Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Қай йўсин ташвишлар билан кураша оламан?

Қай йўсин ташвишлар билан кураша оламан?

 Сизни нима ташвишга солади?

Қуйидаги фикрлар сизнинг ҳам туйғуларингизни акс эттирадими?

«Мен доим шундай, деб ўйлаб қоламан: “Мабодо... юз берса-чи?” “Мабодо автоҳалокатга учрасак-чи?” “Мабодо самолётимиз қулаб тушса-чи?” Мулоҳазакор киши ортиқча ташвишланмайдиган нарсалар борасида ҳадеб хавотирланавераман». (Чарлз)

«Мен нуқул ташвишланаман. Ўзимни ғилдирак ичида югураётган олмахондай ҳис қиламан. Тиним билмай ўз устимда ишласам-да, ҳеч нарсага эришолмаяпман». (Анна)

«Одамлар: “Сен ҳалиям мактабда ўқийсан, қандай маза”,— деб айтишганида, хаёлимдан “Мактаб ҳиссан қанчалик чарчатишини билганларида эди!” деган фикр ўтади». (Дэниел)

«Ҳар доим ўзимни босим остида бўлгандай ҳис қиламан. Юз бериши керак бўлган воқеа ёки қилишим керак бўлган кейинги иш тўғрисида хавотирланавераман». (Лаура)

Факт. Биз Муқаддас Китобда «ниҳоятда оғир вақтлар» деб аталган даврда яшаяпмиз. (2 Тимўтийга 3:1) Шу боис, ташвишлар катталар билан бир қаторда, ёшларга ҳам таъсир қилади.

 Ташвишланиш доим ҳам ёмонми?

Йўқ. Зеро, Муқаддас Китобда инсон севимли кишиларини мамнун қилиш ҳақида қайғуриши ўринли экани тўғрисида айтилган. (1 Коринфликларга 7:32–34; 2 Коринфликларга 11:28)

Шуни ҳам тан олиш керакки, ташвишланиш одамни ҳаракатга ундайдиган кучли туртки бўлиши мумкин. Айтайлик, келаси ҳафта мактабингизда назорат иши бор. Ташвишланиш сизни ҳафта давомида ўқишга ундаши, бу эса яхши баҳо олишингизга кўмаклашиши мумкин.

Меъёрида хавотирланиш сизни хавфдан огоҳлантириши мумкин. «Нотўғри иш қилаётганингизни англаганингизда, хавотирланарсиз. Бу туфайли виждонингизни тоза сақлаш учун ўзгаришлар қилишингиз кераклигини тушунасиз»,— дейди Серена исмли ўсмир қиз. (Ёқуб 5:14 ни солиштиринг.)

Факт. Ташвишланиш сизни тўғри йўл тутишга ундасагина, бу сизга фойда келтириши мумкин.

Аммо хавотирлар дастидан салбий фикрларга берилиб, лабиринтга кириб қолгандай бўлсангиз-чи?

Хавотирлар дастидан ўзингизни лабиринтга кириб қолгандай ҳис қиларсиз, лекин вазиятга бошқа томондан қарай оладиган киши сизга у ердан чиқиш йўлини кўрсатиши мумкин

Мисол. «Қийин вазият билан тўқнашганимда, у қандай оқибатларга олиб келишини ўйлаб ташвишланаман,— деб бўлишди 19 яшар Ричард.— Вазиятни хаёлимдан қайта-қайта ўтказиб ваҳимага тушаман».

Муқаддас Китобда: «Хотиржам юрак танага ҳаёт бахш этади»,— деб ёзилган. (Ҳикматлар 14:30) Ташвишланиш эса кўпгина соғлиқ муаммоларига, жумладан, бош оғриғи ё айланиши, ошқозон фаолиятининг бузилиши ва юрак уришининг тезлашишига сабаб бўлиши мумкин.

Ташвишланиш сизга фойда эмас, зарар келтираётган бўлса-чи, нима қила оласиз?

 Нима қила оласиз?

  • Ўзингиздан: «Хавотирим ўринлими?» — деб сўранг. «Масъулиятларингиз борасида ташвишланиш бир нарса, ҳаддан ортиқ хавотирланиш эса бошқа нарса. Бу менга ташвишланиш тебранадиган креслога ўхшайди, деган фикрни эслатади. Унда ҳаракат қиласиз-у, лекин ҳеч қаерга силжимайсиз». (Кэтрин)

    Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Сизлардан ким ташвишланиб, ўз умрини бир лаҳзага бўлса-да, узайтира олади?» (Матто 6:27)

    Бу нимани англатади? Ташвишланиб муаммонинг ечимини топмасангиз, бу қўшимча муаммо туғдириши ёки ташвишланишнинг ўзи сиз учун муаммога айланиши мумкин.

  • Эртанги кун учун ташвишланманг. «Бир ўйлаб кўринг: сиз ташвишланаётган нарса эртага, бир ой, бир йил ёки беш йилдан кейин аҳамиятга эга бўладими?». (Энтони)

    Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Зинҳор эртанги кун учун ташвишланманглар, чунки эртанги куннинг ўз ташвишлари бўлади. Ҳар бир куннинг ўзига яраша муаммолари бор». (Матто 6:34)

    Бу нимани англатади? Эртанги муаммолар ҳақида ташвишланиш бефойда. Чунки улардан баъзилари ҳатто юз бермаслиги мумкин.

  • Вазиятни ўзгартира олмас экансиз, унга мослашинг. «Сиз қила оладиган энг яхши нарса — дуч келишингиз мумкин бўлган вазиятларга тайёр туриш. Аммо шуни тан олингки, баъзи вазиятларни назорат қила олмайсиз». (Роберт)

    Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Доим ҳам ютуқ тез югурганга,.. муваффақият эса билимлига насиб этавермас экан. Сабаби, уларнинг бари вақт ва тасодифга дуч келади». (Воиз 9:11)

    Бу нимани англатади? Баъзан вазиятингизни ўзгартира олмайсиз, бироқ унга нисбатан нуқтаи назарингизни ўзгартира оласиз.

  • Муаммоингизга бошқа томондан қаранг. «Вазиятни тўлиқ тушунишга ҳаракат қилишим ҳамда майда тафсилотларга эътибор бермаслигим кераклигини англадим. Нима муҳимроқ эканини аниқлашим ва кучимни ўша нарсаларга сарфлашим керак». (Алексис)

    Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқланглар». (Филиппиликларга 1:10)

    Бу нимани англатади? Ташвишларига кенгроқ қарай оладиган одамлар уларга берилиб кетишмайди.

  • Бирор киши билан бўлишинг. «Олтинчи синфда ўқиб юрган пайтларим, уйга мактабдан эртанги кун ҳақида роса ташвишланиб, қўрқиб келардим. Ота-онам билан кечинмаларимни бўлишганимда улар мени диққат ила тинглашарди. Яхшиямки, улар ёнимда эди. Уларга ишониб, бемалол суҳбатлаша олардим. Бу менга келаси кунни қарши олишимга ёрдам берарди». (Марилин)

    Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ғам-ташвиш одамнинг қалбини эзади, яхши сўз эса кўнглини кўтаради». (Ҳикматлар 12:25)

    Бу нимани англатади? Ота-онангиз ёки дўстингиз қай йўсин ташвишларингизни камайтириш ҳақида амалий маслаҳатлар бериши мумкин.

  • Ибодат қилинг. «Ўзимни эшита олишим учун овоз чиқариб ибодат қиламан ва бу менга ёрдам беради. Бу туфайли мени ташвишлантираётган нарсаларни ичимда сақламасдан, овоз чиқариб айта оламан. Шунингдек, бу Яҳова ташвишларимдан устунроқ эканини тушунишимга кўмаклашади». (Лаура)

    Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Барча ғам-ташвишларингизни [Худога] ташланглар, чунки У сизларга ғамхўрлик қилади». (1 Бутрус 5:7)

    Бу нимани англатади? Ибодат шунчаки тинчлантирувчи восита эмас, балки қуйидаги ваъдани берган Яҳова билан жонли мулоқотдир: «Даҳшатга тушма, Мен сенинг Худойингман. Сенга куч ато этаман, ёрдам бераман». (Ишаё 41:10)