Чиқиш 20:1–26

  • Ўнта амр (1–17)

  • Исроил халқи кўрганларидан қўрқиб кетади (18–21)

  • Топиниш борасида йўл-йўриқлар (22–26)

20  Кейин Худо мана бу сўзларни айтди+:  «Мен сизларни Мисрдан, сизлар қулликда бўлган юртдан* олиб чиққан Тангрингиз Яҳоваман+.  Мендан ўзга худоларингиз бўлмасин+.  Ўзингиз учун на осмонда, на ерда, на сувларда мавжуд бўлган ҳеч бир нарсанинг ўйма тасвири ёки шаклини ясаманглар+.  Уларга сажда ва хизмат қилманглар+. Чунки Мен, Худойингиз Яҳова мутлақ садоқатни талаб қиладиган Тангриман+. Мендан нафратланган оталарнинг гуноҳи оқибатларини уларнинг ўғиллари, неваралари ва эваралари бошдан кечиришига йўл қўяман;  лекин Мени севиб, амрларимга амал қилганларнинг минг-минг авлодларига меҳр-садоқатимни намоён этаман+.  Аллоҳингиз Яҳованинг исмини ноўрин тарзда тилга олманглар+, чунки Яҳова Унинг исмини ноўрин тарзда тилга олган кишини жазосиз қолдирмайди+.  Шаббат куни муқаддас эканини ёдингизда тутинглар+.  Олти кун меҳнат қилиб, ишларингизни шу кунлар ичида бажаринглар+. 10  Аммо еттинчи кун Тангрингиз Яҳовага аталган Шаббат бўлади. На ўзингиз, на ўғилу қизингиз, на қулу чўрингиз, на уй ҳайвонингиз, на яшаш жойингиздаги мусофир ҳеч қандай иш қилмасин+. 11  Зеро, Яҳова олти кун ичида осмону ерни, денгиз ва ундаги бор нарсани яратиб, еттинчи куни дам олишни бошлади+. Шу боис, Яҳова еттинчи кунни муборак қилиб, уни муқаддас қилди. 12  Яҳова сизларга бераётган юртда узоқ умр кўриш учун, ота-онангизни ҳурмат қилинглар+. 13  Қотиллик қилманглар+. 14  Зино қилманглар+. 15  Ўғрилик қилманглар+. 16  Яқинингизга қарши сохта гувоҳлик берманглар+. 17  Яқинингизнинг уйига кўз олайтирманглар. На унинг хотинига, на қулу чўрисига, на қорамолига, на эшагига ва унга тегишли ҳеч бир нарсага кўз олайтирманглар»+. 18  Бутун халқ момақалдироқ гумбурлаб, чақмоқ чаққанига гувоҳ бўлди, бурғу овозини эшитди ва тоғдан тутун чиқаётганини кўрди. Буларни кўриб эшитгач, уларни титроқ босди ва улар жойларидан қўзғалмай туришди+. 19  Улар Мусога: «Бизга ўзингиз гапиринг, биз эса эшитамиз. Худо бизга гапирмасин, акс ҳолда ўлиб кетамиз»+,— дейишди. 20  Шунда Мусо уларга: «Қўрқманглар. Чунки ҳақ Тангри сизларни синаш учун+ ҳамда доимо Ундан қўрқиб, гуноҳ қилмаслигингиз учун келган»+,— деб айтди. 21  Халқ узоқда жойидан қўзғалмай турди, Мусо эса ҳақ Худо турган жойга, қора булутга яқин борди+. 22  Кейин Яҳова Мусога қуйидагича деди: «Исроил ўғилларига мана бундай деб айт: “Ўзларингиз кўрганингиздай, Мен сизларга осмондан гапирдим+. 23  Кумуш ва олтиндан худолар ясаманглар. Зеро, Мендан бўлак худоларингиз бўлмаслиги керак+. 24  Мен учун тупроқдан қурбонгоҳ ясаб, унинг устида куйдириладиган қурбонлигу тинчлик қурбонликларини келтиринглар ҳамда қўй-эчки ва қорамолингизни қурбон қилинглар. Исмим тилга олиниши учун Мен танлайдиган ҳамма жойда+ ёнингизга келиб, сизларга барака ёғдираман. 25  Борди-ю, қурбонгоҳни тошдан қурадиган бўлсангиз, уни йўнилган тошлардан бунёд этманглар+. Қурбонгоҳни ясашда кескич ишлатсангиз, уни ҳаром қилиб қўясизлар. 26  Жинсий аъзоларингиз кўриниб қолмаслиги учун, қурбонгоҳимга зина ҳам ясаманглар”.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «қуллар уйидан».