Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Худо Шоҳлигининг Шоҳи ким?

Худо Шоҳлигининг Шоҳи ким?

Худо бир қанча Муқаддас Китоб ёзувчилари орқали Шоҳлигининг Шоҳи ким бўлишини аниқлашга ёрдам берадиган қуйидаги тафсилотларни ёзиб қолдирган:

  • Аллоҳ томонидан танланган. «Мен подшоҳимни тайинладим... Сенга халқларни мерос қилиб, бутун ер юзини мулк қилиб бераман». (Забур 2:6, 8)

  • Шоҳ Довуднинг меросхўри. «Биз учун бола туғилди, бизга бир ўғил ато этилди... Унинг ҳокимияти ортиб боради, Довуднинг тахтида, унинг шоҳлигида тинчликнинг чеки бўлмайди, ҳокимиятини мустаҳкам ўрнатади». (Ишаё 9:6, 7)

  • Байтлаҳмда туғилган. «Эй Байтлаҳм... иродамни бажарадиган ҳукмдор сендан чиқади... Унинг буюклиги ернинг чеккаларигача етади». (Михо 5:2, 4)

  • Инсонлар томонидан рад этилган ва қатл қилинган. «Инсонлар уни менсимади, биз уни одам қаторида санамадик... У бизнинг гуноҳларимиз учун санчилди, қилмишларимиз учун азоб чекди». (Ишаё 53:3, 5)

  • Тирилтирилган ва улуғланган. «Сен мени мозорда ташлаб кетмайсан. Садоқатли хизматчинг қабрга тушишига йўл қўймайсан... Ўнг томонингда бўлиш, тоабад бахт-саодатга етаклайди». (Забур 16:10, 11)

Исо Масиҳ — мукаммал Ҳукмдордир

Инсоният тарихида фақатгина битта инсон мукаммал Ҳукмдорга хос юқоридаги барча тафсилотларга мос келади. Бу — Ҳазрати Исо Масиҳдир. Унинг онаси Марямга бир фаришта: «Тангри... унга бобокалони Довуднинг тахтини беради...ва Шоҳлигининг чеки бўлмайди»,— деб айтганди. (Луқо 1:31–33)

Исо пайғамбар ҳеч қачон ерда ҳукмронлик қилмаган. Аксинча, у келажакда одамзод устидан Аллоҳ Шоҳлигининг Подшоҳи сифатида осмондан бошқаради. Нега у мукаммал Ҳукмдор бўла олади? Келинг, у ер юзида бўлганида қандай ишлар қилганини кўриб чиқайлик.

  • Исо алайҳиссалом одамларга ғамхўрлик қилган. У одамларнинг келиб чиқиши ёки жамиятда тутган ўрнидан қатъи назар, ёшу қариларга, аёллару эркакларга ёрдам берган. (Матто 9:36; Марк 10:16) Мохов киши: «Сиз мени пок қила оласиз, фақат истасангиз бас»,— деб ёлворганида, Ҳазрати Исо унга раҳмдиллик кўрсатиб, шифо берган. (Марк 1:40–42)

  • Исо алайҳиссалом қай йўсин Худони мамнун қилишимиз мумкинлигини ўргатган. У шундай деган: «Сизлар ҳам Худонинг, ҳам бойликнинг қули бўла олмайсизлар». Қолаверса, у бошқалар бизга қандай муносабатда бўлишини хоҳласак, биз ҳам уларга шундай муносабатда бўлишимиз кераклигини айтган. Боз устига Исо Худони нафақат қандай ишлар қилаётганимиз, балки нималарни ўйлаётганимиз ва ҳис қилаётганимиз қизиқтиришини кўрсатган. Демак, Аллоҳни мамнун этиш учун қалбимиз тубидаги туйғуларни назорат қилишимиз даркор. (Матто 5:28; 6:24; 7:12) Исо пайғамбар чинакам бахтга эришишимиз учун Худо биздан нималарни талаб қилаётганини билиб олишимиз, сўнг буларни амалда бажаришимиз кераклигини таъкидлаб ўтган. (Луқо 11:28)

  • Исо алайҳиссалом севги нимани англатишини ўргатган. Унинг сўзларию ишлари кучли таъсирга эга бўлиб, тингловчиларининг қалбини забт этганди. «Халойиқ унинг таълим бериш тарзига қойил қолган эди. Сабаби Исо... Аллоҳдан ваколат олган кишидай ўргатарди». (Матто 7:28, 29) Исо пайғамбар одамларга: «Душманларингизни севинглар»,— дея таълим берганди. Исо ҳатто унинг ўлимида айбдор бўлган айрим кишилар учун ибодат қилиб: «Отажон, буларни кечир, чунки улар нима қилишаётганини билишмайди»,— деб айтганди. (Матто 5:44; Луқо 23:34)

Ҳазрати Исо инсонларга ёрдам қўлини чўзишга тайёрлиги ҳамда меҳрибонлиги учун дунёнинг энг яхши Ҳукмдори бўла олади. Аммо у ўз бошқарувини қачон бошлайди?