Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Тўсатдан пайдо бўлган касаллик билан қандай курашиш мумкин?

Тўсатдан пайдо бўлган касаллик билан қандай курашиш мумкин?

 Соғлигингиз тўсатдан ёмонлашдими? Агар шундай бўлса, бу ақлан, ҳиссан ва моддий томондан қанчалик қийин эканини тушунасиз. Хўш, бу вазиятда сизга нима ёрдам бериши мумкин? Оила аъзо ёки дўстингиз соғлик муаммоси билан курашаётган бўлса, унга қандай ёрдам бера оласиз? Муқаддас Китоб тиббий қўлланма бўлмаса-да, у ердаги амалий принциплар қийин вазиятда сабр-бардошли бўлишингизга ёрдам беради.

Соғлик муаммолари билан курашишга ёрдам берадиган маслаҳатлар

  •   Тиббий ёрдам изланг

     Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Соғлар эмас, беморлар шифокорга муҳтож». (Матто 9:12)

     Маъноси. Эҳтиёж туғилганда шифокорларга мурожаат қилинг.

     Маслаҳат. Сизда мавжуд бўлган энг яхши даволаниш турларидан фойдаланинг. Баъзида бир нечта шифокорга мурожаат қилиш оқилона бўлиши мумкин. (Ҳикматлар 14:15) Тиббий соҳадаги мутахассислар билан очиқчасига мулоқот қилиб, уларни тушунаётганингизга ва улар касаллигингиз борасида аниқ тасаввурга эга эканига ишонч ҳосил қилинг. (Ҳикматлар 15:22) Касаллигингиз, жумладан, уни даволашнинг барча турлари ҳақида билиб олинг. Касаллик қандай ўтиши борасида олдиндан билсангиз, вазиятингиз билан ҳиссан курашиш ва даволаниш масаласида тўғри қарорлар чиқаришга яхшироқ тайёр бўласиз.

  •   Фойдали одатларга эга бўлинг

     Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Жисмоний машқ... фойда келтиради». (1 Тимўтийга 4:8)

     Маъноси. Мунтазам равишда жисмоний машқлар қилиш каби яхши одатлар сизга фойда келтиради.

     Маслаҳат. Мунтазам равишда жисмоний машқлар қилинг. Фойдали озуқани истеъмол қилинг ва етарлича ухланг. Бошдан кечираётган соғлик муаммосига ҳали энди кўникаётган бўлсангиз-да, мутахассисларнинг айтишича, вақт ҳамда кучингизни фойдали одатларга сармоя қилсангиз, бу ҳаракатларингизга арзийди. Нимаики қилсангиз ҳам бу соғлигингизга ва олаётган муолажаларингизга салбий таъсир қилмаётганига амин бўлинг.

  •   Бошқалардан ёрдам изланг

     Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Чин дўст ҳамма вақт севади, оғир дамда биродарига таянч бўлади». (Ҳикматлар 17:17)

     Маъноси. Дўстларингиз қийинчиликлардан ўтишингизга кўмаклашади.

     Маслаҳат. Ҳис-туйғуларингизни бемалол бўлиша оладиган ишончли дўстингиз билан гаплашинг. Бундай қилиш касаллик туфайли юзага келган стрессни енгишга ва ўзингизни бахтиёрроқ ҳис қилишга кўмаклашади. Дўстларингиз ва оила аъзоларингиз сизга бошқа йўллар орқали ҳам ёрдам беришни истар. Лекин буни қандай қилишни билмас. Шундай экан, сизга қандай ёрдам кераклигини очиқ айтинг. Нималарни сўраётганингиз борасида мулоҳазакорликни намоён этинг ва уларнинг ёрдами учун миннатдор бўлинг. Шуни унутмангки, дўстларингиз ёрдам беришни истаса ҳам баъзида сизни чарчатиб қўядиган ишлар қилиши мумкин. Шу боис улар сизникига ҳар қанчада келиши ва қанча вақтга қолиши борасида муайян чегаралар ўрнатарсиз.

  •   Ижобий нуқтаи назарни сақланг

     Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Шод юрак шифобахш малҳамдайдир, эзилган руҳ эса суякларни қуритади». (Ҳикматлар 17:22)

     Маъноси. Диққатингизни ижобий нарсаларга қаратсангиз ва келажакда ҳаммаси яхши томонга ўзгаришига ишонсангиз, бу сизга ҳиссан мувозанатни сақлашга ва соғлик муаммоси билан курашишга ёрдам бериши мумкин.

     Маслаҳат. Диққатингизни қўлингиздан келмайдиган нарсаларга эмас, балки нималар қила олишингизга қаратинг. Ўзингизни бошқалар ёки соғлигингиз яхши бўлган пайт билан солиштирманг. (Галатияликларга 6:4) Мулоҳазакорлик ила эришиб бўладиган, келажакка ижобий нуқтаи назар билан қарашингизга кўмаклашадиган мақсадлар қўйинг. (Ҳикматлар 24:10) Вазиятингиздан келиб чиққан ҳолда бошқалар учун нимадир қилинг. Бериш бахтиёрлигини ҳис қилиш салбий фикрлар билан курашишга ёрдам беради. (Ҳаворийлар 20:35)

Худо соғлик муаммолари билан курашишингизга ёрдам берадими?

 Муқаддас Китоб шуни кўрсатяптики, Тангри Яҳова a одамларга соғлик муаммолари билан курашишга ёрдам бериши мумкин. Гарчи Худо мўъжизавий тарзда соғайтиришини кутмасак-да, Унга топинадиганларга қуйидаги йўллар орқали ёрдам беради:

 Тинчлик. Яҳова «ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган... тинчлиги»ни беряпти. (Филиппиликларга 4:6, 7) Бу тинчлик ёки ички хотиржамлик кишига ҳаддан ташқари ташвишланмасликка ёрдам беради. Худо бундай тинчликни Унга ибодат қилганларга ва ташвишли ўй-фикрларини Унга айтаётганларга беряпти. (1 Бутрус 5:7)

 Донолик. Оқилона қарорлар чиқаришимиз учун Яҳова бизга донолик бера олади. (Ёқуб 1:5) Одам Муқаддас Китобдаги эскирмас принципларни ўрганиш ва уларни амалда қўллаш орқали бундай доноликка эга бўлади.

 Келажакка бўлган порлоқ умид. Яҳова «ҳеч ким: “Мен касалман”,— демайди»ган пайт келишини ваъда қиляпти. (Ишаё 33:24) Бу умид ҳатто жуда жиддий соғлик муаммоларини бошдан кечираётган кўпларга ижобий нуқтаи назарни сақлашга кўмаклашяпти. (Еремиё 29:11, 12)

a Яҳова Муқаддас Китобда ошкор қилинган Худонинг исми. (Забур 83:18)