Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Нега менинг дўстларим йўқ?

Нега менинг дўстларим йўқ?

Сиз ижтимоий тармоқда ўтирибсиз ва яқинда бўлган ўтиришда олинган расмларни томоша қиляпсиз. Барча дўстларингиз ўша ерда бўлган ва вақтни зўр ўтказишган. Лекин расмда нимадир етишмаяпти. Аниқроғи кимдир, яъни сиз етишмаяпсиз!

«Нега мени чақиришмади?» — деб ҳайронсиз.

Қизиқишингиз аламга айланади. Ўзингизни хиёнатга учрагандай ҳис этасиз. Барча дўстларингиз билан бўлган муносабатингиз қумдан қурилган қасрдек бузилиб кетгандай бўлади. Ёлғизлик сизни қамраб олади ва ўзингиздан: «Нега менинг дўстларим йўқ?» — деб сўрайсиз.

 Ёлғизликка оид тест

Тўғри ё нотўғри

  1. Дўстларингиз кўп бўлса асло ёлғизликни ҳис қилмайсиз.

  2. Ижтимоий тармоқлардан фойдалансангиз асло ёлғизликни ҳис қилмайсиз.

  3. Кўплаб СМС хабарлар юборсангиз асло ёлғизликни ҳис қилмайсиз.

  4. Бошқалар учун нимадир қилсангиз асло ёлғизликни ҳис қилмайсиз.

Буларнинг тўрталаси ҳам нотўғри.

Нега?

 Дўстлик ва ёлғизлик ҳақида фактлар

  • Дўстларингиз кўплиги ёлғизликни асло ҳис қилмаслигингизга кафолат эмас.

    «Мен доим дўстларим учун қайғураман, лекин баъзан улар мен учун қайғурмайдигандай туюлади. Атрофингиз тўла дўстларингиз бўлса-ю, улар сизни яхши кўрмайдигандай ёки сизга бефарқдай туюлса, ўзингизни ниҳоятда ёлғиз сезасиз». (Анна)

  • Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ёлғизликни асло ҳис қилмаслигингизга кафолат эмас.

    «Айримлар учун дўст орттириш — ҳайкалчаларни коллекция қилишдай гап. Аммо ҳеч ким ҳайкалчаларга тўла хонада ўзини севимли ҳис қилмайди. Агар ким биландир чинакам муносабатларингиз бўлмаса, онлайн дўстларнинг жонсиз ҳайкалчалардан ҳечам фарқи йўқ». (Элайн)

  • Кўплаб СМС хабарлар юбориш ёлғизликни асло ҳис қилмаслигингизга кафолат эмас.

    «Ўзингизни ёлғиз ҳис қилган пайтларда, бирорта дўстим СМС юбормадимикин, деб телефонингизга қарайверасиз. Шундоқ ҳам ўзингизни ёлғиз сезаётган бўласиз ва ҳеч ким сиз билан боғланишга ҳаракат қилмаётганини англаб, ўзингизни янаям баттар ҳис этасиз!» (Серена)

  • Бошқалар учун нимадир қилиш ёлғизликни асло ҳис қилмаслигингизга кафолат эмас.

    «Мен доим дўстларимга нисбатан сахий бўлишга интиламан, бироқ улар менга нисбатан бундай қилмаслигини пайқадим. Уларга сахийликни намоён этганимдан афсусланмайман, лекин улар яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтармаслиги бироз ғалати туюлади». (Ричард)

Хулоса. Ёлғизлик энг аввало инсоннинг фикрлаш тарзи билан боғлиқ. «Ёлғизлик ташқаридан келмайди, одамнинг ичидан чиқади»,— дейди Жанетт исмли бир қиз.

Ўзингизни дўстларингиз йўқдай ва ёлғиз ҳис этсангиз нима қилсангиз бўлади?

 Курашда қандай енгиб чиқа оласиз?

Ўзингизга бўлган ишончни оширинг.

«Ёлғизлик ўзига бўлган ишончсизликдан келиб чиқиши мумкин. Ўзингизни бошқаларнинг эътиборига нолойиқ, деб ҳисобласангиз, дўст орттириш қийин бўлади». (Жанетт)

Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Яқинингизни ўзингизни севгандек севинг». (Галатияликларга 5:14) Соғлом дўстона муносабатлардан баҳра олиш учун ўзимизни муайян даражада ҳурмат қилишимиз, бироқ манманликка берилиб кетмаслигимиз лозим. (Галатияликларга 6:3, 4)

Ўзингизга ачинишдан қочинг.

«Ёлғизлик ботқоққа ўхшайди. Унга ботганингиз сайин чиқиш қийин бўлади. У онгингизни қамраб олишига йўл қўйсангиз, тез орада ўзингизни ўзингиз еб битирасиз». (Эрин)

Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Севги... ўз манфаатини кўзламайди». (1 Коринфликларга 13:4, 5) Чиндан ҳам бутун диққатимизни ўзимизга қаратсак, бошқаларга ҳамдардлик кўрсата олмаймиз ва дўст топишимиз қийинроқ бўлади. (2 Коринфликларга 12:15) Ҳақиқатга тик боқайлик: ўз муваффақиятингизни бошқаларнинг ҳаракатлари билан ўлчасангиз, мағлубиятга учрашингиз аниқ! Ҳа, «Менга ҳеч ким қўнғироқ қилмайди» ва «Ҳеч ким мени ҳеч қаерга таклиф қилмайди» каби гапларни айтиш билан ўз бахтингизни бошқаларнинг қўлига топширган бўласиз. Бахтингизни уларга боғлаб қўйишингиз тўғри бўлармикин?

Дуч келган одам билан дўстлашиб кетаверманг.

«Ўзини ёлғиз ҳис қилаётган одамлар эътибор хоҳлайди ва бу истак кучайгани сари эътиборни ким кўрсатиши улар учун аҳамиятсиз бўлиб қолади. Улар ўзларини керакли ҳис қилишни истайди. Аммо баъзи одамлар аввалига ўзингизни кераклидай ҳис этишингизга ёрдам бериб, кейин сиздан фойдаланади. Бу туфайли ўзингизни янада ёлғиз ҳис қиласиз». (Брианна)

Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Доно билан юрган доно бўлади, нодонга шерик бўлган эса азият чекади». (Ҳикматлар 13:20) Қорни қаттиқ очиб кетган одам дуч келган нарсани еб қўйиши мумкин. Шу сингари дўстлари бўлишини қаттиқ истаётганлар ҳам ёмон жойларда дўст излаши мумкин. Улар бировларнинг қўлида қўғирчоқ бўлиб, бу табиий ҳол ва ортиғини кутмаслик керак, деб ўйлаши ҳеч гап эмас.

Хотима. Баъзан ҳамма ҳам ўзини ёлғиз ҳис қилади; айримларда бу туйғу кучлироқ бўлади. Тўғри ёлғизлик ҳисси одамнинг тинкасини қуритиши мумкин, аммо қандай бўлмасин бу шунчаки туйғу. Туйғулар фикрларимиз асосида пайдо бўлади, фикрларимизни эса назорат қила оламиз.

Шунингдек, бошқалардан ниманидир кутиш борасида реалист бўлинг. Юқорида сўзлари келтирилган Жанетт шундай дейди: «Ҳар ким ҳам бир умрга энг яқин дўстингиз бўлиб қолавермайди, бироқ сизга ғамхўрлик қиладиган одамни топишингиз мумкин. Бундай ғамхўрлик ўзингизни ёлғиз ҳис қилмаслик учун етарли».

Кўпроқ маълумот олиш учун « Дўстлик борасидаги қўрқувларни енгиш» номли рамкани ўқинг. Шунингдек, «Ёлғизликни енгиш» деган ўқув дафтарини PDF форматда юклаб олинг.