарҳни ўқиганингизда вақт учиб кетганини сезмай қоласиз. Қани, янгиси қўшилдимикин деб, доим телефонингизга қарайверасиз»,— деди 19 яшар Ёланда.

Расмингизни жойлаштирмоқчи бўлганингизда, ўзингизни назорат қилишингиз керак

13 ёшли Саманта бунга қўшилади. У шундай деди: «Ўша сайтларда ўтказаётган вақтимни чегаралашим керак. Расмлар жойлаштирилган саҳифаларни томоша қилаётганда, ўзингизни жуда ҳам назорат қилишингиз лозим».

 Нима қила оласиз?

  • Шубҳали саҳифалардан қочиш қарорингиз қатъий бўлсин. Муқаддас Китобда: «Кўз олдимга ярамас нарсаларни қўймайман»,— деб айтилган. (Забур 101:3)

    «Кирмоқчи бўлган саҳифамга келтирилган шарҳни доим кўздан кечираман, агар у ғалати бўлса, ўша саҳифага кирмайман». (Стивен)

  • Қадриятларингизни назарига илмайдиган кишилар билан алоқа қилмасликка интилинг, чунки улар ахлоқ борасидаги нуқтаи назарингизни бузиши мумкин. Муқаддас Китобда: «Адашманглар. Ёмон одамлар билан мулоқот қилиш яхши хулқни бузади»,— деб ёзилган. (1 Коринфликларга 15:33)

    «Расмлар ҳаммага ёққани учунгина уларни томоша қилишдан эҳтиёт бўлиш керак. Кўпинча, Муқаддас Китобга зид, уятсиз ва қандайдир шубҳали расмларга дуч келиб қоласиз». (Жессика)

  • Саҳифаларни томоша қилишга ва расмларингизни янгилаб туришга кетказаётган вақтни чекланг. Муқаддас Китобда қуйидагича ёзилган: «Қандай йўл тутаётганингизга ўта диққатли бўлиб, нодонлар каби эмас, донолар каби йўл тутинглар. Ҳар фурсатдан унумли фойдаланинглар». (Эфесликларга 5:15, 16)

    «Расм ишқибозларининг саҳифаларига кирмайман. Масалан, биттаси соҳилда ўша-ўша чиғаноқни 20 марта расмга тушириб, саҳифасига жойлаштирган. Ростини айтсам, бу ҳамма расмларни томоша қилиш учун кўп вақт кетади». (Ребека)

  • Жойлаштираётган расмларингиз одамларда бутун дунёнинг эътибори фақат сизда деган таассурот туғилмасин. Муқаддас Китоб ёзувчиси Павлус: «Ҳар бирингизга шундай деяпман: ўз ҳақингизда керагидан ортиқ ўйламанглар»,— деб маслаҳат берган. (Римликларга 12:3) Дўстларингиз сиз ва ишларингиз тасвирланган расмларга маҳлиё бўлади деган фикрга борманг.

    «Айримлар сон-саноқсиз селфи суратларини жойлаштиради. Агар у дўстим бўлса, унинг кўриниши эсимда, буни доим эслатиб туришнинг ҳожати йўқ!» (Эллисон)