Асосий материалларга ўтиш

Қандай қилиб Исонинг қурбонлиги «кўплар учун» тўлов бўла олади?

Қандай қилиб Исонинг қурбонлиги «кўплар учун» тўлов бўла олади?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Худо Исонинг қурбонлиги орқали инсониятни гуноҳ ва ўлим қуллигидан қутқаради. Муқаддас Китобда Исо ўз қонини тўкиб, тўлов ҳақини тақдим этгани ҳақида ёзилган. (Эфесликларга 1:7; 1 Бутрус 1:18, 19) Ҳа, Исо «кўплар учун жонини тўлов сифатида бергани келган». (Матто 20:28)

Нега «кўплар учун» тўлов зарур эди?

 Биринчи инсон Одамато мукаммал қилиб яратилган, у гуноҳдан холи эди. У абадий яшаш истиқболига эга эди, аммо Худога итоатсизлик қилгани учун бу умиддан маҳрум бўлди. (Ибтидо 3:17–19) Кейинчалик у фарзандлар кўрганида гуноҳ уларга ҳам ўтган. (Римликларга 5:12) Шунинг учун Муқаддас Китобда у ўзини ҳамда болаларини гуноҳ ва ўлим қуллигига «сотгани» тўғрисида айтилган. (Римликларга 7:14) Номукаммал бўлишгани учун авлодларидан ҳеч ким Одамато йўқотган нарсани қайтара олмасди. (Забур 49:7, 8)

 Худо Одаматонинг авлодлари чорасиз вазиятга тушиб қолганини кўриб, уларга раҳми келган. (Юҳанно 3:16) Лекин Худо адолатли меъёрларига амал қилгани учун бунга кўз юма олмасди, яъни жиддий асоссиз уларнинг гуноҳини оқлай олмасди. (Забур 89:14; Римликларга 3:23–26) Худо инсонларни яхши кўргани боис уларнинг гуноҳи нафақат кечирилиши, балки ўчириб ташланиши учун қонуний асос тақдим этди. (Римликларга 5:6–8) Мазкур қонуний асос — тўлов.

Тўлов қандай фойда келтиради?

 Муқаддас Китобга кўра, «тўлов» қуйидаги учта жиҳатни ўз ичига олади:

  1.   Тўлов бу бирор нарса эвазига тўланадиган ҳақ. (Саҳрода 3:46, 47)

  2.   Тўлов туфайли озод этилиш ва қутқарилиш мумкин. (Чиқиш 21:30)

  3.   Тўлов сотилаётган нарсанинг қийматига тенг ёки қоплайдиган нарх a.

 Келинг, бу учта жиҳат Исо Масиҳнинг тўлов қурбонлигига қандай тегишли эканини кўриб чиқайлик.

  1.    Тўланадиган ҳақ. Муқаддас Китобда масиҳийлар «қиммат баҳога сотиб олингани» ҳақида айтилган. (1 Коринфликларга 6:20; 7:23) Баҳо Исонинг тўккан қонини билдиради. У Худо учун «барча қабила, тил, халқ ва миллатлардан инсонларни сотиб олган». (Ваҳий 5:8, 9)

  2.    Озод этилиш. Исонинг тўлов қурбонлиги инсонларни гуноҳдан озод этади. (1 Коринфликларга 1:30; Колосаликларга 1:14; Ибронийларга 9:15)

  3.    Сотилаётган нарсанинг қийматига тенг нарх. Исонинг тўлов қурбонлиги Одамато йўқотган мукаммал ҳаётга тенг. (1 Коринфликларга 15:21, 22, 45, 46) Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Битта одамнинг [Одаматонинг] итоатсизлиги кўпчиликни гуноҳкор қилиб қўйгани сингари, битта инсоннинг [Исо Масиҳнинг] итоаткорлиги кўпларни одил қилади». (Римликларга 5:19) Бундан битта инсоннинг ўлими кўпгина гуноҳкорлар учун тўлов бўла олишини кўриш мумкин. Демак, Исонинг қурбонлиги «ҳамма инсонлар учун муносиб тўлов» бўла олади. Кимки ундан фойда олишни истаса, зарурий қадамлар қўйиши керак. (1 Тимўтийга 2:5, 6)

a Муқаддас Китобда «тўлов» деб таржима қилинган сўз асл нусхада бирор нарсанинг нархини ёки тўланадиган бирор қимматбаҳо нарсани билдиради. Мисол учун, ибронийча кафар феъли асосан «қопламоқ» деган маънога эга. Одатда бу сўз гуноҳни кечириш ёки қоплашни англатади. (Забур 65:3) Бу сўзнинг от шаклидаги кофер сўзи қутқариш ёки қоплаш учун тўланадиган ҳақни билдиради. (Чиқиш 21:30) Шунга ўхшаб, «тўлов» деб таржима қилинган юнонча литрон сўзи озод этиш учун тўланадиган ҳақни билдиради. (Матто 20:28) Жангда асирликка тушган ёки қулликда бўлган инсон озод этилиши учун тўлов берилгани ҳақида гап борганида юнон ёзувчилари мазкур сўздан фойдаланган.