Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Аллоҳга яқинлашинглар, шунда У ҳам сизларга яқинлашади». (Ёқуб 4:8)

Аллоҳ ибодатларимизни эшитадими?

Аллоҳ ибодатларимизни эшитадими?

Сизда қачондир «Худо ибодатларимни эшитяптимикин?» деган савол туғилганми? Агар шундай бўлса, сиз ёлғиз эмассиз. Кўп одамлар қандайдир муаммолари ҳақида Худога ибодат қилишади, аммо улар ҳал бўлмайди. Бу Аллоҳ ибодатларимизга эътибор бермаётганини англатадими? Йўқ, албатта! Муқаддас Китоб шунга ишонтиряптики, агар Худога маъқул тарзда ибодат қилсак, У бизни тинглайди. Келинг, Аллоҳнинг Каломида бу ҳақда нима дейилганини кўриб чиқайлик.

АЛЛОҲ СИЗНИ ЭШИТАДИ.

«Эй, ибодатларни Эшитгувчи, ҳар турли инсонлар ҳузурингга келади». (Забур 65:2)

Айрим одамлар аслида уларни кимдир эшитаётганига ишонишмаса-да, ўзларини яхшироқ ҳис қилиш учунгина ибодат қилишади. Бироқ ибодат шунчаки ўзимизни яхшироқ ҳис қилиб, муаммоларимиз билан курашишга ёрдам берадиган восита эмас. Муқаддас Китоб бизни шундай деб ишонтирмоқда: «Яҳова * Уни чақираётган кишиларга, Уни чин қалбдан чақираётганларга яқиндир... [У] уларнинг фарёдини эшитади». (Забур 145:18, 19)

Шу боис, Аллоҳ Яҳова Унга топинадиган кишиларнинг ибодатини эшитишига амин бўлишимиз мумкин. Унинг Ўзи меҳр ила шундай демоқда: «Сизлар Мени чақирасизлар, келиб Менга ибодат қиласизлар ва Мен сизларни эшитаман». (Еремиё 29:12)

ХУДО УНГА ИБОДАТ ҚИЛИШИНГИЗНИ ИСТАЙДИ.

«Доимо ибодат қилинглар». (Римликларга 12:12)

Худонинг Каломи бизни «доим ибодат қилишга» ҳамда «ҳар фурсатда... ибодат қилиб туришга» ундайди. Бундан кўриняптики, Тангри Яҳова Унга ибодат қилишимизни хоҳлайди. (Матто 26:41; Эфесликларга 6:18)

Нега Худо Унга ибодат қилишимизни истайди? Бир мисолни кўриб чиқайлик. Жажжи бола отасидан ёрдам сўрайди. Шунда ота хурсанд бўлади. Тўғри, ота фарзанди нимага муҳтож эканини ва нимани ҳис қилаётганини олдиндан билиши мумкин. Аммо ота боласи ёрдам сўраганини эшитганида, боласи унга ишонаётганини ва унга яқин бўлишни истаётганини кўради. Шу сингари биз ҳам Аллоҳ Яҳовага ибодат қилганимизда, Унга ишонаётганимизни ва Унга яқин бўлишни истаётганимизни кўрсатамиз. (Ҳикматлар 15:8; Ёқуб 4:8)

ХУДО СИЗГА ҒАМХЎРЛИК ҚИЛАДИ.

«Барча ғам-ташвишларингизни Унга ташланглар, чунки У сизларга ғамхўрлик қилади». (1 Бутрус 5:7)

Худо бизни яхши кўргани ва биз ҳақимизда қайғургани учун Унга ибодат қилишимизни истайди. У барча муаммоларимизу ташвишларимиздан хабардор бўлиб, бизга ёрдам беришни хоҳлайди.

Довуд пайғамбар ҳаёти давомида Тангри Яҳовага ибодат қилиб ёрдам сўраган ва фикрларию туйғуларини Унга тўкиб солган. (Забур 23:1–6) Худо Довуд ҳақида қандай фикрда бўлган? У Довудни яхши кўрган ва унинг кўпдан-кўп ибодатларини тинглаган. (Ҳаворийлар 13:22) Шунга ўхшаб, Аллоҳ биз ҳақимизда қайғургани учун бизнинг ҳам дуоларимизга қулоқ тутади.

«МЕН ЯҲОВАНИ ЯХШИ КЎРАМАН, БОИСИ, У... ИЛТИЖОИМНИ ЭШИТАДИ»

Мазкур сўзлар Забур китобидаги санолардан бирини ёзган инсонга тегишли. Бу инсон Худо унинг ибодатларини эшитаётганига амин бўлган ва буни билиш унга қаттиқ таъсир қилган. Натижада у ўзини Худога яқин ҳис қилган ва ҳаёт машаққатлари ҳамда қайғуларни енгиш учун куч топа олган. (Забур 116:1–9)

Аллоҳ бизни эшитаётганига ишончимиз комил бўлса, Унга ибодат қилишда давом этамиз. Испаниянинг шимолида яшовчи Педро исмли кишининг мисолини кўриб чиқайлик. У автоҳалокат туфайли 19 яшар ўғлидан айрилди. Бундан қайғуга ботган Педро қалбида борини Худога тўкиб солди ва қайта-қайта ибодат қилиб, Ундан тасалли беришини ҳамда қўллаб-қувватлашини сўради. Кейин нима бўлгани ҳақида Педро шундай деди: «Имондошларимиз рафиқам билан менга тасалли бериб, қўллаб-қувватлашди ва шу йўсин Яҳова ибодатларимга жавоб берди».

Ғамхўр дўстларимиз бизга тасалли бериб, қўллаб-қувватлашганида, кўпинча ибодатларимизга жавоб оламиз

Педронинг ўғли ҳаётга қайтмаган бўлса-да, ибодатлар унга ва оиласига катта ёрдам берди. Унинг турмуш ўртоғи Мария Кармен қуйидагиларни айтди: «Ибодатлар қайғуга дош беришимга кўмаклашди. Аллоҳ Яҳова мени тушунаётганига амин эдим, чунки ибодат қилганимда қалбимда хотиржамликни ҳис этардим».

Муқаддас Китобдан ва юқоридаги мисоллардан кўриняптики, Худо ибодатларни эшитади. Аммо У ҳамма ибодатларга ҳам жавоб беравермайди. Қизиқ, нега У айрим ибодатларга жавоб беради-ю, бошқаларига эса йўқ?

^ абз. 5 Яҳова — Худонинг исмидир. (Забур 83:18)