Асосий материалларга ўтиш

Пул ростдан ҳам ҳар турли ёмонликнинг негизими?

Пул ростдан ҳам ҳар турли ёмонликнинг негизими?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Йўқ. Муқаддас Китобда пул ёмон экани ва кўпинча у сабабли барча ёмон нарсалар содир бўлиши ҳақида айтилмаган. «Пул — ҳар турли ёмонликнинг негизи» деган оммабоп фикр Муқаддас Китобдан қисман олинган бўлиб, инсонни адаштириши мумкин. Аслида эса, Муқаддас Китобда «ҳар турли ёмонликнинг негизи пулпарастликдир»,— деб айтилган. (1 Тимўтийга 6:10)

 Муқаддас Китобда пул ҳақида нима дейилган?

 Муқаддас Китобда пул, агар инсон уни оқилона ишлатса, фойдали бўлиши ва ҳатто «ҳимоя бериши» мумкинлиги тўғрисида ёзилган. (Воиз 7:12) Бундан ташқари, Муқаддас Китобда бошқаларга сахийлик кўрсатганлар, жумладан, кимгадир совға сифатида пул улашганлар мақтаб ўтилган. (Ҳикматлар 11:25)

 Лекин шу билан бирга Муқаддас Китобда пулни ҳаётимизда биринчи ўринга қўйишдан эҳтиёт бўлишимиз кераклиги ҳақида қуйидаги огоҳлантириш ёзилган: «Пулпарастликдан холи кун кечиринглар. Борига шукур қилинглар». (Ибронийларга 13:5) Сабоқ шундаки, пулдан тўғри фойдаланиб, бойлик кетидан қувмаслигимиз керак, аксинча, бизга чиндан ҳам зарур бўлган, масалан, егулик, кийим ва бошпана каби нарсалар билан қаноат қилишга интилишимиз даркор. (1 Тимўтийга 6:8)

 Нима учун Муқаддас Китоб пулпараст бўлишдан огоҳлантиряпти?

 Очкўз одамлар абадий ҳаётдан баҳраманд бўлишмайди. (Эфесликларга 5:5) Бунинг бир сабаби шундаки, очкўзлик бу — бутпарастликнинг, яъни сохта топинишнинг бир туридир. (Колосаликларга 3:5) Бошқа сабаби эса шундан иборатки, очкўз инсон истаган нарсасини олиш ниятида кўпинча одоб-ахлоқ меъёрларини бузишга тайёр бўлади. Ҳикматлар 28:20 да: «Бойиб кетишга ошиққан... гуноҳга ботади»,— деб айтилган. Бундай инсон ҳаттоки жиноят содир этишгача, хусусан, товламачилик, тамагирлик, фирибгарлик, одам ўғирлаш ёки қотилликкача бориши ҳеч гап эмас.

 Гарчи пулпарастлик ёмон хатти-ҳаракатларга олиб келмаса ҳам, у айрим салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин. Муқаддас Китобда шундай сўзларни ўқиймиз: «Бойиб кетиш ниятида юрганлар эса васвасага тушиб, тузоққа илиниб,.. кўп бемаъни ва зарарли истакларга мубтало бўладилар». (1 Тимўтийга 6:9)

 Муқаддас Китобда пул борасида берилган маслаҳатлардан қандай фойда олишимиз мумкин?

 Агар ахлоқий ва маънавий қадриятларимизни пулни деб бузишдан қочсак, ўз ҳурматимизни сақлаб, Аллоҳнинг марҳаматига ва кўмагига эришамиз. Худони мамнун қилишга астойдил интилганлар учун У қуйидагича ваъда бермоқда: «Сени ҳечам ташлаб кетмайман ва асло тарк этмайман». (Ибронийларга 13:5, 6) Қолаверса, У бизни: «Садоқатли киши мўл-кўл барака топади»,— деб ишонтирмоқда. (Ҳикматлар 28:20)