Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ҳис-туйғуларимизга асосланиб қарор чиқариш доим ҳам тўғрими?

Кўпчилик нимага асосланиб қарор чиқаради?

Кўпчилик нимага асосланиб қарор чиқаради?

Деярли ҳаммамиз қайсидир ҳаракатлар тўғри, қайсиларидир нотўғри эканини аниқ ажрата оламиз. Масалан, аксарият одамлар қотиллик, номусга тегиш, болаларни зўрлаш каби ишларни қоралайди, адолат, меҳрибонлик ва ҳамдардликни эса мақтовга лойиқ, деб ҳисоблайди. Бироқ кўпларнинг фикрича, ҳаётнинг бошқа соҳаларида, жумладан, ким билан жинсий алоқа қилиш, рост гапириш-гапирмаслик, фарзандни қандай тарбиялаш каби масалаларда тўғри ё нотўғри деб саналадиган ягона меъёр йўқ. Улар бу масалаларда чиқарилган деярли ҳар қандай қарорни мақбул деб ҳисоблашади. Одатда одамлар ўз ҳис-туйғуларига ва бошқаларнинг фикрига асосланиб қарор чиқаришади. Аммо бундай йўл тутиш доим ҳам тўғрими?

ҲИС-ТУЙҒУЛАРИМИЗГА АСОСЛАНИБ ҚАРОРЛАР ЧИҚАРИШИМИЗ КЕРАКМИ?

Кўпинча ҳис-туйғуларимиз ёки виждонимиз, яъни нима яхши ва нима ёмон эканини ажратишга ёрдам берадиган ички туйғу асосида қарорлар чиқарамиз. (Римликларга 2:14, 15) Ҳатто ёш болалар ҳам адолатсизлик нималигини билишади ва нотўғри иш қилиб қўйишганда ўзларини айбдор ҳис қилишади. Вақт ўтгани сайин виждонимиз оиламизнинг, тенгдошларимизнинг, ўқитувчиларимизнинг ва қўшниларимизнинг қадриятлари асосида ҳамда динимизу маданиятимиз таъсири остида шаклланади. Қарорлар чиқараётганимизда виждонимиз қилган танловимиз қадриятларимизга мос келиш-келмаслигини айтиб туради.

Яхшини ёмондан фарқлаш туйғуси бизни бошқаларга раҳм-шафқат, миннатдорчилик, адолат ва ҳамдардлик кўрсатишга ундаши мумкин. Қолаверса, бу туйғу бизни яқин инсонларимизга озор етказиши мумкин бўлган ёки хижолат тортишимизга, уялиб қолишимизга ва ўзимизни айбдор ҳис қилишимизга олиб келиши мумкин бўлган ишларни қилишдан тўхтата олади.

Ҳис-туйғуларимизга асосланиб қарор чиқариш доим ҳам тўғрими? Ёшлигида Гарик «Хоҳлаганимни қиламан» деган шиор билан яшаган. Лекин кейинчалик Гарик у тўғри деб билган ишлар ёмон оқибатларга олиб келишини тушунди. Шунда у ўзини жуда бахтсиз ҳис қила бошлади, чунки ахлоқсизлик, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва зўравонликка берилиб кетганди.

БОШҚАЛАРНИНГ ҲИС-ТУЙҒУЛАРИГА АСОСЛАНИБ ҚАРОРЛАР ЧИҚАРИШИМИЗ КЕРАКМИ?

Одатда қарор чиқарганимизда нафақат ҳис-туйғуларимизни, балки бошқалар қарорларимизга қандай муносабатда бўлишини ҳам инобатга оламиз. Бу эса бизга доно ва тажрибали инсонларнинг мисолидан фойда олишимизга кўмаклашиши мумкин. Оила аъзоларимиз, дўстларимиз ва қўшниларимиз тўғри деб ҳисоблайдиган ишларни қилганимизда уларнинг ҳурматини қозонамиз.

Бошқаларнинг ҳис-туйғулари асосида қарор чиқариш доим ҳам тўғрими? Ёшлигида Присила тенгдошлари орасида одатий ҳисобланган ишларни қилган ва турмуш қурмай туриб кўплар билан жинсий алоқада бўлган. Лекин у бошқалар тўғри деб билган ишларни қилиш унга бахт келтирмаётганини тушунди. У шундай деди: «Ҳамма қатори йўл тутиш мени бахтли қилмаётган эди. Аксинча, бу аҳмоқона ва хавфли ишларга қўл уришимга сабаб бўлди».

ДОНО ҚАРОРЛАР ЧИҚАРИШНИНГ ЯХШИРОҚ ЙЎЛИ БОРМИ?

Нима тўғри ва нима нотўғри экани борасида қарор чиқарганимизда ўзимизнинг ва бошқаларнинг ҳис-туйғуларини инобатга олиш муҳим. Лекин фақатгина бунга асосланиб йўл тутиш доим ҳам яхши натижаларга олиб келмайди. Баъзида ўзимизга ёки бошқаларга зарар етказишимиз мумкин, чунки чиқарган қарорларимиз қандай оқибатларга олиб келишини билмаймиз. (Ҳикматлар 14:12) Қолаверса, бизнинг ёки атрофимиздаги одамларнинг қадриятлари фойдамизга хизмат қилишига ва бир кун келиб ўзгармаслигига кафолат йўқ. Бундан ташқари, бугунги кунда кўпчилик қачондир нотўғри деб ҳисобланган хатти-ҳаракатларни тўғри, тўғриларини эса нотўғри деб ҳисоблайди.

Бошқалар каби йўл тутиш доим ҳам тўғрими?

Нима тўғри ва нима нотўғри эканини аниқлашнинг яхшироқ йўли борми? Ҳозирнинг ўзида амал қилишимиз мумкин бўлган ва йиллар ўтса ҳам умидимиз пучга чиқишига олиб келмайдиган ахлоқий меъёрларни топса бўладими?

Яхшиямки, ҳар ерда ва ҳар кимга ёрдам берадиган, ўзгармас ҳамда ишончли ҳисобланадиган ахлоқий меъёрлар мавжуд. Навбатдаги мақолада нима тўғри ва нима нотўғри эканини фарқлашга кўмаклашадиган энг ишончли меъёрларни қаердан топишимиз мумкинлиги ҳақида гап боради.