Асосий материалларга ўтиш

Ушр бериш ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилган?

Ушр бериш ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилган?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Қадимда ҳақ топинишни қўллаб-қувватлаш мақсадида исроилликлар ушр a ёки йиллик даромаднинг ўндан бир қисмини беришлари лозим эди. Худо шундай деб амр қилганди: «Ҳар йили далангиз ўстирган ҳосилнинг ўндан бир қисмини албатта беринглар». (Қонунлар 14:22)

 Ушр бериш Яҳова Исроил халқига берган ҳамда Мусонинг қонунида қаламга олинган амрлардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда масиҳийлар Мусонинг Таврот қонунига риоя қилиб, ушр бериши шарт эмас. (Колосаликларга 2:13, 14) Ҳар бир масиҳий Каломдаги «кўнглида ният қилганини берсин. Чунки Аллоҳ қувонч билан берганни севади» деган сўзларга риоя қилган ҳолда, ихтиёрий хайр-эҳсонлар қилади. (2 Коринфликларга 9:7)

 Эски аҳдда ушр ҳақида нима дейилган?

 Муқаддас Китобнинг Эски аҳд деб аталмиш қисмида ушр ҳақида кўп маротаба айтиб ўтилган. Ушр хусусидаги аксарият оятлар Худо Исроил халқига Мусо орқали қонунлар берган даврга бориб тақалади. Аммо бир нечта оятдаги ушр ҳақидаги сўзлар Худо Исроил халқига қонунлар беришидан аввал қаламга олинганди.

Мусонинг қонунидан аввал

 Ибром ёки Иброҳим Муқаддас Китобда илк маротаба ушр берган инсон сифатида тилга олинган. (Ибтидо 14:18–20; Ибронийларга 7:4) Афтидан, Ибром шоҳ ва руҳоний Салимга бир марталик ҳадя сифатида ушр берган. Каломда Иброҳим ва унинг фарзандлари кейинчалик ҳам ушр бергани ҳақидаги баёнот мавжуд эмас.

 Ушр берган иккинчи инсон Иброҳимнинг набираси Ёқуб бўлган. У Худо унга барака берса, «ҳар бир нарсадан» ушр беришни ваъда қилган . (Ибтидо 28:20–22) Айрим Муқаддас Китоб олимлари Ёқуб ушрни ҳайвонларни қурбонликка келтириш тарзида берган деб таъкидлашади. Гарчи Ёқуб бундай қасам ичган бўлса ҳам, оила аъзоларини ушр беришга мажбурламаган.

Мусонинг қонуни остида

 Қадимда Исроил халқи ҳақ топинишни қўллаб-қувватлаш учун ушр бериши керак эди.

  •   Ушрлар ёрдамида ўз ерларига эга бўлмаган левилар ҳамда руҳонийлар тўла вақтли хизмат қилиб, халққа Худога топинишга кўмаклаша олишарди. (Саҳрода 18:20, 21) Руҳоний бўлмаган левилар халқдан ушр олгач, унинг «ўндан бир қисмини» руҳонийларга тақдим этишарди. (Саҳрода 18:26–29)

  •   Муқаддас Китобда ёзилишича, одамлар ҳар йили бериши керак бўлган иккинчи турдаги ушр ҳам бўлган. Мазкур ушрни левилар ҳамда леви бўлмаган инсонлар ўз эҳтиёжларига сарфлашарди. (Қонунлар 14:22, 23) Ушбу ушр туфайли исроиллик оилалар ҳар йили ўтказиладиган ўзгача байрамлардаги сарф-харажатларни қоплай олишарди. Муайян йилларда эса улар бу ушрни ўта ночор инсонларга эҳтиёжларини қоплай олишлари учун тақдим этишарди. (Қонунлар 14:28, 29; 26:12)

 Исроил халқи қанча ушр бериши лозим эди? Исроилликлар ҳар йили уларнинг ери берган ҳосилнинг ўндан бир қисмини тақдим этишарди. (Левилар 27:30) Исроиллик инсон ушрни пул кўринишида бермоқчи бўлса, ўша қийматга яна йигирма фоиз қўшиб бериши керак эди. (Левилар 27:31) Улар, шунингдек, «ҳар бир ўнинчи ҳайвон»ни ҳам тақдим этишлари лозим эди. (Левилар 27:32)

 Исроилликлар чўпоннинг таёғи остидан ўтадиган ҳар бир ўнинчи ҳайвонни ушр сифатида тақдим этишарди. Улар танланган ўнинчи ҳайвонни — у нуқсонли бўладими, нуқсонсиз бўладими — ушр сифатида беришлари керак эди. Шунингдек, улар ҳайвон ўрнига пул бера олишмасди. (Левилар 27:32, 33) Лекин йиллик байрамлар учун мўлжалланган иккинчи турдаги ушрни пул кўринишида бериш мумкин эди. Бу исроилликлар учун анча қулайликлар яратган. Чунки улар байрамларга бориш учун узоқ масофаларни босиб ўтишлари керак эди. (Қонунлар 14:25, 26)

 Исроилликлар ушрни қачон беришарди? Исроилликлар ушрни ҳар йили беришарди. (Қонунлар 14:22) Аммо етти йилда бир улар ушр беришмасди. Бу йил шаббат ёки дам олиш йили бўлган ва исроилликлар далаларига умуман уруғ экишмаган. (Левилар 25:4, 5) Бундай ўзгача шароитларни инобатга олган ҳолда, ўша йили ушр берилмаган. Етти йиллик шаббат даврининг ҳар учинчи ва олтинчи йилида исроилликлар иккинчи ушрни ночор инсонларга ҳамда левиларга тақдим этишарди. (Қонунлар 14:28, 29)

 Ушр тўламаганлик учун қандай жазо белгиланарди? Мусонинг қонунида ушр тўламаганлик учун ҳеч қандай жазо белгиланмасди. Ушр Худонинг марҳаматини олиш мақсадида бериларди. Исроилликлар Худонинг олдида ушр берганликлари ҳақида қасам ичишлари лозим эди ва фақат шундан сўнггина Унинг баракасига эга бўлишлари мумкин бўлган. (Қонунлар 26:12–15) Худо ушр бермасликни Ундан нарса ўғирлаш билан тенг кўрган. (Малаки 3:8, 9)

 Ушр халқ учун оғир юк бўлганми? Йўқ. Худо агар исроилликлар ўз вақтида ушр беришса, ҳеч нарсада муҳтожлик кўрмасликлари учун, устиларига барака ёғдиришини ваъда қилган. (Малаки 3:10) Аксинча, халқ ушр бермаганида азоб чеккан. Оқибатда, улар Худонинг баракасидан маҳрум бўлишарди. Қолаверса, руҳонийлар ҳамда левилар исроилликларга Худога топинишга ёрдам беришнинг ўрнига, ўзларини таъминлаш учун ишлашига тўғри келарди. (Нахимиё 13:10; Малаки 3:7)

 Янги аҳдда ушр ҳақида нима дейилган?

 Исо ер юзида бўлганида Худога топинган инсонлар ҳали-ҳануз ушр беришлари керак эди. Аммо Исонинг ўлимидан сўнг бу талаб бекор қилинди.

Исонинг даврида

 Муқаддас Китобнинг янги аҳд деб аталмиш қисмидан кўриняптики, исроилликлар Исо ер юзида бўлганида ушр беришда давом этишган. Исо исроилликлар ушр беришлари кераклигини айтган. Аммо дин раҳбарларини қоралаган.Чунки улар ушр бериш ишини қойиллатиб қилишса ҳам, Тавротда муҳим саналган адолат, раҳм-шафқат ва садоқатга аҳамият беришмаганди. (Матто 23:23)

Исонинг ўлимидан сўнг

 Исонинг ўлимидан сўнг ушр беришга ҳожат қолмаганди. Исонинг ўлими Мусонинг қонунини бекор қилди. Натижада, унинг ўлимидан сўнг одамлардан ушр бериш амрига амал қилиш кутилмасди. (Ибронийларга 7:5, 18; Эфесликларга 2:13–15; Колосаликларга 2:13,14)

a Муқаддас Китобга оид бир луғатда ушр ҳақида шундай дейилган: «Ушр бу — инсон даромадининг ўндан бир қисми бўлиб, у муайян мақсадлар учун ажратиларди. Муқаддас Китобда тилга олинган ушр одатда Аллоҳга топиниш билан боғлиқ ишларга сарфланарди». («Harper’s Bible Dictionary», 765- саҳ.)