Юҳанно баён этган хушхабар 13:1–38

  • Исо шогирдларининг оёқларини ювади (1–20)

  • Исо Яҳудонинг хоин эканини ошкор этади (21–30)

  • Янги амр (31–35)

    • «Орангизда меҳр-муҳаббат бўлса» (35)

  • Бутрус Исодан тониши башорат қилинади (36–38)

13  Бу дунёдан Отаси ёнига ўтиш+ пайти келганини Исо Фисиҳ байрамидан олдин биларди+. Дунёда бўлган издошларини у севарди ва уларни охиригача севди+.  Кечки овқат пайти эди. Иблис аллақачон Симун ўғли Яҳудо Ишқариётнинг дилига Исога хиёнат қилиш+ ниятини солиб қўйган эди+.  Исо эса Отаси ҳамма нарсани унинг қўлига топширганини, Аллоҳдан келганини ва Аллоҳнинг ёнига боришини биларди+.  Овқат пайтида у ўрнидан туриб, устки кийимини ечди-да, сочиқни олиб белига боғлади+.  Шундан сўнг Исо тоғорага сув қуйиб, шогирдларининг оёқларини юва бошлади. Кейин белига боғланган сочиқ билан уларнинг оёқларини артди.  Симун Бутруснинг навбати етганда, у Исога: «Ҳазрат, наҳот оёқларимни сиз ювсангиз?!» — деди.  Исо унга жавобан айтди: «Ҳозир нима қилаётганимни сиз тушунмаяпсиз, фақат кейин тушунасиз».  Бутрус бўлса: «Асло менинг оёқларимни ювмайсиз!» — деб эътироз билдирди. Исо унга: «Агар ювмасам+, мен билан улушингиз бўлмайди»,— деб айтди.  Шунда Симун Бутрус унга қарата: «Ҳазрат, унда нафақат оёқларимни, қўлларимни ҳам, бошимни ҳам ювиб қўйинг»,— деди. 10  «Чўмилган кишининг оёқларини ювиш етарли, чунки унинг бутун бадани покдир. Сизлар поксиз, аммо ҳаммангиз эмас»,— деди унга Исо. 11  Исо ким унга хиёнат қилишини биларди+, шунинг учун: «Ҳаммангиз ҳам пок эмассиз»,— деди. 12  Уларнинг оёқларини ювгач, Исо устки кийимини кийиб, яна хонтахта олдида ёнбошлади-да, улардан сўради: «Мен нима қилганимни англадингизми? 13  Сизлар мени “Устоз”, “Ҳазрат” деб атайсизлар ва бу тўғри, мен ўшаман+. 14  Демак, агар мен Ҳазрат ва Устоз бўла туриб оёқларингизни ювган бўлсам+, унда сизлар ҳам бир-бирингизнинг оёқларингизни ювишга бурчлисиз+. 15  Мен сизларга нима қилган бўлсам, сизлар ҳам шундай қилинглар дея ўрнак кўрсатдим+. 16  Ишонаверинг, қул ўз хўжайинидан буюк эмас, элчи ҳам уни юборгандан буюк эмас. 17  Булардан хабардор экансиз, уларга риоя қилсангиз, бахтиёр бўласиз+. 18  Буларни барчангиз ҳақда айтаётганим йўқ. Мен ўзим танлаган кишиларни танийман. Аммо шу йўсин Муқаддас Ёзувлардаги: “Нон-тузимни тотган киши менга қарши товонини кўтарди*+”,— деб айтилгани бажо бўлиши керак+. 19  Ушбу воқеалар юз беришидан аввал буларни сизларга айтяпман, токи бу ҳодисалар рўй берганда, мен ўша эканлигимга ишонинглар+. 20  Ишонаверинг, мен юборган ҳар кимсани қабул қилган, мени ҳам қабул қилган бўлади+. Мени қабул қилган эса мени Юборганни ҳам қабул қилган бўлади»+. 21  Бу сўзларидан сўнг Исо чуқур хўрсинди-да, шундай деди: «Ишонаверинг, орангиздан бир киши менга хиёнат қилади»+. 22  Шогирдлари бўлса, у ким ҳақида гапираётганини тушунмай, бир-бирига қарай бошлади+. 23  Исонинг севимли шогирди+ унинг ёнида* ёнбошлаган эди. 24  Симун Бутрус унга бош ирғаб сўради: «Айт-чи, у ўзи ким тўғрисида гапиряпти?» 25  У бўлса Исонинг кўксига яқинроқ энгашиб: «Ҳазрат, у ким?»+ — дея савол берди. 26  Исо жавобан айтди: «Бурда нонни косага ботириб кимга берсам, у ўшадир»+. У нонни косага ботириб, Симун ўғли Яҳудо Ишқариётга узатди. 27  Яҳудо бурдани олган заҳотиёқ унинг ичига Шайтон кирди+. Исо Яҳудога: «Қиладиганингизни тезроқ қилинг»,— деди. 28  Аммо хонтахта атрофида ёнбошлаганлардан ҳеч бири Исо нега бу сўзларни айтганини билмасди. 29  Яҳудонинг қўлида пул қутиси бўлгани учун+, айримлар Исо унга: «Байрам учун зарур нарсаларни сотиб олинг» ёки «камбағалларга бирор нима беринг»,— деб айтяпти, деган хаёлга боришди. 30  Бурдани олгач, у тезда ташқарига чиқди. Қоронғи тушган эди+. 31  У чиқиб кетгач, Исо бундай деди: «Энди Инсон Ўғли улуғланяпти+ ва Худо ҳам у орқали улуғланмоқда. 32  Худонинг Ўзи уни улуғлайди+. Ҳа, уни тез орада улуғлайди. 33  Севикли болаларим, мен яна бир оз сизлар билан бўламан. Мени излайсизлар, аммо яҳудийларга айтганимдек, сизларга ҳам айтяпман: “Мен бораётган жойга сизлар боролмайсизлар”+. 34  Мен сизларга янги амр беряпман: бир-бирингизни севинглар. Мен сизларни севганимдек+, сизлар ҳам бир-бирингизни севинглар+. 35  Агар орангизда меҳр-муҳаббат бўлса, сизлар менинг шогирдларим эканингизни барча билиб олади»+. 36  Шунда Симун Бутрус ундан сўради: «Ҳазрат, қаерга кетяпсиз?» Исо унга: «Мен бораётган жойга сиз ҳозир боролмайсиз, кейинроқ борасиз»+,— деб жавоб берди. 37  Бутрус бўлса унга: «Ҳазрат, нега ҳозир орқангиздан боролмас эканман? Мен сиз учун жонимни* ҳам беришга тайёрман»+,— деди. 38  Исо унга жавобан айтди: «Жонингизни* беришга тайёрмисиз? Ишонаверинг, хўроз қичқирмасданоқ сиз мендан уч марта тонасиз»+.

Изоҳлар

Ёки «менга қарши чиқди».
Ёки «бағри томон».
Ёки «ҳаётимни».
Ёки «Ҳаётингизни».