Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Қай йўсин пулни тўғри сарфлай оламан?

Қай йўсин пулни тўғри сарфлай оламан?

«Яқинда шунчаки айланай, деб бир дўконга киргандим. Кейин қиммат бир нарса билан қайтиб чиқдим. Бошида уни харид қилиш ниятим йўқ эди». (Колин)

Колиннинг айтишича, пулни қандай сарфлашни назорат қилиш у учун муаммо. Сизда ҳам шундайми? Агар шундай бўлса, бу мақола сизга ёрдам бера олади.

 Нима учун пулни қандай сарфлашни назорат қилиш керак?

Нотўғри фикр: пулни қандай сарфлаш ҳақида ташвишланиш эркинлигингизни чеклаб қўяди.

Тўғри фикр: сарф-харажатларингизни назорат қилиш сизни чекламайди, аксинча кўпроқ эркинлик беради. «Пул ҳақида кўпроқ билсангиз, ҳозир ва келажакда бирон нима харид қилиш учун кўпроқ пулингиз бўлади»,— деб айтилган бир китобда. («I’m Broke! The Money Handbook»)

Ўйлаб кўринг: сарф-харажатларингизни назорат қилиб қуйидагиларга эришасиз:

  • Керак бўлганида кўпроқ пулингиз бўлади. «Бир кун келиб Жанубий Америкага саёҳат қилмоқчиман. Пул йиққанимда, буни ёдда тутишга ҳаракат қиламан»,— деди 19 ёшли Энез.

  • Камроқ қарз оласиз (ёки умуман қарзингиз бўлмайди). Муқаддас Китобда: «Қарздор қарз берувчига қул бўлади»,— дейилган. (Ҳикматлар 22:7) 25 ёшли Анна шундай деди: «Қарз ҳаётингизни бошқаради. Қарзингиз бўлмаса эса, диққатингизни мақсадларингизга қарата оласиз».

  • Етук инсон эканингизни кўрсатасиз. Сарф-харажатларини назорат қила оладиган одамлар катта ҳаётга яхши тайёрланган бўлади. «Мустақил ҳаётга тайёрланиш яхши. Пулга нисбатан масъулиятли бўлишни ўрганмоқчиман. Натижада кейин ҳам шундай бўла оламан»,— деб айтди ёши 20 да бўлган Жин.

Хулоса: бир китобда қуйидаги фикр келтирилган: «Сарф-харажатларингизни назорат қилишни ўрганиш мустақил ҳаётга қўядиган илк қадамингиздир. Пулдан тўғри фойдаланиш ажойиб қобилият бўлиб, бутун умр асқатади». («The Complete Guide to Personal Finance: For Teenagers and College Students»)

 Буни қандай қилса бўлади?

Заиф томонларингизни билинг. Пулингиз доим тугаб қолаётган бўлса, уларни қаерга сарфлаётганингиз тўғрисида ўйлаб кўринг. Баъзилар учун онлайн дўконлар катта тузоқ. Яна бошқалар учун пулни мунтазам равишда кичик миқдорда сарфлаб, ой охирида бир тийинсиз қолиш муаммо.

«Ҳар куни оз-оздан сарфласангиз, пул тугаб қолади. Бир-иккита кичик совғалар, қаҳва, дўконда чегирмалар пайтида у ё буни сотиб олиш ва қарабсизки, 100 доллар кетди, кейин пулим қаерга кетди, деб бош қотириб ўтираман!» (Хале)

Бюджет тузинг. Муқаддас Китобда: «Тиришқоқнинг режалари муваффақият келтиради»,— дейилган. (Ҳикматлар 21:5) Режа тузиб, чиқимингиз киримингиздан ошиб кетмаётганига ишонч ҳосил қила оласиз.

«Чиқимингиз киримингиздан ошиб кетса, пулни қаерга сарфлаётганингиз ҳақида ўйлаб кўринг ва кераксиз сарф-харажатларни қисқартиринг. Киримингиз чиқимингиздан ошмагунча харажатларингизни камайтиринг». (Даниелла)

Амал қилинг. Тузоққа тушмай кераксиз нарсани харид қилмаслик учун бир нечта қадам қўя оласиз. Баъзи ёшлар қуйидагиларга амал қилиб, муваффақиятга эришди:

  • «Одатда пулимни банкка қўяман, чунки шунда васвасага камроқ тушаман». (Дейвид)

  • «Дўконга борганимда муайян миқдорда пул оламан. Шунда режа қилганимдан кўп ишлатмайман». (Эллен)

  • «Бирон нимани сотиб олиш борасида қанча кўп ўйласам, унга муҳтож эмаслигимни шунча кўп тушунаман». (Жесия)

  • «Ҳамма ўтиришларга боришим шарт эмас. Имконим бўлмаса, йўқ дейиш кифоя». (Женнифер)

Хулоса. Пулни тўғри сарфлаш жиддий масъулият. Юқорида тилга олинган Колин буни тушунди. «Бир кун келиб оила боши бўламан. Демак, пулни ҳавога совурмаслигим керак. Ҳозирданоқ пулни тўғри сарфлай олмасам, оилали бўлганимда, нима бўлади?!» — деб айтди Колин.

Маслаҳат. «Бюджетингизни қандай тузганингизни ким биландир бўлишинг ва ундан текшириб туришини илтимос қилинг. Ҳисоб-китобли бўлиш асқатади!» (Ванесса)