Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Сўзбоши

Муқаддас Китоб Худонинг биз инсонларга ёзган каломидир. Бу китобнинг Муаллифини таниб-билиш учун уни ўқиб тадқиқ қилишимиз керак. (Юҳанно 17:3; 2 Тимўтийга 3:16) Унинг саҳифаларида Тангри Яҳова инсонларга ҳамда уларнинг уйи бўлмиш ерга нисбатан Ўз ниятини ошкор этмоқда. (Ибтидо 3:15; Ваҳий 21:3, 4)

Бошқа ҳеч бир китоб одамларнинг ҳаётига бунчалик катта таъсир қилмаган. Муқаддас Китоб Яҳованинг севги, раҳм-шафқат ва меҳр-шафқат сингари фазилатларини намоён этишга бизни чорламоқда. Бу китоб инсонларга умид бахш этиб, ҳатто қийин дамларни бошдан кечиришга кўмаклашади. Муқаддас Китоб Худонинг комил иродасига зид бўлган бу дунёнинг ишларини фош этиб келмоқда. (Забур 119:105; Ибронийларга 4:12; 1 Юҳанно 2:15–17)

Муқаддас Китоб аслида иброний, оромий ва юнон тилларида ёзилиб, қисман ёки тўлиқ тахминан 3 000 дан ошиқ тилга таржима қилинган. Бу тарихдаги энг кўп тилларга ўгирилган ва кенг тарқалган китоб ҳисобланади. Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Чунки Муқаддас Китобда шундай башорат бор: «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар [Муқаддас Китобдаги асосий хабар] ҳамма халқларга шаҳодат берилиши учун бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади. Ана ўшандагина охират бўлади». (Матто 24:14)

Муқаддас Китобдаги хабарнинг муҳимлигини тушунган ҳолда, биз нафақат асл матннинг маъносини тўғри етказиб беришни, балки аниқ ва ўқишга осон бўлган таржимани тайёрлашни ўзимизга мақсад қилиб қўйдик. Ушбу китобнинг иловасидаги «Муқаддас Китоб таржимаси принциплари», «Бу нашрнинг хусусиятлари» ва «Муқаддас Китоб қандай сақланиб қолди?» номли мавзуларда таржима пайтида риоя қилинган айрим принциплар ва бу нашрнинг хусусиятлари тушунтирилган.

Аллоҳ Яҳовани севадиган ва Унга топинадиган инсонлар Худо Каломининг аниқ ва тушунарли таржимасини ўқишни исташади. (1 Тимўтийга 2:4) Бизнинг мақсадимиз «Янги дунё таржимаси»ни имкон қадар кўпроқ тилларга ўгиришдан иборат. Мана шунинг учун бу нашр ўзбек тилида ҳам дунё юзини кўрди. Азиз китобхон, Муқаддас Ёзувларнинг ушбу нашри Худони «астойдил излаб топиш»да сизга фойдали бўлишига умидвормиз ва бу учун ибодат қиламиз. (Ҳаворийлар 17:27)

«Янги дунё таржимаси» қўмитаси

Август 2013