Чиқиш 6:1–30

  • Озодлик ҳақидаги ваъда такрорланади (1–13)

    • «Яҳова деган исмимни уларга тўлиқ ошкор этмаган эдим» (2, 3)

  • Мусо ва Ҳоруннинг насабномаси (14–27)

  • Мусо яна фиръавн ҳузурига киради (28–30)

6  Шунда Яҳова Мусога: «Фиръавн билан нима қилишимни энди кўрасан+. Қудратли қўлим билан халқимни қўйиб юборишга, ҳатто ўз юртидан ҳайдаб чиқаришга уни мажбур қиламан»+,— деди.  Кейин Худо Мусога яна шуларни айтди: «Мен Яҳоваман.  Мен Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубга Қодир Тангри сифатида зоҳир бўлгандим+, аммо Яҳова деган исмимни+ уларга тўлиқ ошкор этмаган эдим+.  Уларга ўзлари мусофир бўлиб яшаган Канъон юртини бераман, деб улар билан аҳдлашган эдим+.  Ўша аҳдим ёдимда+. Мисрликлар қул қилиб олган Исроил халқининг фарёдини эшитяпман.  Шу боис, Исроил халқига шундай деб айт: “Мен Яҳоваман, сизларни мисрликларнинг жабру зулмидан халос этиб, қулликдан озод қиламан+. Миср юрти устидан буюк ҳукмларимни амалга ошириб, сизларни қудратли қўлим билан қутқариб оламан+.  Мен сизларни Ўзимнинг халқим қилиб, Худойингиз бўламан+. Ўшанда сизларни мисрликларнинг жабру зулмидан озод этган Мен, Тангрингиз Яҳова эканимни билиб оласизлар.  Мен Иброҳимга, Исҳоққа ва Ёқубга қасам ичиб*, ваъда қилган юртни сизларга бераман ва сизлар у юртга эгалик қиласизлар+. Мен Яҳоваман”+».  Мусо эса бу хабарни Исроил халқига етказди, бироқ улар тушкун аҳволда бўлишгани учун ва қуллик машаққати дастидан Мусонинг гапларига қулоқ солишмади+. 10  Шунда Яҳова Мусога: 11  «Миср шоҳига, фиръавнга бориб айт, исроилликларни ўз юртидан қўйиб юборсин»,— деди. 12  Бироқ Мусо Яҳовага жавобан: «Исроил халқи менга қулоқ солмаяпти-ю+, фиръавн менга қулоқ солармиди? Ахир мен гапиришга қийналаман-ку»+,— деб айтди. 13  Лекин Яҳова Исроил халқини Миср юртидан олиб чиқиш учун Мусо ва Ҳорун билан гаплашиб, улар орқали Миср шоҳи, яъни фиръавнга ҳамда Исроил халқига буйруқлар бериб турди. 14  Уларнинг қабила бошлари қуйидагилар: Исроилнинг тўнғичи бўлмиш Рубеннинг+ ўғиллари: Ханўх, Паллув, Хазрон ва Карми+. Булар Рубеннинг авлодларидир. 15  Шимўннинг ўғиллари: Ямувол, Ёмин, Охад, Ёхин, Зўхар ва канъонлик аёлдан туғилган Шовул+. Булар Шимўннинг авлодларидир. 16  Леви+ ўғилларининг исмлари шундай: Гершон, Қоҳот ва Марори+. Улардан уларнинг насллари келиб чиққан. Леви 137 йил умр кўрган. 17  Гершоннинг ўғиллари: Лубнах билан Шимей. Улардан уларнинг насллари келиб чиққан+. 18  Қоҳотнинг ўғиллари: Имром, Изхор, Хеврон ҳамда Узиёл+. Қоҳот 133 йил яшаган. 19  Марорининг ўғиллари: Махли билан Муши. Левининг ўғилларидан келиб чиққан авлодларнинг насабномаси шулардан иборатдир+. 20  Имром отасининг синглиси Йўхавадни хотинликка олди+. Йўхавад унга Ҳорун билан Мусони туғиб берди+. Имром 137 йил умр кечирди. 21  Изхорнинг ўғиллари: Кўрах+, Нафах ва Зихри. 22  Узиёлнинг ўғиллари: Мишаил, Элизофон+ ҳамда Ситри. 23  Ҳорун Оминадовнинг қизи, Нахшўннинг+ синглиси Элишбани хотинликка олди. Элишба унга Надов, Абиҳу, Элазар ва Итамарни+ туғиб берди. 24  Кўрахнинг ўғиллари: Асир, Элқана ва Абуасаф+. Улардан Кўрах уруғининг авлодлари келиб чиққан+. 25  Ҳоруннинг ўғли Элазар+ Путиёлнинг қизларидан бирини хотинликка олди. У Элазарга Финхазни+ туғиб берди. Леви ўғилларидан келиб чиққан хонадон бошлари шулардан иборат+. 26  Бу насабномага Ҳорун билан Мусо ҳам киради. Яҳова уларга: «Исроил халқини Миср юртидан гуруҳ-гуруҳ қилиб* олиб чиқинглар»+,— деб айтган. 27  Ўша Мусо билан Ҳорун Исроил халқини Мисрдан олиб чиқиш учун Миср шоҳи, яъни фиръавн билан гаплашишган+. 28  Яҳова Мусо билан Миср юртида гаплашган куни, 29  Яҳова унга: «Мен Яҳоваман. Менинг ҳамма гапларимни Миср шоҳига, фиръавнга айт»,— деди. 30  Лекин Мусо Яҳовага: «Ахир мен гапиришга қийналаман-ку. Фиръавн менга қулоқ солармиди?»+ — деб айтди.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «қўлимни кўтариб».
Сўзма-сўз «қўшинлари бўйича».