Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Уй ишини қандай қилиб тугата оламан?

Уй ишини қандай қилиб тугата оламан?

«Кечаси соат биргача дарс қилиш ҳолдан тойдиради. Шунақанги уйқу босиб юборади». (Дэвид)

«Гоҳида кечаси соат тўрт яримгача уй ишимни қиламан, кейин эса мактабга бориш учун олтида уйғонаман. Уйқуга умуман тўймайман!» (Тереса)

Сиз ҳам ўзингизни уй ишларига кўмилиб кетгандай ҳис қиляпсизми? Ундай бўлса, бу мақола чуқурроқ фикр юритиб кўришингизга қўл келади.

 Нега уй иши берилади?

Уй ишининг фойдаси катта. Мисол учун,..

  • ҳар тарафлама билимингизни оширади

  • масъулиятли бўлишга ўргатади

  • вақтингиздан унумли фойдаланишга кўмаклашади

  • синфда ўрганган мавзуни яхшироқ тушуниб, билганларингизни қўллашга ёрдам беради a

«Устозлар маълумот бир қулоқдан кириб, иккинчисидан чиқиб кетмаслиги ва мағизини чақишимиз учун уй ишини беришади». (Мэри)

Масалан, математика ва физика муаммоларни ҳал қилиш қобилиятингизни ўткирлайди. Мутахассисларнинг айтишича, миямиздаги янги нейрон алоқаларини яратиб, уларни мустаҳкамлайди. Демак, уй иши мия учун худди машқдай.

Уй иши сизга фойда келтираётганини кўрасизми ёки йўқми, уни бажаришни ўрганиш керак, ундан қочиб бўлмайди. Кайфиятингиз тушмасин. Сизга қанча уй иши берилишини назорат қила олмасангиз ҳам, уни камроқ вақт ичида тугата оларсиз. Келинг, буни қандай эплаш мумкинлигини билиб олайлик.

 Дарс қилиш борасидаги маслаҳатлар

Уй ишини қилишга улгурмаётган бўлсангиз, ортиқча кучни бекор кетказишнинг ўрнига, ақлни ишга солинг. Қуйидагиларни қилиб кўринг:

  • 1- маслаҳат. Олдиндан режалаштиринг. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Тиришқоқнинг режалари муваффақият келтиради». (Ҳикматлар 21:5) Дарс қилиш учун барча нарсангиз бўлсин. Шунда, чалғимасдан уларни бажарасиз.

    Қолаверса, диққатингизни жамлашга кўмаклашадиган жой танланг. Баъзилар уйида тинч ва ёруғ хонани танлашади. Бошқалар эса уйда эмас, балки кутубхонага бориб дарс қилишни хуш кўришади.

    «Масалан, нима қилмоқчи эканингизни ҳамда вақтини ён дафтарчага ёзиб қўйиш, вақтингизни зое сарфламасликка ёрдам беради. Улар кўз ўнгингизда бўлса, камроқ ташвишланасиз». (Ричард)

  • 2- маслаҳат. Нима муҳим эканини аниқланг. Муқаддас Китобда: «Ҳамма нарса... тартиб билан бўлсин»,— деб айтилган. (1 Коринфликларга 14:40) Қайси дарсларни биринчи навбатда қилишингизни олдиндан белгиланг.

    Айримларга энг қийин дарслардан бошлаш ёқади, бошқалар эса осонроқ дарслардан бошлашни ёқтиради. Сизга қайси усул тўғри келишини ўйлаб кўринг.

    «Қилмоқчи бўлган нарсаларни ва қайси тартибда уларни бажармоқчи эканингиз борасида рўйхат тузинг. Шунда, ҳаммаси назоратингиз остида эканини ҳис этасиз ва дарслар кўплигидан бош қотирмайсиз». (Хайди)

  • 3- маслаҳат. Ишга тезроқ киришинг. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Ялқов эмас, меҳнатсевар бўлинглар». (Римликларга 12:11) Бошқа бирон нарса қилиш истагингиз қанчалар кучли бўлмасин, уй ишларидан чалғимасликка ҳаракат қилинг.

    Эзмаликка одатланган одам одатда ҳамма нарсани кечикиб ёки тапр-тупур қилади. Натижада, иши чала бўлиб, сифати пасаяди. Дарсларни орқага силтмай, вақтида қилсангиз, кераксиз ташвишлардан қутуласиз.

    «Дарсларни ёки бирон топшириқни мактабдан келгач бажарганимда, камроқ хавотирланардим. Бошқа ишларга ҳам вақтим қоларди». (Серина)

    ЯХШИ ФИКР. Дарсларни ҳар куни бир хил пайтда бажаринг. Бу бора-бора одатга айланиб, янада тартибли бўлишингизга ёрдам беради.

  • 4- маслаҳат. Чалғиманг. Муқаддас Китобда: «Нигоҳинг олдинга боқсин»,— дейилган. (Ҳикматлар 4:25) Уй ишини бажараётганда, бу маслаҳатни қандай қўллай оласиз? Ҳар нарсага, айниқса, электрон қурилмаларга чалғиманг.

    Бир вақтнинг ўзида ҳам Интернетни ёқсангиз, ҳам кимдир билан ёзишсангиз, уй ишига икки баравар кўпроқ вақт сарфлайсиз. Шу боис, яхшиси бутунлайин ишга киришинг. Оқибатда, камроқ асабийлашасиз ва дарсларни ҳам тезроқ битирасиз.

    «Атрофда телефон, видеоўйин, компьютер ва телевизор турганда, қанақасига диққатни жамлай олиш мумкин?! Шунинг учун, телефонимни ва халақит берадиган барча нарсани ўчириб қўяман». (Жоуэл)

  • 5- маслаҳат. Меъёрни билинг. Муқаддас Китобда қуйидагича ёзилган: «Мулоҳазакор эканингиз ҳамма одамларга маълум бўлсин». (Филиппиликларга 4:5) Чарчаб кетмаслик учун танаффуслар қилиб туринг. Масалан, ташқарида айланиб, велосипед ҳайдаб ёки югуриб келинг.

    Борди-ю, барибир дарсларга кўмилиб, улардан бошингиз чиқмай қолгандай туюлса, устозингиз билан гаплашинг. Жон куйдираётганингизни кўриб, эҳтимол у сизга ёрдам берар.

    «Дарслар тинка-мадорингизни қуритишига йўл қўйманг! Қўлингиздан келганини қилинг, лекин меъёрини билинг. Уй иши соғлигингизни хавф остига қўйишга арзийдиган нарса эмас». (Жулия)

Ўзингиздан сўранг:

  • «Уй ишини қилиш учун менга нималар керак?»

  • «Дарсларни қайси пайт қилганим қулайроқ?»

  • «Диққатимни жамлай олиш учун қаерда дарс қилганим яхшироқ?»

  • «Ҳаммасини кейинга қолдириш одатини қандай енга оламан?»

  • «Диққатимни ўқишга қаратишга нима тўсқинлик қиляпти?»

  • «Қандай қилиб электрон қурилмалару бошқа нарсаларга чалғимаслик мумкин?»

  • «Уй иши масаласида меъёрни билишга нима ёрдам беради?»

ЭСЛАТМА. Уй ишини қандай бажариш кераклигини яхши тушунганингизга амин бўлинг. Бирон нарса тушунарсиз бўлса, синфдан кетишдан олдин устоздан ҳаммасини суриштиринг.

a Бу фикрлар Жанна Шумм муаллифи бўлган китобдан олинган. («School Power»)