Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Фарзандларингизга ахлоқий меъёрларни сингдиринг

Фарзандларингизга ахлоқий меъёрларни сингдиринг

Оилавий бахтнинг сирлари

Фарзандларингизга ахлоқий меъёрларни сингдиринг

Мексикалик Лоида * исмли она шундай дейди: «Мактабда ўсмирларга презерватив тарқатишибди. Бунинг дастидан ўқувчилар презервативдан фойдаланилса, жинсий алоқанинг ёмон жойи йўқ экан деган хулосага келишади».

Японияда яшовчи Нобуко исмли она қуйидагича фикр билдирди: «Ўғлимдан ўралашиб юрган қизи билан ёлғиз қолганида нима қилган бўларди деб сўраганимда, у: “Билмайман”,— деб елкасини қисди».

БОЛАНГИЗ энди юришни бошлаганида, ширинтойингизга бирор кор-ҳол бўлишидан қўрқиб, эҳтимол электр розеткани хавфсизлантиришга, ўткир жиҳозларни яширишга ёки зинапоянинг атрофини панжара билан ўрашга ҳаракат қиларсиз. Кўрилган чоралар фарзандингизнинг ҳаёти хавфсиз бўлишига ҳисса қўшади.

Ўсмир болангизни ҳам турли хавф-хатарлардан осонгина ҳимоя қила олсангиз кошки эди! Аммо ҳозир сиз: «Ўғлим порнография томоша қилмаяптимикин? Қизим беҳаё расмларга тушиб, уяли телефон орқали дўстларига юбормаяптимикин? Ёки фарзандим жинсий алоқа қилишни бошламаганмикин?» — дея ташвишланаётгандирсиз.

Қаттиқ назорат

Баъзи ота-оналар фарзандининг ҳар бир қадамини назорат қилишга уринади. Кейинчалик, ота-оналар бундай йўл тутиб, фарзандлари улардан яширинча иш тутишларига сабабчи бўлишганини пайқашади. Ҳа, уларнинг қизлари ёки ўғиллари олдини олмоқчи бўлган ишларни яширишни бошлашади.

Дарҳақиқат қаттиқ назорат, муаммонинг ечими эмас. Ҳатто Яҳова Таоло, онгли мавжудотларнинг ҳар бир ҳаракатини пойлаб, итоаткорликни талаб қилмайди. Демак ота-оналар ҳам бундай йўл тутмаслиги керак (Амрлар 30:19). Унда ўсмир фарзандларингиз юқори ахлоқий меъёрларга мувофиқ қарор қабул қилиши учун қандай ёрдам бера оласиз? (Ҳикматлар 27:11).

Бу каби масалаларни болаларингиз билан муҳокама қилиш жуда муҳимдир ва буни қанча эрта бошласангиз шунча яхши (Ҳикматлар 22:6) *. Ўсмирлик чоғида ҳам бу ҳақда гапиришни давом эттиринг. Сизлар ота-она сифатида, ўсмир болаларингиз учун ишончли маълумот манбаи бўлишингиз даркор. Британиялик Алиса исмли бир қиз шундай фикр билдирди: «Кўпчиликнинг фикрича, ўсмирлар жинсий ҳаёт ҳақида фақат дўстлари билан муҳокама қилишни афзал кўради. Аслида эса бундай эмас. Чунки ота-онамизнинг бу ҳақда берган маълумоти биз учун қадрли ва ишончлироқдир».

Ахлоқий меъёрлар ҳақида аниқ тушунча беринг

Фарзандларингиз улғайгани сайин: «Бола қаердан пайдо бўлади?» — деган саволга шунчаки жавоб олишдан кўра, кўпроқ маълумотга эга бўлишни исташади. Боз устига улар, «яхшини ёмондан ажратишга ўрганган етук кишилар» бўлиб етиши даркор (Ибронийларга 5:14). Бошқача қилиб айтганда, фарзандларингиз жинсий ҳаёт ҳақида тўғри тушунчага эга бўлиб, шунга мувофиқ йўл тутиши учун, жинсий тарбияга жуда муҳтожлар. Хўш қандай қилиб ўсмир фарзандингизга шу каби меъёрларни сингдиришингиз мумкин?

Авваламбор, ўз ахлоқий қадриятларингиз борасида мулоҳаза юритинг. Масалан, зино, яъни никоҳда бўлмай туриб жинсий алоқа қилиш гуноҳ эканлигига аминдирсиз (1 Салоникаликларга 4:3). Эҳтимол фарзандингиз ҳам, бу масалада нуқтаи назарингизни аниқ билар ва Муқаддас Китобда бу қандай тасдиқланганини ҳам кўрсата олар. Шунда никоҳдан олдин жинсий яқинлик ҳақида савол пайдо бўлганида, улар ҳеч иккиланмасдан бу нотўғри эканлигини айтиши мумкин.

Аммо бунинг ўзи етарли эмас. Жинсий ҳаёт ҳақида бир китобга кўра, баъзи ёшлар, жинсий муносабатлар борасида ота-онасининг нуқтаи назарига қўшилиши мумкин. Ушбу китобда шундай дейилган: «Улардан шахсий фикрини сўрасангиз, аниқ ифода этолмайди. Шу сабабли кутилмаган вазиятга дуч келганда, улар қандай йўл тутишни билмай, иккиланиб қолишади ва кўпинча хатога йўл қўйишади» («Sex Smart»). Кўриниб турганидек, ахлоқий меъёрлар тўғрисида аниқ тушунчага эга бўлиш жуда муҳимдир. Хўш, бунда ўсмир фарзандларингизга қандай ёрдам беришингиз мумкин?

Ўз нуқтаи назарингизни аниқ тушунтиринг. Жинсий муносабатлар фақатгина никоҳда ўринли эканлигида аминмисиз? Унда ўсмир болангизга ҳам буни тушунтиришга ҳаракат қилинг. Бир китобда айтилишича, «агар ота-оналар жинсий ҳаётни эрта бошлашдан ўсмир фарзанларини огоҳлантириб туришса, улар ҳам бу йўлга қадам қўйишдан ўзларини тийишади» («Beyond the Big Talk»).

Юқорида айтиб ўтилганидек, фарзандларингизни ахлоқий қандиятларингиз борасида хабардор қилишнинг ўзи, улар бу йўлни танлашига кафолат бермайди. Аммо, агар оилангизда ахлоқий қадриятлар мустаҳкам ўрнатилган бўлса, фарзандларингиз ҳам шу пойдеворга асосланиб, ўз қадриятларини ўрнатишади. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ўсмирлик чоғида ёшлар ота-онасининг гапига қулоқ солмаган бўлса-да, уларнинг аксарияти кейинчалик ота-онасининг ахлоқий меъёрлар борасидаги фикрини қабул қилади.

МАСЛАҲАТ. Янгиликларда эшитганларингиз асосида ахлоқий меъёрларингиз борасида ўзингиз гап очинг. Масалан, аёлнинг номусига тажовуз қилингани ҳақида айтилганида, шундай деб сўрашингиз мумкин: «Баъзи эркаклар аёлларни зўрламоқчи бўлганини эшитсам, юрагим зирқираб кетади. Сен бу ҳақда нима деб ўйлайсан?»

Жинсий ҳаёт ҳақида ҳаққоний маълумотни етказинг. Албатта огоҳлантириб туриш керак (1 Коринфликларга 6:18; Ёқуб 1:14, 15). Лекин Муқаддас Китобда жинсий муносабатлар, асосан Шайтоннинг тузоғи эмас, балки Худонинг ҳадяси сифатида ёритиб берилган (Ҳикматлар 5:18, 19; Гўзал қўшиқ 1:2). Ўсмир фарзандингизга жинсий алоқанинг фақатгина салбий томонини таъкидлаб ўтсангиз, у тўлиқ тушунчага эга бўлмайди. Бу эса Муқаддас Китобдаги нуқтаи назарга мувофиқ келмайди. Франциялик Коррина исми ёш аёл қуйидагича фикр билдирди: «Ота-онам ахлоқсизликка кўп эътибор қаратишарди. Бу туфайли менда жинсий алоқага нисбатан салбий туйғулар ривожланган».

Фарзандингиз жинсий муносабатлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлганига амин бўлинг. Мексикада яшовчи Надия исмли она шундай дейди: «Жинсий муносабатлар Яҳова Таолонинг ажойиб ҳадяси бўлиб, одамлар ундан лаззат олиши учун яратган, дея болаларимга тушунтиришга ҳаракат қиламан. Аммо бундай муносабатлар фақатгина никоҳда бўлиши ўринлидир. Бу ҳадядан тўғри фойдаланиш бахт келтиради, акси эса азоб-уқубатга сабаб бўлади».

МАСЛАҲАТ. Кейинги сафар жинсий ҳаёт тўғрисида гап очилганида, суҳбатни ижобий фикр билан тугатинг. Қизингизга ёки ўғлингизга жинсий муносабатлар Худонинг ажойиб туҳфаси экани ва келажакда улар турмуш қурганларида бу ҳадядан лаззат топишлари ҳақида уялмай гапиринг. Ҳали бу пайтгача вақт бор экан, ўсмир фарзандингизни Худонинг меъёрларини янада маҳкам ушлашига унданг.

Ўсмирга ҳаракатининг оқибатларини тушунишга кўмаклашинг. Фарзандларингиз ҳаётнинг турли соҳаларида оқилона қарор чиқариши учун, ҳаммасини тарозига солиб, тўғри танлов қилишни ўрганишлари керак. Улар нима ёмон ва нима яхши эканини билса, етарли деб ўйлаш нотўғри. Австралиялик Эмма исмли аёл: «Ёшликдаги хатоларимга қараб, шуни тушундимки, Худонинг меъёрларини билиш билан уларга амал қилишнинг ўртасида катта фарқ бор экан. Чиндан ҳам, бу меъёрларга амал қилиш ёки қилмаслик қандай оқибатларга олиб келишини тушуниш муҳим».

Муқаддас Китобдаги маслаҳатлар ёрдамида ёмон йўлга қадам қўйишнинг оқибатлари аянчли эканини кўриш мумкин. Масалан, Ҳикматлар 5- боб, 8-, 9- оятларда, зинога қўл урган ёшлар, «ўз обрўини бегоналарга» берган билан солиштирилган. Мазкур оятларда, никоҳдан олдин жинсий яқинлик қилганлар, ўз ор-номусини поймол қилиши, Худонинг назаридаги покликни йўқотиши ва ўзини ҳам ҳурмат қилмай қўйиши кўрсатилган. Бундайлар, бокиралигини сақлаб келган киши билан турмуш қуриш имкониятидан маҳрум бўлишлари мумкин. Шундай экан, фарзандигиз билан бирга Худонинг қонунларини бузиш жисмоний, ҳиссий ҳамда маънавий зарар етазиши ҳақида мулоҳаза юритиб, уларга бу йўлда мустаҳкам туришларига кўмаклашасиз *.

МАСЛАҲАТ. Худонинг қонун-қоидаларига амал қилиш оқилона эканлигини кўрсатиш учун мисоллардан фойдаланинг. Масалан, шундай дейишингиз мумкин: «Гулхан яхши нарса, аммо ёнғин ёмондир. Хўш, уларнинг орасида қандай фарқ бор ва бу мисолни жинсий муносабатлар тўғрисидаги Худонинг меъёрларига нисбатан қандай қўлласа бўлади?» Ҳикматлар 5- боб, 3–14- оятларидаги ҳикоя ёрдамида, фарзандингизга зинонинг аянчли оқибатлари ҳақида айтиб беринг.

Япониялик 18 яшар Такао исмли йигит мана шундай дейди: «Нима яхши ва нима ёмон эканини биламан, аммо тана хоҳишига қарши курашиш қийин». Бундай туйғулар ҳаммада ҳам бўлиб туришини билиш, ёшларга далда беради. Ҳатто Исонинг садоқатли издоши Павлус: «Тўғри бўлган нарсани қилмоқчи бўлсам, ёнимда ёмонлик туради»,— деб айтган эди (Римликларга 7:21).

Ўсмирлар бундай қийинчиликка дуч келаётганининг фойдали томони ҳам бор. Бу туйғулар, уларни қандай инсон бўлиб етишиш борасида ўйлаб кўришга ундайди. Мисол учун улар қуйидаги саволлар устидан мулоҳаза юритишар: «Ҳаётимни нимага бағишлар эдим? Одамлар мени иродали ва қатъиятли одам сингари ёки тана хоҳиши билан яшайдиган инсон сифатида танишларини истардимми?» Ахлоқий меъёрларни қадрлаётган ўсмир, бу каби саволларга оқилона жавоб топа олади.

[Изоҳлар]

^ Баъзи исмлар ўзгартирилган.

^ Фарзанларингиз билан секс, яъни жинсий ҳаёт ҳақида қандай қилиб суҳбатни бошлашингиз ва ёшини эътиборга олиб, қандай жинсий тарбия беришингиз мумкинлиги тўғрисида маълумот олиш учун, «Қўриқчи минораси» журналининг 2010- йил 1- ноябрь 12–14- саҳифаларга (рус) қаранг.

^ Кўпроқ маълумот олиш учун Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чоп этилган «Уйғонинг!» журналининг (рус) 2010- йил, апрель сони «Ёшларнинг саволлари» туркумидаги мақолага қаранг.

ЎЗИНГИЗДАН СЎРАНГ...

▪ Фарзандларим юқори ахлоқий меъёрларга амал қилаётганини нимадан билсам бўлади?

▪ Ўғлим ёки қизим билан жинсий муносабат борасида суҳбатлашаётиб, буни Худонинг ҳадяси ёки Шайтоннинг тузоғи сифатидами ёритиб беряпманми?

[20- саҳифадаги рамка]

Муқаддас Китобнинг маслаҳатлари ишончлидир

«Муқаддас Китобнинг ахлоқий меъёрлари вақт синовидан ўтган. Бугунги кунда аксарият ёшлар жинсий ҳаётга эрта қадам қўйиб, никоҳда бўлмай туриб ҳомиладор бўлиш, ОИТС ва жинсий алоқа орқали ўтадиган юқумли касалликлар дастидан азоб чекишмоқда. Аммо Муқаддас Китобда аниқ айтилишича, жинсий муносабатлар... фақатгина никоҳда қувонч келтириб, хавфсиз бўлади» («Parenting Teens With Love and Logic»).