Асосий материалларга ўтиш

Нега Яҳованинг Шоҳидлари Қутлуғ Кечлик маросимини бошқача ўтказишади?

Нега Яҳованинг Шоҳидлари Қутлуғ Кечлик маросимини бошқача ўтказишади?

 Исо Масиҳнинг ўлимини хотирлаш куни ва Ҳазратимизнинг кечлик таоми деб ҳам аталадиган Қутлуғ Кечлик маросимини ўтказаётиб, Муқаддас Китобда ёзилганларга амал қиламиз. (1 Коринфликларга 11:20) Бундан фарқли равишда, бу маросим билан боғлиқ бўлган бошқа динлардаги кўп урф-одатлар Муқаддас Ёзувларга асосланмайди.

Мақсад

 Қутлуғ Кечлик маросимининг мақсади Исо Масиҳни эслаб, биз учун тўлов сифатида тақдим этган қурбонлик учун миннатдорчилигимизни кўрсатамиз. (Матто 20:28; 1 Коринфликларга 11:24) Бу маросим фароғат ёки гуноҳлар кечирилишини ато этадиган қандайдир сирли ёки диний одат эмас a. Муқаддас Китобга биноан, гуноҳлар кечирилиши диний одат эмас, улар фақат Исо Масиҳга бўлган ишонч туфайли кечирилади. (Римликларга 3:25; 1 Юҳанно 2:1, 2)

Неча марта ўтказилади?

 Исо шогирдларига бу маросимни ўтказишни тайинлаган, аммо неча марта эканини айтмаган. (Луқо 22:19) Баъзиларнинг фикрича, уни ҳар ой, яна кимдир ҳар ҳафта, ҳар куни ёки одам хоҳлаган пайтда қилиши мумкин деб ўйлайди. Лекин қуйида эътиборга олиш керак бўлган баъзи омиллар келтирилган.

 Исо бу маросимни ўтказиш кераклигини яҳудий Фисиҳ байрамининг нишонланган кунида айтган ва ўша куннинг ўзида вақт ўтгач ўлган. (Матто 26:1, 2) Бу тасодиф эмас эди. Худонинг Каломида Исонинг қурбонлиги Фисиҳ қўзиси билан солиштирилган. (1 Коринфликларга 5:7, 8) Фисиҳ байрами йилда бир марта нишонланарди. (Чиқиш 12:1–6; Левилар 23:5) Илк масиҳийлар ҳам Исонинг ўлган кунини йилда бир марта хотирлашарди. Яҳованинг Шоҳидлари ҳам Муқаддас Китобдаги намунага амал қилишади.

Сана ҳамда вақт

 Исо илк маросимни қандай ўтказгани, нафақат уни қай йўсин ўтказиш, балки уни қачон қилиш кераклигини, яъни санаси ҳамда вақтини аниқлашга ёрдам беради. Исо уни Муқаддас Китобдаги календарь бўйича мил. 33 йили 14 нисон куни қуёш ботгач жорий этган. (Матто 26:18–20, 26) Илк масиҳийлар сингари биз ҳам бу маросимни ҳар йили ўша куни ўтказамиз.

 Гарчи 33 йили 14 нисон куни жума бўлган бўлса ҳам, ҳар йили у сана ҳафтанинг турли кунига тушиши мумкин. Ҳар йили 14 нисон кунига тушадиган ўша кунни ҳозирги яҳудийча календарларнинг тузилишида қўлланган эмас, балки Исонинг даврида қўлланган усулдан фойдаланиб аниқлаймиз b.

Нон ва шароб

 Исо ушбу маросимни жорий этганда, Фисиҳ байрамида кечлик таомидан қолган хамиртурушсиз нон ва қизил шаробдан фойдаланган. (Матто 26:26–28) Унинг ўрнагига эргашиб, Қутлуғ Кечлик маросимида хамиртурушсиз нон ва шакар ҳамда зираворлар қўшилмаган оддий қизил шаробдан фойдаланамиз.

 Баъзи дин вакиллари хамиртуруш ёки ачитқи солинган нондан фойдаланишади. Лекин Муқаддас Китобда хамиртуруш кўпинча гуноҳ ёки бузулганликнинг рамзидир. (Луқо 12:1; 1 Коринфликларга 5:6–8; Галатияликларга 5:7–9) Шу боис, фақат хамиртурушсиз ва бошқа қўшимча нарсалар солинмаган нон Исо Масиҳнинг гуноҳсиз баданинг рамзи бўла олади. (1 Бутрус 2:22) Ҳаддан ташқари ачитиб юборилган узум шарбатидан фойдаланиш ҳам Муқаддас Китобга зид. Баъзи черковларда спиртли ичимликларни истеъмол қилиш ман этилгани туфайли узум шарбатидан фойдаланишади, лекин бундай тақиқ Худонинг Каломига қарама-қарши. (1 Тимўтийга 5:23)

Том маънодаги эт ва қон эмас, рамзлар

 Хамиртурушсиз нон ва қизил шароб Қутлуғ Кечлик маросимида Исо Масиҳнинг эт ва қонининг рамзлари деб ҳисобланади. Айримлар нон ва шароб мўъжизавий тарзда том маънодаги эт ва қонга айланади ёки улар аралашиб кетади, деб ўйлайди. Бу Муқаддас Китобга зид эканининг сабабига эътибор берайлик.

  •   Агар Исо шогирдларига унинг қонини ичишни амр этганида, у Худонинг қон борасидаги қонунни бузяпти, деб айта олардик. (Ибтидо 9:4; Ҳаворийлар 15:28, 29) Аммо бу бўлиши мумкин эмас эди, сабаби Исо ҳеч қачон қон муқаддаслиги ҳақидаги Худонинг қонунини бузишни буюрмаган бўларди. (Юҳанно 8:28, 29)

  •   Агар ҳаворийлар чиндан ҳам Исонинг қонини ичишганда, у энди ўлиши кераклигини таъкидлаб, уларга «тўкиладиган қоним» деб айтмаган бўларди. (Матто 26:28)

  •   Исо тўлов қурбонлигини «биратўла» келтирган эди. (Ибронийларга 9:25, 26) Аммо агар Қутлуғ Кечлик маросимида нон ва шароб унинг эт ва қонига айланади деб ҳисобланса, бу рамзлардан танаввул қиладиганлар Исони қайта-қайта қурбонликка келтираётгандай бўлиб чиқади.

  •   Исо: «Буни мени эслаб туриш учун қилинглар»,— деб айтганда, уни қурбонликка келтиришни эмас, уни ёдида тутишни амр этган. (1 Коринфликларга 11:24)

 Нон ва шароб Исонинг том маънодаги қон ва этига айланишига ишонган инсонлар Муқаддас Китобдаги муайян оятларга ишора қилади. Масалан, Муқаддас Китобнинг кўп таржималарида шароб ҳақидаги Исонинг сўзлари қуйидагича етказилган: «Бу... қонимдир». (Матто 26:28, Туркия, 1998) Аммо таниқли кўп илоҳиётшуносларнинг фикрича, «бу» сўзи Исо ифодалаган маънони аниқ етказиб бермаяпти. Масалан, Жак Дюпон Исонинг маданияти ва жамиятини ҳисобга олиб, бу оятдаги сўзларни: «Бу менинг қонимни англатади»,— деб таржима қилиш «энг табиий» деб хулоса қилди. Бу вазиятда ҳам Исо одатдагидай истиорани қўллади. (Матто 13:34, 35)

Рамзлардан кимлар танаввул қилади?

 Қутлуғ Кечлик маросимида Яҳова Шоҳидларининг фақат кичик гуруҳи нон ва шаробдан танаввул қилади. Нима учун?

 Исо Масиҳ тўккан қони асосида Тангри Яҳова Ўзи ва қадимги Исроил халқи ўртасидаги аҳдни «янги аҳд»га алмаштирган. (Ибронийларга 8:10–13) Маросимда бу янги аҳд иштирокчиларигина рамзлардан танаввул қилиши мумкин. Уларнинг қаторига барча масиҳийлар кирмайди, фақат Худо ўзгача тарзда «даъват этганлар» киради. (Ибронийларга 9:15; Луқо 22:20) Бу инсонлар осмонда Исо Масиҳ билан бирга ҳукм суришади ва Муқаддас Китобга биноан, бу шарафга фақат 144 000 киши эга бўлади. (Луқо 22:28–30; Ваҳий 5:9, 10; 14:1, 3)

 «Кичик пода», яъни Исо Масиҳ билан ҳукм суришга даъват этилган одамлардан фарқли равишда, аксариятимиз ер юзида абадий яшайдиган «улкан оломон» қаторига киришга умид боғлаяпмиз. (Луқо 12:32; Ваҳий 7:9, 10) Ерда яшашга умид қилаётганлар маросимга келиб, Исо гуноҳларимиз учун келтирган қурбонлигидан миннатдор эканини кўрсатишади. (1 Юҳанно 2:2)

a Макклинток ва Стронг энциклопедиясида шундай дейилган: «“Сирли” сўзи Янги аҳдда учрамайди; μυστήριον деган юнонча сўз [мистерион] сувга чўмиш, Қутлуғ Кечлик ва бошқа маросимга нисбатан қўлланилмайди». (McClintock and Strong’s Cyclopedia, Volume IX, page 212)

b Яҳудийларнинг ҳозирги календарида нисон ойи астрономия бўйича янги ой чиқишига қараб аниқланади, лекин биринчи асрда бу усул қўлланилмаган эди. У пайтда Қуддус тепасида ой ўроқ шаклида илк бор пайдо бўлганда нисон ойи бошланди деб ҳисобланган. У, астрономия бўйича янги ой чиққанидан бир ёки бир неча кундан кейин пайдо бўлиши мумкин эди. Яҳованинг Шоҳидлари ўтказадиган Қутлуғ Кечлик маросимининг санаси ҳозирги яҳудийлар Пасха байрамини нишонлаш учун белгилаган санаси билан доим ҳам тўғри келмаслигининг сабабларидан бири шундадир.