Матто баён этган хушхабар 2:1–23

  • Мунажжимлар келади (1–12)

  • Мисрга қочишади (13–15)

  • Ҳирод ўлдиради (16–18)

  • Носирага қайтишади (19–23)

2  Исо шоҳ Ҳирод* даврида+, Яҳудиядаги Байтлаҳм+ шаҳрида туғилганидан сўнг, шарқдан Қуддусга мунажжимлар келиб,  шундай дейишди: «Яҳудийларнинг янги туғилган подшоҳи+ қаерда? Биз шарқдан унинг юлдузини кўриб, унга таъзим қилгани келдик».  Буни эшитиб, шоҳ Ҳироднинг ҳамда бутун Қуддус аҳолисининг тинчлиги бузилди.  Шунда Ҳирод бош руҳонийлар ва уламоларнинг* ҳаммасини тўплаб, Масиҳ қаерда туғилиши кераклиги ҳақида суриштирди.  Улар унга шундай жавоб беришди: «Яҳудиядаги Байтлаҳм+ шаҳрида, чунки пайғамбар орқали шундай деб ёзилган:  “Эй, Яҳудо диёридаги Байтлаҳм, сен Яҳудо ҳокимларининг назарида энг арзимас шаҳар эмассан. Зеро сендан бир ҳукмдор келиб чиқади ва у халқим Исроилга чўпонлик қилади”»+.  Кейин Ҳирод мунажжимларни яширинча чақириб, улардан юлдузнинг пайдо бўлган аниқ вақтини билиб олди.  Сўнг уларни Байтлаҳмга жўната туриб, шундай деди: «Боринглар, чақалоқни яхшилаб изланглар. Уни топгач эса менга хабар беринглар, токи мен ҳам бориб, унга таъзим қилайин».  Шоҳнинг бу сўзларидан кейин улар йўлга чиқишди. Шарқда кўринган юлдуз+ эса уларнинг олдиларида борди ва чақалоқ ётган жойнинг тепасига келиб тўхтади. 10  Юлдуз тўхтаганини кўриб, улар беҳад қувонишди. 11  Мунажжимлар уйга кириб чақалоқни ва онаси Марямни кўришди-да, тиз чўкиб чақалоққа таъзим қилишди. Сўнг улар қимматбаҳо нарсаларини, жумладан олтин, хушбўй смола ва миррани* чиқариб, унга тортиқ этишди. 12  Аммо Ҳироднинг олдига қайтмаслик ҳақида тушларида Худодан огоҳлантириш олганларидан кейин+, ўз юртларига бошқа йўл билан қайтиб кетишди. 13  Улар кетишгач, Яҳованинг* фариштаси Юсуфга тушида кўриниб+: «Ўрнингдан тур, чақалоқни ва онасини олиб Мисрга қоч ва мен сенга бирор нарса айтмагунимча ўша ерда қол. Чунки Ҳирод болани ўлдириш ниятида уни излаб топмоқчи»,— деди. 14  У шу кечаёқ ўрнидан туриб, чақалоқ билан онасини олди-да, Мисрга жўнаб кетди 15  ва Ҳирод вафот этгунча, ўша ерда қолди. Бу эса, Яҳованинг* пайғамбар орқали: «Мен ўғлимни Мисрдан чақириб олган эдим»+,— деб айтган сўзлари бажарилиши учун содир бўлди. 16  Ҳирод мунажжимлар томонидан алданганини пайқагач, жуда қаттиқ ғазабланиб, Байтлаҳм ва унинг теварак-атрофидаги икки ёш ва ундан кичик бўлган ҳамма ўғил болаларни ўлдириш учун одамларни юборди. Боланинг ёшини эса, у мунажжимларнинг айтганлари бўйича аниқлади+. 17  Шу йўсин, Еремиё пайғамбар орқали айтилган ушбу сўзлар бажо бўлди: 18  «Рамадан дод-фарёд ва йиғи-сиғи товуши эшитиларди. Роҳила+ болалари учун йиғлаб, юпанишни ҳеч истамасди, чунки улар энди йўқ»+. 19  Ҳироднинг ўлимидан кейин, Мисрда Яҳованинг* фариштаси Юсуфга тушида кўриниб+, 20  шундай деди: «Ўрнингдан тур, чақалоқни ва онасини олиб Исроил юртига бор, чунки чақалоқнинг жонига қасд қилмоқчи бўлганлар ўлиб кетишди». 21  Шунда у ўрнидан туриб, чақалоқ билан онасини олди-да, Исроил юртига қайтиб келди. 22  Лекин Яҳудияда Ҳироднинг ўрнига унинг ўғли Архелай подшоҳлик қилаётганини эшитиб, у ерга боришдан қўрқди. Шунингдек, тушида Аллоҳдан огоҳлантириш олиб+ Жалила ҳудудига йўл олди+. 23  У ерга келгач, Носира шаҳрида жойлашди+. Бу пайғамбарлар орқали: «У носиралик* деб аталгай»+,— деган сўзлар бажарилиши учун юз берди.

Изоҳлар

Ибр. «ниҳол» сўзидан келиб чиққан бўлиши мумкин.