Асосий материалларга ўтиш

ИМОНЛАРИГА ЭРГАШИНГЛАР | МАГДАЛАЛИК МАРЯМ

«Ҳазратимни кўрдим!»

«Ҳазратимни кўрдим!»

Магдалалик Марям дув-дув оқаётган кўз ёшларини артиб, осмонга қарарди. Унинг меҳрибон Ҳазрати устунда эди. Ўшанда баҳор фасли бўлиб, деярли кундуз маҳал эди, лекин «бутун ерни зулмат босганди». (Луқо 23:44, 45) Кун салқин ва у кийимига ўраниб, ёнидаги аёлларга яқинроқ туриб олганди. Бу зулмат қуёш тутилиши туфайли эмас эди, чунки одатда у бор-йўғи бир неча дақиқада ўтиб кетади, буниси эса уч соатгача давом этарди. Эҳтимол, тун ҳайвонларининг қичқириқлари эшитилиб турарди. Баъзи одамларни қўрқув босиб: «Чиндан ҳам у Худонинг Ўғли бўлган экан»,— дейишарди. (Матто 27:54) Атрофни юракни сиқадиган ғамгин муҳит қоплаганди. Исонинг издошлари ва бошқа инсонлар буни Худованд Яҳова қаттиқ қайғураётганининг ва ғазабини кўрсатаётганининг белгисидай қабул қилишгандир.

Магдалалик Марям учун Устозининг азобларини кўриш роса оғриқли эди, аммо унинг ёнидан у кета олмасди. (Юҳанно 19:25, 26) Исо таърифга сиғмайдиган азоблар чекарди. Албатта, унинг онаси ҳам кўраётганидан ичи ачиб кетаётганди. У тасалли ва далдага муҳтож эканини Марям ҳис этарди.

Марям Исо у учун қилган барчасидан миннатдор эди. У учун ҳамма нарсага боришга тайёр эди. Қачонлардир у фақирона, арзимас бир аёл бўлган, лекин Исо бунга чек қўйган. Исо унга ўз қадрини билишга ва арзийдиган ҳаётни бошлашга кўмаклашган. Вақт ўтгани сайин Марям кучли имон эгасига айланди. Қай йўсин? Биз унинг имонидан қандай ўрнак олишимиз мумкин?

«Ўз мол-мулкларини... хизмат қилиш учун сарфлашарди»

Муқаддас Китобда илк бор магдалалик Марям ҳақида Исо у учун қилган бир мўъжизадан билиб оляпмиз. Ундан аввал Марямнинг ҳаёти даҳшатли бўлган. Ўша пайтларда, жинларнинг таъсири роса кучли эди ва улар кўп одамларни измига солишарди, ҳатто баъзиларнинг ичига кириб, уларни бошқаришарди. Жинлар бечора магдалалик Марямга қандай таъсир қилганини билмаймиз; уни еттита ўтакетган ёвуз ва зўравон жин бошқарганини биламиз, холос. Минг шукурки, Исо Масиҳ уни ҳаммасидан халос этган! (Луқо 8:2)

Ўшандан бери Марям учун янги ҳаёт бошланди. У халоскорига ўз миннатдорлигини қай йўсин кўрсатди? Марям Исонинг садоқатли издошига айланди. У ҳар қандай ишни бажаришга шай турарди. Исо ва унинг ҳаворийлари овқат ейиши, кийиниши ва қаердадир тунаши керак эди. Улар бой бўлишмаган ва ишхонага бориб пул ишлаб келишмаган. Эътиборини хушхабарни ваъз қилиш ва таълим беришга қарата олишлари учун улар моддий ёрдамга муҳтож эди.

Марям ва бошқа бир нечта аёл уларга бунда ёрдам беришарди. Аёллар «ўз мол-мулкларини... хизмат қилиш учун сарфлашарди». (Луқо 8:1, 3) Айримлари бой бўлгандир. Муқаддас Китобда улар овқат тайёрлашгани, кир ювишгани ёки қишлоқлар бўйлаб сафарда юришганда тунаш учун жой излаб топишгани тўғрисида аниқ бирон нима ёзилмаган. Лекин улар саёҳат қилиб юрган эҳтимол, тахминан 20 кишига чин юракдан ғамхўрлик қилишарди. Ушбу аёллар Исо ва унинг ҳаворийлари ўз диққатини тўла-тўкис ваъзгўйлик ишига қарата олиши учун кўп ёрдам беришгани аниқ. Албатта, Марям умрида ҳам Исо у учун қилганларига яраша нимадир қилиб бера олмаслигини билган, бироқ жон деб қўлидан келганини қиларди.

Бугунги кунда кўплар камтарона ишни бажарадиган кишилардан ўзини баланд олишади. Лекин Аллоҳ бундай инсонларга умуман бошқача нуқтаи назарда! Ўйлаб кўринг, Марям Исо ва ҳаворийларини қўллаб-қувватлаш учун қўлидан келганини қилганда ва борини берганда, Худо қанчалар мамнун бўлган! Ҳозирги кунда ҳам бошқалар учун кўринмайдиган камтарона ишлар бажарадиган кўпгина содиқ масиҳийлар бор. Гоҳида бирон савоб иши ёки ҳатто ширин сўзи анча нарса қилишга қодир. Яҳова бундай яхшиликларни ўта қадрлайди! (Ҳикматлар 19:17; Ибронийларга 13:16)

«Исонинг азоб устуни олдида»

Магдалалик Марям мил. 33 йили Фисиҳ байрамида Исо билан бирга Қуддусга борган кўпгина аёлларнинг бири эди. (Матто 27:55, 56) Исо ҳибсга олинганини ва туни билан сўроқ қилинганини эшитганда, у жуда ҳам қайғурган. Олдинда ундан ҳам баттар воқеалар кутаётганди. Понтий Пилат яҳудий дин раҳбарларининг босими ва халойиқ таъсири остида Исони устунда шафқатсизларча ўлдиришга ҳукм этди. Марям қонга беланган, ҳолдан тойган Ҳазрати оғриққа бардош бериб, аста-секин кўчалар аро уни михлашлари керак бўлган катта устунни судраб кетаётганини кўрганга ўхшайди. (Юҳанно 19:6, 12, 15–17)

Кундузи зулмат қоплаганда, магдалалик Марям ва бошқа аёллар «Исонинг азоб устуни олдида» туришарди. (Юҳанно 19:25) Охиригача ўша ерда бўлган Марям Исо ҳаворий Юҳаннога онасига ғамхўрлик қилишини айтганини кўрган. Исо Отасига ёлвориб мурожаат қилганини ҳам у эшитган. Марям шунингдек, Исо нафаси узилишидан олдин: «Амалга ошди!» — деб айтган сўнгги сўзларини ҳам эшитган. У роса озор чекканди. Лекин у фақат Исонинг ўлимидан сўнг у ердан кетганга ўхшайди. Кейин эса, у бой киши бўлган ариматеялик Юсуф Исонинг танасини қўйган янги қабр олдида ўтираверган. (Юҳанно 19:30; Матто 27:45, 46, 57–61)

Марямнинг мисоли имондошларимиз қийинчиликларга дуч келганда, нима қила олишимиз мумкинлигини эслатяпти. Доим ҳам қайсидир фожианинг олдини ололмаслигимиз ёки кимнидир дардидан фориғ қила олмаслигимиз мумкин. Аммо раҳм-шафқат ва жасорат фазилатларини намоён эта оламиз. Мушкул паллада қўллаб-қувватлайдиган дўстимиз ёнимизда бўлиши катта барака. Дўстни ташлаб қўймаслик кучли имон далили. Бу анчагина тасалли бахш этади. (Ҳикматлар 17:17)

Магдалалик Марям Исонинг онаси ёнида бўлганининг ўзи ҳам унга тасалли берган

«Мен уни олиб кетаман»

Исонинг танаси қабрга қўйилгач, унинг танасига хушбўй ўтларни қўйиш учун Марям бошқа аёллар билан бирга уларни сотиб олиш учун борган эди. (Марк 16:1, 2; Луқо 23:54–56) Шаббат куни ўтгач, у саҳарлаб уйғонди. Ҳали ғира-шира эди, Марям бошқа аёллар билан Исонинг қабри томон кўчалар бўйлаб кетишаётганини кўз олдингизга келтиринг. Йўл-йўлакай улар қабр оғзидаги катта тошни қандай юмалатиб олишаркан, деб ўйлаб кетишаётганди. (Матто 28:1; Марк 16:1–3) Шундай бўлса-да, улар уйига қайтиб кетишмади. Имони туфайли улар қўлидан келганини қилишга ва қолганини Яҳова амалга оширишига умид боғлаб кетишаётгани шубҳасиз.

Марям қабр олдига биринчи бўлиб келганга ўхшайди. Унинг кираверишида у донг қотиб қолди. Қабр оғзидаги тош ағдарилган ва қабр бўш эди! Марям чаққон аёл эди, Бутрус билан Юҳаннога кўрганларини айтиб бериш учун югуриб кетди. У чопганидан узуқ-узуқ нафас олиб: «Ҳазратимизни қабрдан олиб кетишибди. Уни қаерга қўйишганини билмаймиз»,— деб айтганини тасаввур қилинг. Бутрус ва Юҳанно қабр томон йўл олишди, у бўш эканини ўз кўзлари билан кўришди. Кейин эса уйга қайтиб кетишди *. (Юҳанно 20:1–10)

Марям қабр олдига қайтиб келганда, ҳамма кетиб қолган эди. Саҳар тонг сукунат эди. У бўш қабр ёнида турарди, чулғаб олган ҳис-туйғулардан у йиғлаб юборди. Марям ҳали ҳам Ҳазратининг танаси ғойиб бўлганига ишонмай, қабр ичига назар солди ва оғзи очилиб қолди! У ерда оқ кийимда иккита фаришта бор эди. Улар: «Нега йиғлаяпсиз?» — деб сўрашди. Ҳаворийларга айтган сўзларини уларга ҳам ҳайрат ичида такрорлади: «Ҳазратимни олиб кетишибди. Уни қаерга қўйишганини билмайман». (Юҳанно 20:11–13)

У ўгирилиб қаради ва ёнида бир киши турган эди. Марям уни танимагани учун, уни боғбон деб ўйлади. У киши меҳр ила: «Нега йиғлаяпсиз? Кимни қидиряпсиз?» — дея сўради. У жавобан бундай деди: «Тақсир, агар сиз уни олиб кетган бўлсангиз, уни қаерга қўйганингизни айтинг. Мен уни олиб кетаман». (Юҳанно 20:14, 15) Айтган сўзлари устида обдан ўйлаб кўринг. Нозик бу аёл бақувват ва кучли бўлган Исо Масиҳнинг танасини кўтариб, олиб кета олармиди?! Марям бу ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам кўрмади. У қўлидан келганини қилиши кераклигини биларди, холос.

«Мен уни олиб кетаман»

Биз ҳам назаримизда енга олмайдиган роса қийин бўлиб туюлган қийинчиликларга дуч келганимизда, магдалалик Марямга тақлид қила оламизми? Агар фақат ўз заифликларимизу чекловларимизга диққат қаратсак, қўрқув исканжасига тушиб, номаълумликдан сиқилишимиз ҳеч гап эмас. Бироқ қўлимиздан келганини қилишга ва қолганини Аллоҳимизга ишониб топширишга бел боғласак, тасаввуримиздагидан ҳам кўпроғини амалга ошира оламиз. (2 Коринфликларга 12:10; Филиппиликларга 4:13) Энг муҳими эса, Яҳовани мамнун қиламиз. Шубҳасизки, Марям самовий Отасини хурсанд қилган ва У уни ажойиб тарзда мукофотланган.

«Мен Ҳазратимни кўрдим!»

Марямнинг ёнидаги киши боғбон эмас эди. У аввал дурадгор, кейин Устоз, энди эса Марям энг яхши кўрган Ҳазрати эди. Лекин Марям уни танимади ва тескари бурилиб олди. У битта ҳақиқатни хаёлига келтира олмаётганди: Исо қудратли руҳий шахс сифатида тирилди. Исо унга инсон сифатида кўринди, аммо танаси ўлимидан олдингидай эмас эди. Тирилганидан кейинги ҳодисаларга бой кунлар давомида кўпинча ҳатто Исони яхши таниган одамлар ҳам уни танимас эди. (Луқо 24:13–16; Юҳанно 21:4)

Хўш, Исо Марямга ўзини қандай танитди? Исо унга биттагина сўз: «Марям!» — деди. У ўгирилгач, олдинлари қайта-қайта мурожаат қилгандай, иброний тилида: «Раббуний!» — деб айтди. Бу унинг яхши кўрган Устози эди. Марям суюниб кетди. Уни ушлаб олиб, қўйиб юборгиси келмас эди. (Юҳанно 20:16)

Исо у нима ҳақида ўйлаётганини биларди. У: «Бўлди, мени ушлашни бас қилинг»,— деди. Эҳтимол, у бу сўзларни табассум ила ва мулойим оҳангда айтиб, қўлини астагина олиб: «Мен ҳали Отамнинг ёнига кўтарилганим йўқ»,— деб айтганини тасаввур қилиб кўринг. Осмонга кетиш вақти келмаган эди. Битириши керак бўлган ишлари бор эди ва Марямнинг ёрдами керак эди. У устозининг ҳар бир сўзига диққатли бўлган. Исо унга шундай деди: «Сиз биродарларим олдига бориб, мен ўз Отам ва сизларнинг Отангиз, менинг Тангрим ва сизларнинг Тангрингиз ҳузурига кўтарилишимни айтинг». (Юҳанно 20:17)

Ҳазрат унга жуда масъулиятли вазифа топширди! Марям тирилган Исо Масиҳни кўрган илк шогирдларидан бири бўлиш шарафига эга бўлди. Энди эса, бошқаларга бу хушхабарни айтиш вазифаси ҳам унга ишониб топширилди. У қувониб, шогирдларни излаб топиш учун югуриб кетганини кўз ўнгингизга келтиринг. Ҳаяжонда, ўзи ва шогирдлар бир умр эслаб қолган: «Мен Ҳазратимни кўрдим!» — деган сўзларни айтганини тасаввур қилинг. У Исо айтган ҳаммасини уларга шошиб-пишиб гапириб берганди. (Юҳанно 20:18) Унинг хабари Исонинг бўш қабрини кўрган бошқа аёлларнинг сўзларига қўшимча бўлди. (Луқо 24:1–3, 10)

«Мен Ҳазратимни кўрдим!»

«Улар аёлларнинг гапига ишонишмади»

Улар буни қандай қабул қилишди? Аввалига, унча яхши эмас. Худонинг Каломида қуйидагича ёзилган: «Улар аёлларнинг гапига ишонишмади ва буни қуруқ гапдек қабул қилишди». (Луқо 24:11) Ўша кишилар аёлларнинг фикрини инобатга олмайдиган жамиятда улғайишган эди; яҳудий устозларнинг урф-одатларига биноан, аёл киши маҳкамада гувоҳлик бера олмасди. Эҳтимол, ҳаворийлар ҳатто ўзлари сезмаган ҳолда маданиятининг таъсирига берилишгандир. Лекин Исо ва унинг Отаси бундай нарсалардан йироқда. Улар ушбу садоқатли аёлни шарафга лойиқ деб билишди.

Марям бу кишиларга хафа бўлмади. У Ҳазрати унга ишонаётганини биларди ва бунинг ўзи етарли эди. Исога эргашган барча издошларига ҳам етказиши керак бўлган хабар ишониб топширилган. Муқаддас Китобда у Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабар деб аталади. (Луқо 8:1) Исо издошларига ҳар бир инсон уларга ишонади ёки бу ишни қадрига етади, деб ваъда бермаган. Аксинча, уларни умуман бошқача нарса кутганди. (Юҳанно 15:20, 21) Шу боис, масиҳийлар магдалалик Марямнинг мисолини ёдда тутишса яхшидир. Ҳатто маънан етук биродарлари Марямнинг сўзларини жиддий қабул қилмаган бўлишса ҳам, бу унинг қувончидан маҳрум қилмади ва Исонинг тирилгани ҳақида айтишдан тўхтатмади.

Вақт ўтиб, Исо ҳаворийларига, кейин эса кўпроқ ва кўпроқ издошларига зоҳир бўлган эди. Бир сафар эса у бирданига 500 дан ортиқ шогирдларига кўринди. (1 Коринфликларга 15:3–8) Исонинг тирилгани ҳақида эшитган ва ҳар сафар кўрган бундай вазиятлар Марямнинг имонига имон қўшгани аниқ. Марям Ҳосил байрамида Қуддусда тўпланган аёлларнинг бири бўлгандир. Ўшанда Исонинг издошлари муқаддас руҳ билан мойланган эди. (Ҳаворийлар 1:14, 15; 2:1–4)

Шак-шубҳасизки, магдалалик Марям ҳаётининг сўнгги дамларигача кучли имонга эга эди. Илойим, ҳар биримиз ҳақимизда ҳам худди шундай сўзлар айтилсин! Агар Исо Масиҳ биз учун қилаётган барча ишларни қадрлаб, Худонинг ёрдамига таянган ҳолда камтарлик ила бошқаларга хизмат қилсак, магдалалик Марямнинг имонига тақлид қилган бўламиз!

^ абз. 17 Фаришта аёлларга Исо Масиҳнинг тирилгани ҳақида айтганда, Марям кетиб қолганга ўхшайди. Ундай бўлмаганда, Бутрус ва Юҳаннога фариштани кўрганинию Исонинг танаси қаерга ғойиб бўлганини ҳам айтиб берган бўларди. (Матто 28:2–4; Марк 16:1–8)