Асосий материалларга ўтиш

ОИЛА УЧУН ЁРДАМ | БОЛАЛАР ТАРБИЯСИ

Болангиз умидингизни пучга чиқарса, нима қилиш мумкин?

Болангиз умидингизни пучга чиқарса, нима қилиш мумкин?

Баъзи ўсмирлар ота-онаси айтган вақтда уйга келишмайди. Бошқалар эса, масалан, ўртоқлари билан бирон жойга бориш учун ота-онасини алдашади ва уйдан яширинча чиқиб кетишади. Агар ўсмир болангиз шундай қилаётган бўлса, қандай чора кўриш мумкин?

 Болам қўзғолончими?

Қўзғолончи бўлмаслиги мумкин. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Аҳмоқлик боланинг қалбига ўрнашган». (Ҳикматлар 22:15) Кўп ўсмирларнинг хулқи, бу сўзларнинг яққол исботи. Психология профессори Лоуренс Стейнберг шундай деб ёзди: «Ўспиринлар одатда ўйламай, шошиб йўл тутишади. Шунинг учун, хатолар қилиб туришига тайёр бўлинг» a.

 Болам мени алдаётган бўлса-чи?

Болангиз атайлаб сизга қарши бирон ёмонлик қилмоқчи деб ўйламанг. Тадқиқотларга кўра, ўсмирлар ҳатто буни сездиришмаса ҳам, ота-онаси улар ҳақида қандай фикрда эканига бефарқ эмас. Ўсмир болангиз сизни ранжитгани учун айбдорликни ҳис этиб, хавотирланишади. Эҳтимол бу, унинг ташқи кўринишидан кўринмаслиги ҳам мумкин b.

Синган суякни жойига тушириб мустаҳкам ҳолатига қайтариш мумкин. Йўқотилган ишонч ҳам худди шундай

 Ким айбдор?

  •   Ҳамма гап мулоқотдами? Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ёмон одамлар билан мулоқот қилиш яхши хулқни бузади». (1 Коринфликларга 15:33) Ҳа, ўсмирга дўстлари жуда қаттиқ таъсир қилади. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар ва рекламалар унга таъсир қилмай қўймайди. Қолаверса, кам тажрибага эга эканини ҳам унутманг. Шунда, ўсмирлар нега гоҳида нодон қарорлар чиқаришини тушунасиз. Лекин у ўз ҳаракатлари учун жавобгар бўлишни ўрганиши керак. Шундай йўл тутибгина, у ишончга сазовор инсон бўлиб улғаяди.

  •   Мен хато қилдимми? Балки: «Боламга ўта қаттиқ бўлганим сабаб у шундай йўл тутяптимикин?» — деб ўзингизни койиб юргандирсиз. Ёки: «Жудаям бўш бўлиб, кўп эркинлик бериб қўйдиммикан?» — деб сиқилаётгандирсиз. Нотўғри йўл тутганман деб ўзингизни қийнашнинг ўрнига, муаммони ҳал қилишга киришганингиз яхшироқдир.

 Болам ишончимни қайтаришига қандай ёрдам беришим мумкин?

  • Ўзингизни қўлда тутинг. Болангиз нотўғри иш қилиб қўйса, ғазабланишингизни билиши аниқ. Балки шундай вазиятда ўзингизни бошқачароқ тутишга ҳаракат қилиб кўрарсиз. Хотиржамлик ила нега бундай қилганининг сабабларини муҳокама қилиб кўрсангиз бўлади. Қизиқувчанликми? Зериккани учунми? Ўзини ёлғиз ҳис қилгани сабаблими? Дўстларнинг йўқлигими? Албатта, бу, унинг нотўғри ишини оқламайди, аммо шу йўсин сиз ва фарзандингиз сабабларни яхшироқ тушуна оласизлар.

    Муқаддас Китобдаги принцип: «Киши тинглашга тайёр бўлсин. Сўзлашга ва ғазабланишга эса шошилмасин». (Ёқуб 1:19)

  • Бўлиб ўтганларни болангиз тушунишига кўмаклашинг. Ундан: «Қандай сабоқ олдинг? Шунга ўхшаш вазиятда кейинги сафар ўзингни қандай тутасан?» — деб сўраб кўринг. Бундай саволлар орқали уни ўз ҳаракатларига баҳо беришга ўргатасиз.

    Муқаддас Китобдаги принцип: «Зудлик билан бажар, танбеҳ бер, жиддий огоҳлантир, сабр-тоқат ва таълим бериш маҳорати билан насиҳат қил». (2 Тимўтийга 4:2)

  • Жазосиз қолдирманг. Бола нотўғри иш қилиб қўйганда, қилганига яраша жазолаш самарали бўлади. Мисол учун, у ҳаддан зиёд вақтини телефонига кетказиб, дарсини ва уй юмушларини қилмаган бўлса, қайсидир пайтгача телефондан фойдаланишни ман этишингиз мумкин.

    Муқаддас Китобдаги принцип: «Инсон нима экса, шуни ўради». (Галатияликларга 6:7)

  • Ишончингизни қайтариши мумкинлигини унга кўрсатинг. Тўғри, ишончни тиклаш учун вақт талаб этилади. Бироқ фарзандингиз сиз ундан умидингизни узмаганингизни билиши зарур. У вазият иложсиз эмаслигини тушуниши даркор. Агар болангиз ишончингизни ҳеч қачон қайтара олмаслигини ҳис этса, у ҳатто ҳаракат ҳам қилмайди.

    Муқаддас Китобдаги принцип: «Фарзандларингизнинг руҳи тушмаслиги учун, уларнинг ғашини келтирманглар». (Колосаликларга 3:21)

a «Сиз ва ўсмир болангиз» деган китоб. («You and Your Adolescent»)

b Бу мақоладаги маълумот ҳам ўғил болалар, ҳам қиз болалар учун тааллуқли.