Асосий материалларга ўтиш

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ

Ҳақиқий бойликни топдим

Ҳақиқий бойликни топдим
  • Туғилган йили: 1968

  • Мамлакати: Қўшма Штатлар

  • Ўтмишда: бойиб кетиш ҳақида ибодат қилган ишбилармон

ОЛДИНЛАРИ

 Мен Рочестерда (Нью-Йорк штати) католиклар оиласида улғайганман. Ота-онам саккиз ёшимда ажрашиб кетишган. Шундай қилиб, ҳафта орасида онам билан оддийгина уйида, дам олиш кунлари эса отам билан бойлар яшайдиган ҳудудда турардим. Онам олтита фарзандни катта қилиш учун қанчалар қийналганини кўриб, бойиб кетсам оиламга ёрдам бера олишни орзу қилардим.

 Отам ҳаётимда муваффақиятли бўлишимни хоҳлагани учун, меҳмонхона бизнеси билан боғлиқ нуфузли мактабга мени киргизди. Бу менга роса ёқарди ва Худо бой ҳамда бахтли бўлишни сўраган ибодатларимга жавоб беряпти, деб ўйлардим. Беш йил давомида бу соҳада ўқидим ва шу билан бирга, Лас-Вегасдаги (Невада штати) меҳмонхонанинг казиносида ишлардим.

Ишимга, қимор ўйнашга келган бой инсонлар учун зўр шароитлар яратиб бериш кирарди

 22 ёшда меҳмонхонадаги казинода вице-президентнинг ёрдамчиси эдим. Ўзимга тўқ ва муваффақиятли бўлганим учун, энг тансиқ таомлар ва энг қиммат спиртли ичимликлардан лаззат олардим. Ошналарим: «Билиб қўй, дунёда энг муҳими пул»,— деб айтишарди. Уларнинг фикрича, пул чинакам бахтнинг сири эди.

 Ишимга Лас-Вегасга қимор ўйнашга келган бой инсонлар учун зўр шароитлар яратиб бериш кирарди. Улар роса бой бўлишганига қарамай, бахтсиз кўринарди. Мен ҳам ўзимни бахтиёр деб ҳисобламасдим. Бойиб кетаётган бўлсам ҳам, хотиржам эмас эдим ва тунларим уйқусиз ўтарди. Ҳатто яшагим келмай қолди. Ҳаёт тарзим жонимга тегиб қолгани учун, Худодан: «Ҳақиқий бахтни қаердан топишим мумкин?» — деб сўрардим.

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ

 Ўша пайтларда Яҳованинг Шоҳиди бўлган иккита опам Лас-Вегасга кўчди. Гарчи уларнинг адабиётларини рад қилган бўлсам-да, улар билан бирга ўз Муқаддас Китобимни ўқишга рози бўлдим. Муқаддас Китобимда Исо Масиҳнинг сўзлари қизил ранг билан белгиланган эди. Исонинг ҳамма сўзларига қўшилганим боис, опаларим асосан у ҳақида гапиришарди. Ўзим якка бўлганимда ҳам доим Муқаддас Китобни ўқирдим.

 Ўқиган кўп фикрлардан лол қолардим. Масалан, Исо шундай деган: «Ибодат қилаётганингизда ўзга халқлар сингари ўша-ўша сўзларни такрорлайверманг. Чунки улар, кўп сўзласам Тангрим мени эшитади, деб ўйлашади». (Матто 6:7) Бир руҳоний менга Исонинг расмини берганини эсладим. У менга унга қараб ибодат қилсам ва намунали ибодатни ўн марта такрорласам, Худо хоҳлаганимча пул беришини айтди. Сўнг: «Ўша-ўша сўзларни ўн марта такрорласам, бу Исонинг амрига тўғри келармикан?» — деб ўйланиб қолдим. Қолаверса, Исо: «Ер юзида ҳеч кимни “ота”, деб атаманглар, чунки биргина Отангиз бор»,— деб айтган сўзларни ҳам ўқидим. (Матто 23:9) Шунинг учун: «Нега мен ва бошқа католиклар руҳонийларимизни “авлиё ота” деб чақирамиз?» — деган савол туғилиб қолди.

 Муқаддас Китобда Ёқуб ёзган оятларни ўқиганимда ҳаёт тарзим ҳақида чуқур ўйланиб қолдим. Ёқуб 4- бобда қуйидагича ёзган: «Дунё билан дўстлик, Аллоҳга душманлик эканини наҳотки билмайсизлар? Ким дунё билан дўстлашишни хоҳласа, у Худога душман бўлади». (Ёқуб 4:4) Бу бобдаги 17- оят менга ундан ҳам кўпроқ таъсир қилди. У ерда: «Ким нима тўғри эканини билиб туриб қилмаса, гуноҳ қилган бўлади»,— дейилган. Кейин опаларимга қўнғироқ қилиб, меҳмонхонаю казино билан боғлиқ ишларни ташлашимни айтдим, чунки бу, жумладан қимор ўйинлари ва очкўзлик менга тўғри келмаслигини тушундим.

«Муқаддас Китобда Ёқуб ёзган оятларни ўқиганимда ҳаёт тарзим ҳақида чуқур ўйланиб қолдим»

 Худо ҳамда ота-онам, опаларим ва акам билан бўлган муносабатларни яхшиламоқчи эдим. Шунинг учун, ҳаётимни соддалаштиришга қарор қилдим. Шунда, Худо ва яқинларим учун кўпроқ вақтим бўларди. Бироқ ўзгаришлар қилиш унча осон эмас эди. Мисол учун, меҳмонхона ва казино билан боғлиқ ишда кўтарилишни таклиф қилишди, шунда эга бўлган бойлигим икки-уч бараварга ошарди. Лекин бу ҳақда ибодат қилиб, бундай ҳаёт менга тўғри келмаслигини англадим. Ишдан бўшадим, онамнинг уйига кўчиб, гаражини яшашга мўлжалланган хонага айлантирдим ва ресторанлар учун меню ясайдиган кичик бизнесни бошладим.

 Гарчи Муқаддас Китоб ёрдамида ҳаётимда нима муҳимроқ эканини тушунган бўлсам ҳам, Яҳова Шоҳидларининг йиғилишларига боришни хоҳламас эдим. Опаларим нега қарши эканимни сўрашди. Мен: «Сизларнинг Худойингиз, Яҳова оилаларни бузади. Бутун оиламиз билан бирга Рождество ва туғилган кунларда йиғилишимиз мумкин, лекин сизлар уларни нишонламайсиз»,— деб жавоб бердим. Опам йиғлаб: «Бошқа кунлари сен қаердасан? Сен билан ҳар қачон бўлишга тайёрмиз. Аммо сен фақат байрам кунлари, мажбурият юзасидан келасан»,— деб айтди. Бу сўзларидан юрагим жиз этди ва мен ҳам йиғлай бошладим.

 Нотўғри фикрда эканимни англаб, Яҳованинг Шоҳидлари оилаларини яхши кўришига амин бўлдим. Шундай қилиб, Йиғилиш залида ўтадиган учрашувга боришга қарор қилдим. У ерда Муқаддас Китобни яхши тушунтира оладиган Кевин билан танишдим ва биз тадқиқ бошладик.

 Кевин хотини билан бошқаларга Муқаддас Китобни тушунишга ёрдам бериш учун вақт ажратиш мақсадида содда ҳаёт кечиришарди. Улар Африка ва Марказий Америкада Яҳованинг Шоҳидлари учун филиаллар қурилишида ёрдам бериш учун пул йиғиб у ерга боришарди. Улар жуда бахтли эди ва бир-бирини роса яхши кўришарди. «Қанийди, мен ҳам шундай яшасам»,— деб ўйлардим.

 Кевин тўла вақтли махсус хизмат қанчалар қувончли эканини кўрсатувчи видеони қўйиб берди. Мен ҳам бундай йўл тутмоқчи эканимни тушундим. 1995 йили Муқаддас Китобни олти ой давомида яхшилаб тадқиқ қилгач, Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмдим. «Менга камбағаллик ҳам, бойлик ҳам берма»,— деб айтилган сўзларга яраша ибодат қила бошладим. (Ҳикматлар 30:8)

ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?

 Ҳозир чинакамига бойман. Тўғри, моддий эмас, маънан бойман. Меҳрибон Нурияни Гондурасда учратдим ва биз турмуш қурдик. Биринчи Панамада, ҳозир эса Мексикада бирга тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қиламиз. Ростдан ҳам, Муқаддас Китобда ёзилганидай, «Яҳованинг баракаси кишини бойитади». (Ҳикматлар 10:22)