Асосий материалларга ўтиш

Муқаддас Китобда тилга олинган аёллар. Улардан қандай сабоқ олсак бўлади

Муқаддас Китобда тилга олинган аёллар. Улардан қандай сабоқ олсак бўлади

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Муқаддас Китобда кўпгина аёллар тилга олинган бўлиб, уларнинг ҳаётидан қимматли сабоқ олишимиз мумкин. (Римликларга 15:4; 2 Тимўтийга 3:16, 17) Ушбу мақолада Муқаддас Китобда тилга олинган аёлларнинг атиги бир нечтаси ҳақида қисқача маълумот келтирилган. Уларнинг кўпи биз учун ажойиб ўрнакдир. Баъзилари эса огоҳлантирувчи мисоллар. (1 Коринфликларга 10:11; Ибронийларга 6:12)

  Далила

 Далила ким эди? Исроил ҳаками Шимшўн бу аёлни севиб қолганди. (Ҳакамлар 16:4, 5)

 У нима қилди? У Шимшўнга хиёнат қилиш учун филистимлик беклардан пул олади. Худо исроилликларни филистимликлар қўлидан қутқариш учун Шимшўндан фойдаланганди. Улар Шимшўн кучининг сири нимада эканини билишмагани туфайли, уни енга олишмаганди. (Ҳакамлар 13:5) Шу боис, беклар Далиладан ёрдам сўради.

 Далила Шимшўн қандай қилиб улкан кучга эга эканини билиб бериши учун филистимликлар унга пора беришган. Далила пулни олди ва бир неча бор ҳаракат қилиб, Шимшўннинг сирини билишга муваффақ бўлди. (Ҳакамлар 16:15–17) Кейин у бу сирни филистимликларга етказди, улар бўлса Шимшўнни тузоққа тушириб, қамоққа ташлашди. (Ҳакамлар 16:18–21)

 Далиладан қандай сабоқ оляпмиз? Далила огоҳлантирувчи мисолдир. У пулга ўч бўлгани туфайли Худонинг хизматчисини алдади, унга нисбатан садоқатсизлик қилиб, худбинларча йўл тутди.

Добира

   Добира ким эди? У пайғамбар аёл эди. Худо Ўз халқидан нима кутаётганини ошкор этиш учун ундан фойдаланган. Қолаверса, Худо исроилликлар орасидаги муаммоларни ҳал қилишга ёрдам бериш учун Добирадан фойдаланган. (Ҳакамлар 4:4, 5)

 У нима қилди? Пайғамбар аёл Добира Худонинг топинувчиларини жасорат ила қўллаб-қувватлаган. Худонинг йўл-йўриғи билан у Бараққа Исроил халқининг қўшинини душман бўлган канъонликларга қарши бошқаришни айтган. (Ҳакамлар 4:6, 7) Барақ ундан бирга боришни сўраганида, Добира қўрқувга берилмаган, аксинча, тайёрлик ила рози бўлган. (Ҳакамлар 4:8, 9)

 Худо исроилликларга ажойиб ғалаба бергач, Добира ўша воқеанинг охирида Барақ билан бирга куйлаган қўшиғининг камида бир қисмини басталаган. Ўша қўшиқда у яна бир жасоратли аёл — Ёвелни ҳам тилга олади. У ҳам исроилликларни канъонликлардан ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнаган. (Ҳакамлар 5- боб)

 Добирадан қандай сабоқ оляпмиз? Добира фидойи ва жасоратли эди. У бошқаларни Худонинг назарида тўғри бўлган ишларни қилишга ундаган. Улар бундай қилганида эса, Добира уларни чин дилдан мақтаган.

  •  Добира ҳақида кўпроқ билиш учун «Исроилга ёрдам бериш учун она каби келдим» номли мақолага қаранг.

Ёвел

   Ёвел ким эди? У исроиллик бўлмаган Хабернинг хотини эди. Ёвел қўрқмай Худо халқининг томонини эгаллади.

 У нима қилди? Канъонликлар қўшинининг сардори Сисаро унинг қароргоҳига келганида, Ёвел қатъийлик ила йўл тутган. Сисаро Исроил халқи билан бўлган жангда мағлуб бўлганди ва яшириниш ҳамда дам олиш учун жой излаётганди. Ёвел яшириниш ва дам олиш учун уни ўз чодирига таклиф қилди. Ухлаб қолганида эса, уни ўлдирди. (Ҳакамлар 4:17–21)

 Ёвелнинг ҳаракати билан Добиранинг қуйидаги башорати амалга ошди: «Яҳова Сисарони аёл кишининг қўлига топширади». (Ҳакамлар 4:9) Қилган иши учун Ёвелни «аёллар орасида у кўпроқ барака топсин» деб мақташган. (Ҳакамлар 5:24)

 Ёвелдан қандай сабоқ оляпмиз? Ёвел ташаббусни қўлга олиб, жасорат ила ҳаракат қилди. Унинг вазиятидан шуни кўряпмизки, Яҳова башоратни амалга ошириш учун вазиятга аралашиши мумкин.

Изабел

   Изабел ким бўлган? У Исроил шоҳи Ахабнинг хотини эди. Изабел исроиллик эмасди ва Яҳовага топинмаган. Аксинча, у канъонликларнинг худоси Баалга сиғинган.

 У нима қилди? У бошқаришни яхши кўрарди ва золим ҳамда зўравон эди. У Баалга сиғинишни ва шу билан бирга жинсий ахлоқсизликни ҳам олға сурган. Бунинг устига, у ҳақ Худо Яҳовага бўлган топинишни йўқ қилишга ҳаракат қилган. (3 Шоҳлар 18:4, 13; 19:1–3)

 Изабел истаганига эга бўлиш учун ёлғон гапирган ва одамларни ўлдиришгача борган. (3 Шоҳлар 21:8–16) Худо башорат қилганидай, у зўравонларча ўлган ва кўмилмаган. (3 Шоҳлар 21:23; 4 Шоҳлар 9:10, 32–37)

 Изабелдан қандай сабоқ оляпмиз? Изабел огоҳлантирувчи мисолдир. У ахлоқсизликка ва ёмонликка муккасидан кетгани туфайли унинг исми уятсиз, ахлоқсиз ва тийиқсиз аёлнинг тимсоли бўлиб қолган.

Леах

   Леах ким эди? У бобокалонимиз Ёқубнинг биринчи хотини эди. Унинг синглиси Роҳила эса, иккинчи хотин бўлган. (Ибтидо 29:20–29)

 У нима қилди? Леах Ёқубга олтита ўғил туғиб берди. (Рут 4:11) Ёқуб Леахга эмас, Роҳилага уйланмоқчи эди. Аммо қизларнинг отаси Лобон Роҳиланинг ўрнига Леахни хотинликка берди. Ёқуб уни алдаб Леахга уйлантиришганини билгач, Лобондан жаҳли чиқди. Лобон уларнинг одатига кўра, каттасидан аввал кичигини турмушга беришмаслигини таъкидлади. Бир ҳафта ўтгач, Ёқуб Роҳилага уйланди. (Ибтидо 29:26–28)

 Ёқуб Роҳилани Леахдан кўра кўпроқ севарди. (Ибтидо 29:30) Натижада Леах Ёқубнинг севгисини қозониш учун синглиси билан рашк устида рақобат қилди. Худо Леахнинг туйғуларини кўрди ва унга барака берди ва у еттита фарзандни — олти ўғил ва бир қизни дунёга келтирди. (Ибтидо 29:31)

 Леахдан қандай сабоқ оляпмиз? Леах Худога таянган ва оиласидаги оғир вазият Худонинг ёрдамини кўришига тўсқинлик қилишига йўл қўймаган. (Ибтидо 29:32–35; 30:20) Леахнинг вазиятида бўлган воқеадан шуни кўряпмизки, Худо муайян вақт давомида йўл қўйган кўп никоҳлилик (полигамия) ҳеч қандай фойда келтирмайди. У никоҳда фақат битта эр ва битта хотин бўлишини маъқул кўрган. (Матто 19:4–6)

  •    Леах ҳақида кўпроқ билиш учун «Азоб чеккан опа-сингил “Исроил халқини бунёд этган”» номли мақолага қаранг.

  •  Нима учун Худо қадимги халқида кўп никоҳлилик бўлишига йўл қўйгани тўғрисида кўпроқ билиш учун «Худо кўп никоҳлиликни маъқуллайдими?» номли мақолага қаранг.

Лутнинг хотини

 У ким эди? Муқаддас Китобда унинг исми тилга олинмаган. Лекин у ерда унинг иккита қизи бўлгани ва улар биргаликда Садўмда яшагани айтилган. (Ибтидо 19:1, 15)

 У нима қилди? У Худонинг амрига бўйсунмади. Садўм ва унинг яқинидаги шаҳарлар жинсий ахлоқсизликка берилиб кетгани учун Худо уларни йўқ қилмоқчи эди. Худо Садўмда яшаган одил киши Лут ва унинг оиласини севгани боис, уларни хавфсиз жойга кўчириш мақсадида иккита фариштасини юборди. (Ибтидо 18:20; 19:1, 12, 13)

 Фаришталар Лутнинг оиласига қочишни ва орқасига ўгирилмасликни, акс ҳолда, ўлишларини айтишди. (Ибтидо 19:17) Лутнинг хотини «орқасига ўгирилиб қаради ва туз устунига айланиб қолди». (Ибтидо 19:26)

 Лутнинг хотинидан қандай сабоқ оляпмиз? Унинг мисоли моддий нарсаларга ортиқ даражада меҳр қўйиш Худога итоатсизлик қилишгача олиб боришини кўрсатяпти. Исо уни огоҳлантирувчи мисол сифатида келтириб: «Лутнинг хотини эсингизда бўлсин»,— деган. (Луқо 17:32)

  Магдалалик Марям

 У ким эди? Магдалалик Марям Исонинг садоқатли шогирди эди.

 У нима қилди? Магдалалик Марям Исо ва унинг шогирдлари билан бирга хизмат қилган бир нечта аёлдан бири. У уларнинг эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиш учун маблағини сахийлик ила сарфларди. (Луқо 8:1–3) Исо хизматини тугатмагунча, у унга эргашган. Шунингдек, Исо ўлимга маҳкум этилганида, магдалалик Марям ўша ерда эди. У Исо тирилгандан кейин уни кўрганлар орасида биринчилардан бўлиш шарафига эга бўлган. (Юҳанно 20:11–18)

 Марямдан қандай сабоқ оляпмиз? Магдалалик Марям Исони хизмати давомида сахийлик ила қўллаб-қувватлаган ва садоқатли шогирд бўлиб қолган.

Марта

   Марта ким эди? Марта Лазарнинг синглиси ва Марямнинг опаси эди. Уларнинг учови Қуддус яқинидаги Байтания қишлоғида яшашган.

 У нима қилди? Марта Исо билан яқин дўст эди. Исо «Мартани, унинг синглисини ҳамда Лазарни яхши кўрарди». (Юҳанно 11:5) Марта меҳмондўст аёл эди. Исонинг ташрифларидан бирида Марям уни тинглашни танлаган, Марта эса уй юмушлари билан овора бўлган. Марта Исога нолиб, Марям унга ёрдам бермаётганини айтган. Исо хушмуомалалик ила Мартанинг нуқтаи назарини тўғрилади. (Луқо 10:38-42)

 Акаси касал бўлиб қолганида, Марта ва синглиси Исо уни даволай олишига амин бўлиб, унинг олдига одам юборишган. (Юҳанно 11:2, 31) Аммо Лазар вафот этган. Мартанинг Исо билан қурган суҳбатидан, у тирилиш ҳақидаги Муқаддас Китобдаги ваъдага ишонганини ҳамда Исо Лазарни ҳаётга қайтара олишига амин бўлганини кўриш мумкин. (Юҳанно 11:20-27)

 Мартадан қандай сабоқ оляпмиз? Марта меҳмондўстлик кўрсатиш учун кўп меҳнат қилган. У маслаҳатни тайёрлик ила қабул қилди. У ҳис-туйғулари ва имони ҳақида очиқчасига айтди.

  •  Марта ҳақида кўпроқ билиш учун «Мен ишонаман» номли мақолага қаранг.

  Марям (Исонинг онаси)

 Марям ким эди? У яҳудий эди ва мўъжизавий тарзда муқаддас руҳ ёрдамида ҳомиладор бўлиб Исони дунёга келтирганда бокира эди.

 У нима қилди? Марям камтарлик ила Худонинг иродасини бажарди. Фаришта келиб у ҳомиладор бўлишини ва узоқ кутилган Масиҳни дунёга келтиришини айтганда, Марям Юсуф билан унаштирилганди. (Луқо 1:26-33) У буни тайёрлик ила қабул қилди. Исони дунёга келтиргач, Марям ва Юсуф яна тўртта ўғилли ва камида иккита қизли бўлган. Шу боис, Марям бокира бўлиб қолмаган. (Матто 13:55, 56) Гарчи у ўзгача шарафга эга бўлган бўлса-да, Исонинг ер юзидаги хизмати пайтида ҳам, илк масиҳий жамоат аъзоси сифатида ҳам унга бошқача муносабат қилишларини кутмаган.

 Марямдан қандай сабоқ оляпмиз? Марям жиддий масъулиятни тайёрлик ила зиммасига олган садоқатли аёл эди. У Муқаддас Ёзувларни жуда яхши билган. Марям Луқо 1:46–55 даги гапларни айтганда, Муқаддас Ёзувларга тахминан 20 марта ишора қилган.

  •  Марям ҳақида кўпроқ билиш учун «Марямдан қандай сабоқ оляпмиз?» номли мақолага қаранг.

Марям (Марта ва Лазарнинг синглиси)

 У ким эди? Марям акаси Лазар ва опаси Марта сингари Исо билан яқин дўст эди.

   У нима қилди? Марям Исони Худонинг Ўғли сифатида қадрлашини бир неча бор намоён этган. У Исо акаси Лазарнинг ёнида бўлганида, уни ўлимдан сақлаб қолиши мумкинлигига ишонишини кўрсатган. Қолаверса, Исо Лазарни тирилтирганида у ўша ерда эди. Марям опаси Мартага ёрдам бермай, Исони тинглашни танлаганида, Марта уни танқид қилган. Аммо Марям маънавий нарсаларни устувор қўйгани учун Исо уни мақтаган. (Луқо 10:38–42)

 Бошқа сафар эса Марям Исонинг бошига ва оёғига «қимматбаҳо хушбўй мойни» қуйиб, ўзгача сахийликни намоён этган. (Матто 26:6, 7) Буни кўрганлар Марямни исрофгарчилик қилишда айблашган. Исо унинг ёнини олиб қуйидагича деган: «[Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги] хушхабар дунёнинг қайси жойида ваъз қилинмасин, бу аёлнинг қилган иши ҳам ёдга олинади». (Матто 24:14; 26:8–13)

 Марямдан қандай сабоқ оляпмиз? Марям кучли имонга эга эди. У Худога бўлган топинишни моддий нарсалардан устун қўйган. Бу унга қимматга тушган бўлса ҳам, Исони қадрлашини камтарлик ила кўрсатган.

Марям (Мусонинг опаси)

 У ким эди? Марям Мусо ва Ҳоруннинг опаси эди. У Муқаддас Китобда пайғамбар аёл сифатида тилга олинган биринчи аёл.

 У нима қилди? Пайғамбар аёл сифатида у халққа Худонинг сўзларини етказган. У Исроилда муҳим ўрин эгаллаган ва Худо Миср қўшинини Қизил денгизда йўқ қилгач, бошқа эркаклар билан бирга ғалаба қўшиғини куйлаган. (Чиқиш 15:1, 20, 21)

   Бир оз вақт ўтгач, Марям ва Ҳорун Мусони танқид қилишди. Афтидан, улар мағрурлик ва ҳасадга берилганга ўхшайди. Худо барчасини «эшитиб турарди» ва Марям билан Ҳорунга жиддий маслаҳат берди. (Саҳрода 12:1–9) Эҳтимол, Марям салбий гапларни айтгани боис, Худо уни мохов касаллигига йўлиқтирди. Мусо илтижо қилиб, у учун ёлворганда, Худо Марямга шифо берди. У етти кун давомида қароргоҳдан ташқарида бўлгач, Исроил халқининг қароргоҳига киришига ижозат берилди. (Саҳрода 12:10–15)

 Муқаддас Китобга кўра, Марям унга берилган танбеҳни қабул қилган. Асрлар ўтгач, Худо Исроил халқига: «Олдингга Мусо, Ҳорун ва Марямни юбордим»,— деб эслатганда, Марям ўзгача шарафга эга бўлганига ишора қилган. (Михо 6:4)

 Марямдан қандай сабоқ оляпмиз? Марям билан бўлган воқеадан Худо Унинг топинувчилари бир-бирига ёки бир-бири ҳақида нима деяётганига диққат қаратишини кўряпмиз. Бундан ташқари, Худони мамнун қилиш учун ноўрин мағрурлик ва ҳасаддан қочишга ўрганишимиз керак. Бу иллатлар бошқаларнинг обрўйига доғ туширишимизга сабаб бўлиши мумкин.

Момоҳаво

 Момоҳаво ким эди? У илк аёл эди ва Муқаддас Китобда ҳам тилга олинган биринчи аёлдир.

   У нима қилди? Момоҳаво Худонинг аниқ амрига бўйсунмаган. У ҳам турмуш ўртоғи Одамато сингари ирода эркинлигига эга мукаммал инсон сифатида яратилган эди ва севги ҳамда донолик каби илоҳий фазилатларни ривожлантира оларди. (Ибтидо 1:27) Худо Одаматога улар муайян дарахтнинг мевасидан ейишса, ўлишларини айтганини Момоҳаво биларди. Аммо у ўлмаслиги ҳақидаги ёлғонга ишонган. Аслини олганда, Момоҳаво Худога итоатсизлик қилса, яхшироқ яшаши ҳақидаги Шайтоннинг ёлғонига лаққа тушган. Хуллас, у мевадан еди ва кейинроқ эрини ҳам бунга кўндирди. (Ибтидо 3:1–6; 1 Тимўтийга 2:14)

 Момоҳаводан қандай сабоқ оляпмиз? Момоҳаво ёмон истакларга берилиш борасида огоҳлантирувчи мисолдир. У Худонинг аниқ амрига қарши чиқиб, ўзига тегишли бўлмаган нарсага эга бўлиш каби кучли истакни ривожлантирди. (Ибтидо 3:6; 1 Юҳанно 2:16)

Обигайл

 Обигайл ким эди? У Навол исмли бой, аммо бемеҳр кишининг хотини эди. Лекин Обигайл оқила ва камтар бўлиб, ҳам жисмонан, ҳам маънан гўзал инсон бўлган. (1 Шоҳлар 25:3)

 У нима қилди? Фалокатнинг олдини олиш учун Обигайл донолик ва мулоҳазакорлик ила йўл тутди. У турмуш ўртоғи Навол билан Исроилнинг бўлажак шоҳи Довуд қочоқ сифатида беркиниб юрган ҳудудда яшарди. Довуд одамлари билан у ерда бўлганида, Наволнинг сурувини босқинчилардан қўриқлаганди. Довуд одамларини Наволнинг олдига юбориб, озгина озиқ-овқат сўрайди, бироқ у қўполлик ила бу илтимосни рад этади. Довуднинг ғазаби қайнайди! Шу сабабли Довуд ва одамлари Навол ҳамда унинг хонадонидаги барча эркакларни ўлдиришга отланишади. (1 Шоҳлар 25:10–12, 22)

   Обигайл эрининг қилган ишидан хабар топгач, тезда ҳаракат қилади. У Довуд ва унинг одамлари учун хизматчиларига озиқ-овқат бериб юборади. Ўзи эса уларнинг ортидан боради ва Довуддан раҳм қилишини ўтиниб сўрайди. (1 Шоҳлар 25:14–19, 24–31) Довуд унинг совғаларини кўриб, камтаринлигини кузатиб ва донолик ила берилган маслаҳатини эшитиб, Худо уни қотилликка қўл уришдан сақлаб қолганини тушунади. (1 Шоҳлар 25:32, 33) Бундан кўп ўтмай, Навол ўлади ва Довуд Обигайлга уйланади. (1 Шоҳлар 25:37–41)

 Обигайлдан қандай сабоқ оляпмиз? У гўзал ва бой бўлишига қарамай, ўзига нисбатан мувозанатли нуқтаи назарда бўлган. Тинчликни сақлаш ниятида у ҳатто қилмаган иши учун ҳам узр сўрашга тайёр бўлган. Обигайл таранг вазиятни хушмуомалалик, жасорат ва топқирлик ила ҳал қилди.

  •  Обигайл ҳақида кўпроқ билиш учун «У жуда оқилона йўл тутди» номли мақолага қаранг.

Раҳоба

   У ким эди? Раҳоба Канъоннинг Ерихо шаҳрида яшаган фоҳиша аёл эди. У Худонинг топинувчиси бўлган.

 У нима қилди? Раҳоба юртга айғоқчи бўлиб келган иккита исроиллик кишини яширган. У Исроил халқининг Худоси Яҳова уларни Мисрдан ва аморийларнинг қўлидан қутқарганини эшитганди.

 Раҳоба айғоқчиларга ёрдам берган ва Исроил халқи Ерихони вайрон қилганда, уни ва оиласини қутқариб қолишларини ўтиниб сўраган. Улар бунга қуйидаги бир нечта шарт асосида рози бўлишган: Раҳоба уларнинг учрашувини сир сақлаши, Исроил халқи ҳужум қилганда у ва оиласи уйидан чиқмаслиги ва қайси уй уники эканини аниқлаш учун деразадан қирмизи арқон тушириши керак эди. Раҳоба ҳар бир йўл-йўриққа итоат қилди. Исроил халқи Ерихони қамал қилганда, у ва оиласи омон қолди.

 Кейинчалик Раҳоба Исроил халқидан бўлган инсон билан оила қурди ҳамда шоҳ Довуд ва Исо Масиҳнинг аждодларидан бирига айланди. (Ёшуа 2:1–24; 6:25; Матто 1:5, 6, 16)

 Раҳобадан қандай сабоқ оляпмиз? Муқаддас Китобда Раҳоба кучли имонга эга бўлган инсон сифатида ўрнак қолдирган. (Ибронийларга 11:30, 31; Ёқуб 2:25) Унинг мисоли Худо кечиримли эканини, юзхотирчилик қилмаслигини ва одамнинг ўтмиши қандай бўлмасин, Унга таянганларга барака беришини кўрсатяпти.

  Ривқо

 У ким эди? У Исҳоқнинг хотини ва Ёқуб ҳамда Эсов исмли эгизакларнинг онаси эди.

 У нима қилди? Ривқо ҳатто қийин бўлганида ҳам, Худонинг иродасини бажарган. У қудуқдан сув олганида, бир киши ундан ичишга сув сўрайди. Ривқо шу заҳоти унга сув беради ва унинг туяларига ҳам сув тортиб беришни таклиф қилади. (Ибтидо 24:15–20) Бу киши Иброҳимнинг хизматчиси эди ва у хўжайинининг ўғли Исҳоқ учун келин излаб, узоқ масофани босиб келганди. (Ибтидо 24:2–4) Қолаверса, ўша хизматчи барака сўраб Худога ибодат қилган. У Ривқонинг тиришқоқлигию меҳмондўстлигини кўриб, Худо ибодатига жавоб берганини ва уни Исҳоқ учун танлаганини тушунган. (Ибтидо 24:10–14, 21, 27)

 Ривқо ўша хизматчилар нега келганини билгач, улар билан бирга бориб, Исҳоққа турмушга чиқишга рози бўлган. (Ибтидо 24:57–59) Ривқо эгизакларни дунёга келтирди. Худо унга катта ўғли Эсов укаси Ёқубга хизмат қилишини айтган. (Ибтидо 25:23) Исҳоқ Эсовни дуо қилмоқчи бўлганида, у Ёқубни дуо қилиши учун Ривқо муайян чоралар кўрди. Боиси, у бу Худонинг иродаси эканини биларди. (Ибтидо 27:1–17)

 Ривқодан қандай сабоқ олсак бўлади? Ривқо ўз ҳаддини билиш, тиришқоқлик ва меҳмондўстлик каби фазилатларга эга бўлгани учун, яхши хотин, она ва ҳақ Худонинг топинувчиси бўлишда муваффақиятли бўла олди.

  •  Ривқо ҳақида кўпроқ билиш учун «Ҳа, розиман» номли мақолага қаранг.

Роҳила

 У ким эди? У Лобоннинг қизи ва бобокалонимиз Ёқубнинг севимли хотини бўлган.

   У нима қилди? Роҳила Ёқубнинг хотини бўлган ва унга иккита ўғил туғиб берган. Улар эса қадимги Исроил халқи келиб чиққан 12 та қабила боши бўлган. Роҳила отасининг қўйларини боқиб юрганида, бўлажак турмуш ўртоғини учратган. (Ибтидо 29:9, 10) Опаси Леахга қараганда, у «жозибали» эди. (Ибтидо 29:17)

 Ёқуб Роҳилани севиб қолди ва унга уйланиш учун етти йил ишлашга рози бўлди. (Ибтидо 29:18) Лекин Лобон Ёқубни алдаб, аввал уни Леахга уйлантирди, кейин эса Роҳилага ҳам уйланишига рухсат берди. (Ибтидо 29:25–27)

 Ёқуб Роҳилани ва унинг иккита ўғлини Леах ва унинг болаларидан кўра кўпроқ яхши кўрарди. (Ибтидо 37:3; 44:20, 27–29) Бунинг оқибатида, иккита аёл ўртасида рақобат бўлган. (Ибтидо 29:30; 30:1, 15)

 Роҳиладан қандай сабоқ оляпмиз? Роҳила оилада қийин вазиятга дуч келган бўлса-да, Худо унинг ибодатларини эшитишига доим умид қилган. (Ибтидо 30:22–24) У билан бўлган воқеадан кўп никоҳлилик дастидан оилада қандай қийинчиликлар бўлишини кўрсак бўлади. Роҳиланинг мисолидан Худо никоҳ учун фақат битта эр ва битта хотин бўлиши кераклигини белгилаб, донолик ила йўл тутганини кўриш мумкин. (Матто 19:4–6)

  •  Роҳила ҳақида кўпроқ билиш учун «Азоб чеккан опа-сингил “Исроил халқини бунёд этган”» номли мақолага қаранг.

  •  Нима учун Худо қадимги халқида кўп никоҳлилик бўлишига йўл қўйгани тўғрисида кўпроқ билиш учун «Худо кўп никоҳлиликни маъқуллайдими?» номли мақолага қаранг.

Рут

   У ким бўлган? У Исроилда Яҳовага топиниш учун ўз худолари ва юртидан воз кечган мўаблик аёл эди.

 У нима қилди? Рут қайнонаси Наимага ўзгача севги кўрсатди. Исроилда очарчилик бўлганида омон қолиш учун Наима эри ва иккита ўғли билан Мўабга кетган эди. Унинг ўғиллари Рут ва Ўрпа исмли мўаблик аёлларга уйланишди. Лекин вақт ўтиб, Наиманинг эри ва иккита ўғли вафот этди. Шундай қилиб, улар учта бева аёлга айланди.

 Наима Исроилга қайтишга қарор қилди, чунки у ерда очарчилик тугаган эди. Рут ва Ўрпа у билан бормоқчи бўлишди. Аммо Наима уларга ўз қариндошлари олдига қайтишни айтди. Ўрпа қайтди. (Рут 1:1–6, 15) Рут эса садоқат кўрсатиб, қайнонасини ташлаб кетмади. У Наимани яхши кўрарди ва унинг Худоси Яҳовага топинишни истарди. (Рут 1:16, 17; 2:11)

 Рут садоқатли келин ва меҳнатсевар бўлгани учун кўп ўтмай Наиманинг она юрти Байтлаҳмда яхши ном қозонди. Ер эгаси бўлган Боз исмли бой киши Рутни кўриб, қаттиқ таъсирланди ва унга ҳамда қайнонасига сахийлик ила озиқ-овқат берди. (Рут 2:5–7, 20) Кейинчалик Рут Боз билан турмуш қурди ва шоҳ Довуд ҳамда Исо Масиҳнинг аждодларидан бирига айланди. (Матто 1:5, 6, 16)

 Рутдан қандай сабоқ оляпмиз? Рут Наимани ва Яҳовани севгани учун уйини ва оиласини ташлаб кетишга тайёр бўлди. У ҳатто қийин пайтларда ҳам меҳнаткаш, ҳамдард ва садоқатли бўлиб қолган.

  •  Рут ҳақида кўпроқ билиш учун «Сиз қаерга борсангиз, ўша ерга бораман» ва «Яхши аёл» номли мақолаларга қаранг.

  Сора

 У ким эди? У Иброҳимнинг хотини ва Исҳоқнинг онаси бўлган.

 У нима қилди? Сора Худо унинг эри Иброҳимга берган ваъдалари амалга ошишига ишонгани туфайли гуллаб-яшнаётган Ур шаҳридаги қулай ҳаётни ташлаб кетган. Худо Иброҳимга Ур шаҳридан кетишни ва Канъон юртига боришни айтади. Худо унга барака беришини ва ундан буюк халқ келтириб чиқаришини ваъда беради. (Ибтидо 12:1–5) Ўшанда, эҳтимол, Сора 60 дан ошган эди. Ўша пайтдан бошлаб Сора ва Иброҳим чодирларда яшаб, бир жойдан бошқасига кўчиб юришган.

 Гарчи бир жойдан бошқасига кўчиш Сорага хавф туғдирган бўлса-да, у Худонинг йўл-йўриғига итоат қилган эри Иброҳимни қўллаб қувватлаган. (Ибтидо 12:10, 15) Сора узоқ йиллар давомида фарзанд кўра олмаган ва бу унга кўп қайғу келтирган. Аммо Худо Иброҳимнинг авлодига барака беришни ваъда қилганди. (Ибтидо 12:7; 13:15; 15:18; 16:1, 2, 15) Вақт ўтиб, Худо Сора Иброҳимга фарзанд туғиб беришини ваъда қилди. У фарзанд кўриш ёшидан ўтгандан кейин болали бўлди. Ўшанда у 90 ёшда, эри эса 100 ёшда эди. (Ибтидо 17:17; 21:2–5) Улар болага Исҳоқ деб исм қўйишди.

 Сорадан қандай сабоқ оляпмиз? Соранинг мисолидан Худо ваъдаларини, ҳатто иложсиздай туюлганларини доим бажаришига ишонишимиз мумкинлигини кўряпмиз! (Ибронийларга 11:11) Шунингдек, унинг мисолидан аёл киши эрини ҳурмат қилиши муҳим аҳамиятга эга экани кўриниб турибди. (1 Бутрус 3:5, 6)

  •  Сора ҳақида кўпроқ билиш учун «Сен ниҳоятда гўзал аёлсан» ва «Худо уни “малика” деб атади» номли мақолаларга қаранг.

Ханна

   Ханна ким эди? У Элқананинг хотини ва қадимги Исроилда яхши танилган Шомуил пайғамбарнинг онаси эди. (1 Шоҳлар 1:1, 2, 4–7)

 У нима қилди? У бола кўра олмаганида, тасалли сўраб Яҳовага мурожаат қилган. Элқананинг яна бир хотини бор эди. Унинг иккинчи хотини Паниннанинг болалари бор эди, аммо Ханна узоқ вақт фарзандли бўла олмаган. Панинна бешафқатларча Ханнани танқид қиларди, лекин у тасалли сўраб Яҳовага ибодат қилган. У Худога ваъда бериб, унга ўғил ато этса, уни Исроил халқи топинишда фойдаланган кўчма муқаддас чодирда хизмат қилиш учун бағишлашини айтади. (1 Шоҳлар 1:11)

 Худо Ханнанинг ибодатига жавоб берди ва у Шомуилни дунёга келтирди. Ханна ваъдасида турди ва Шомуил ҳали кичиклигида муқаддас чодирда хизмат қилиши учун уни у ерга олиб борди. (1 Шоҳлар 1:27; 28) У ҳар йили ўғлига камзул тикиб олиб борарди. Вақт ўтиб, Худо Ханнага барака берди ва у яна бешта фарзанднинг — учта ўғилу иккита қизнинг онаси бўлди. (1 Шоҳлар 2:18–21)

 Ханнадан қандай сабоқ оляпмиз? Ханна чин дилдан ибодат қилгани туфайли қийинчиликларда бардошли бўла олди. Ханнанинг 1 Шоҳлар 2:1–10 да келтирилган миннатдорчилик ибодати унинг имони қанчалар кучли эканини кўрсатади.

  •  Ханна ҳақида кўпроқ билиш учун «У қалбини Худога очди» номли мақолага қаранг.

  •  Нима учун Худо қадимги халқида кўп никоҳлилик бўлишига йўл қўйгани тўғрисида кўпроқ билиш учун «Худо кўп никоҳлиликни маъқуллайдими?» номли мақолага қаранг.

  Шунамлик қиз

 У ким эди? У қишлоқ қизи бўлиб, чиройли эди ва Гўзал қўшиқ китобининг асосий қаҳрамони. Муқаддас Китобда унинг исми айтилмаган.

 У нима қилди? Шунамлик қиз севгилиси чўпон йигитга садоқатли қолди. (Гўзал қўшиқ 2:16) Унинг ўзгача гўзаллиги бой шоҳ Сулаймоннинг эътиборини тортди ва у қизнинг севгисини қозонишга ҳаракат қилди. (Гўзал қўшиқ 7:6) Гарчи бошқалар уни Сулаймонни танлашга ундаган бўлса-да, у буни рад этди. Шунамлик қиз оддийгина чўпонни севган ва унга содиқ қолган. (Гўзал қўшиқ 3:5; 7:10; 8:6)

 Шунамлик қиздан қандай сабоқ оляпмиз? У гўзал бўлишига ва унга кўп эътибор берилганига қарамай, ўз ҳаддини билган. Тенгдошларининг босими ва бойлигу машҳурлик ҳақидаги ваъдалар унинг чўпонга бўлган севгисини сўндиришига йўл қўймаган. У ҳис-туйғуларини бошқарган ва ахлоқан пок қолган.

  Эстер

 Эстер ким эди? У яҳудий эди ва Форс шоҳи Ахашвераш уни малика сифатида танлаган.

 У нима қилди? Малика Эстер мавқеидан фойдаланиб, халқини қирилиб кетишидан сақлаб қолди. У муайян куни Форс империяси ҳудудидаги барча яҳудийлар ўлдирилиши кераклиги тўғрисидаги фармондан хабар топди. Бу бош вазир бўлган Хомоннинг иши эди. (Эстер 3:13–15; 4:1, 5) Эстер ҳаётини хавф остига қўйиб, қариндоши Мордахайнинг кўмаги билан турмуш ўртоғига, яъни шоҳ Ахашверашга бу ҳақида айтади. (Эстер 4:10–16; 7:1–10) Ахашвераш Эстер ва Мордахайга яҳудийлар ўзларини ҳимоя қилиши мумкинлиги ҳақида фармон чиқаришга рухсат беради. Барча яҳудийлар душманлари устидан ғалаба қозонади. (Эстер 8:5–11; 9:16, 17)

 Эстердан қандай сабоқ оляпмиз? Жасорат, камтарлик ва ўз ҳаддини билишда малика Эстер ажойиб ўрнак қолдирган. (Забур 31:24; Филиппиликларга 2:3) У чиройли ва мавқега эга бўлишига қарамай, маслаҳат ва ёрдам сўраган. У турмуш ўртоғи билан хушмуомалалик ва ҳурмат ила гапирган, шу билан бирга жасоратли бўлган. Шунингдек, халқининг ҳаёти жиддий хавф остида бўлганида, у ҳам яҳудий эканини яширмаган.

  •  Эстер ҳақида кўпроқ билиш учун «Худонинг халқини ҳимоя қилган аёл» ва «Жасоратли, фидокор ва оқила аёл» номли мақолаларга қаранг.

 Муқаддас Китобда тилга олинган аёллар даврий чизиқда кўрсатилган

  1.  Момоҳаво

  2. Тўфон (мил. авв. 2370 йил)

  3.  Сора

  4.  Лутнинг хотини

  5.  Ривқо

  6.  Леах

  7.  Роҳила

  8. Чиқиш (мил. авв. 1513 йил)

  9.  Марям (Мусонинг опаси)

  10.  Раҳоба

  11.  Рут

  12.  Добира

  13.  Ёвел

  14.  Далила

  15.  Ханна

  16. Исроилнинг биринчи шоҳи (мил. авв. 1117 йил)

  17.  Обигайл

  18.  Шунамлик қиз

  19.  Изабел

  20.  Эстер

  21.  Марям (Исонинг онаси)

  22. Исонинг сувга чўмиши (мил. 29 йил)

  23.  Марта

  24.  Марям (Марта ва Лазарнинг синглиси)

  25.  Магдалалик Марям

  26. Исонинг ўлими (мил. 33 йил)