Асосий материалларга ўтиш

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ

«Жавоблардан кўра саволларим кўпроқ эди»

«Жавоблардан кўра саволларим кўпроқ эди»
  • Туғилган йили: 1976

  • Мамлакати: Гондурас

  • Ўтмишда: черков пастори

ОЛДИНЛАРИ

 Мен Гондураснинг Ла-Сейба шаҳрида туғилганман. Оилада бешта фарзанднинг кенжаси ва ёлғиз ўғил эдим. Оиламизда фақат мен кар эдим. Оиламиз билан хавфли ҳудудда яшардик ва жуда камбағал эдик. Тўрт ёшлигимда отам ишхонасида содир бўлган бахтсиз ҳодиса туфайли ҳаётдан кўз юмди. Шундан кейин ҳаётимиз янада оғирлашиб кетди.

 Онам опаларим ва менга ғамхўрлик қилишга ҳаракат қиларди, лекин менга кийим сотиб олишга одатда пули етмасди. Ёмғир ёққанда иссиқ кийимларим бўлмагани учун совуқ қотардим.

 Катта бўлганимда гондурас имо-ишора тилини ўргандим, натижада бошқа кар инсонлар билан мулоқот қилишни бошладим. Аммо онам ва опаларим гондурас имо-ишора тилини билмасди, улар бир нечта имо-ишора ва мен билан гаплашиш учун ўзлари ўйлаб топган ишораларни билишарди, холос. Онам мени яхши кўргани учун хавф-хатардан ҳимоя қиларди. У ўзи билган бир нечта имо-ишора ёрдамида тамаки чекиш ҳамда ичкиликбозлик каби иллатлардан қочиш муҳимлигини тушунтириб берарди. Мен бу каби иллатлардан холи равишда катта бўлганимдан хурсандман.

 Ёшлигимда онам мени католик черковига олиб борарди, лекин у ерда айтиб берилаётган нарсаларни имо-ишора тилига таржима қилиб беришмагани учун мен ҳеч нимани тушунмасдим. Зерикиб кетганимдан черковга бормай қўйдим. Ўшанда ўн ёшда эдим. Аммо Худо ҳақида билим олиш истагим сўнмаганди.

 1999 йили 23 ёшлигимда инжилчилар черковининг аъзоси бўлган бир аёлни учратдим. У Қўшма Штатлардан эди. У менга Муқаддас Китобдан таълим берди ва америка имо-ишора тилини ўргатди. Муқаддас Китобдан билиб олганларим менга қаттиқ ёққанидан пастор бўлишга қарор қилдим. Шундай қилиб мен Пуэрто-Рикога кўчдим ва Кар христианларга таълим бериш жамиятига бора бошладим. 2002 йили Ла-Сейбага қайтганимда, бир нечта дўстларимнинг ёрдами билан кар инсонлар учун черков ташкил этдим. Кейинчалик ўша дўстларимдан бирига — Патрисияга уйландим.

 Пастор сифатида мен черковимизда гондурас имо-ишора тилида ваъз ўқирдим, Муқаддас Китоб ҳикояларига тааллуқли расмлар кўрсатардим ҳамда кар инсонлар тушуниши учун ўша воқеаларни саҳналаштириб берардим. Қолаверса, яқин атрофдаги шаҳарларда яшовчи кар инсонларникига ташриф буюриб, уларга далда берардим ва муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашардим. Мен ҳатто Қўшма Штатлар ҳамда Замбияга миссионерлик саёҳатига борганман. Аслини олганда Муқаддас Китоб ҳақида унча кўп нарсани билмасдим. Мен бошқаларга менга айтиб беришган ҳамда расмлардан ўзим тушуниб олган нарсаларни гапириб берардим. Ҳа, жавоблардан кўра саволларим кўпроқ эди.

 Бир куни черковимнинг баъзи аъзолари мен ҳақимда ёлғон тарқата бошлашди. Уларнинг айтишича, мен пиёниста ва хотинимга хиёнат қилар эканман. Бундан хафа бўлдим ва жаҳлим чиқди. Ўшандан кейин Патрисия ва мен черковни тарк этдик.

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ

 Яҳованинг Шоҳидлари бизникига тез-тез келиб туришарди, лекин мен ва Патрисия уларга ҳеч ҳам қулоқ солмасдик. Бироқ черковни тарк этганимиздан кейин, Патрисия Яҳованинг Шоҳидлари Томас ва Лисси исмли эр-хотин билан Муқаддас Китобни ўрганишга рози бўлди. Улар кар бўлишмаса-да, имо-ишора тилини билишини кўриб қойил қолдим. Кўп ўтмай мен ҳам Патрисияга қўшилдим.

 Биз америка имо-ишора тилидаги видеолар ёрдамида бир неча ой тадқиқ ўтдик. Аммо баъзи дўстларимиз Яҳованинг Шоҳидлари инсонлар ортидан эргашади деб уларни ёмонлашди ва биз тадқиқни тўхтатдик. Гарчи Томас Яҳованинг Шоҳидлари инсоний раҳбарлар ортидан эргашмаслиги тўғрисида далиллар кўрсатган бўлса-да, мен барибир унга ишонмадим.

 Бир неча ой ўтгач, Патрисия қаттиқ тушкунликка тушди, у Худога ибодат қилиб Яҳованинг Шоҳидлари яна эшигимизни тақиллатишини сўради. Кўп ўтмай Яҳованинг Шоҳиди бўлган бир қўшнимиз Патрисиядан хабар олди ва у Лиссидан Патрисиянинг олдига келишни илтимос қилишини айтди. Лисси чинакам дўст эканини исботлади. У ҳар ҳафта Патрисиянинг ёнига келиб, далда берарди ва тадқиқ ўтказарди. Менда эса ҳали-ҳануз Яҳованинг Шоҳидлари ҳақида шубҳалар бор эди.

 2012 йили Яҳованинг Шоҳидлари гондурас имо-ишора тилида «Ҳақиқатни билиб олишни истайсизми?» номли видеони кўрсатиш бўйича махсус кампанияда иштирок этишди. Лисси бизга ҳам бу видеони кўрсатди. Бу видеони кўриб ҳангу манг бўлиб қолдим. Чунки мен ўргатган таълимотларнинг кўпи, жумладан, дўзах, ўлмас жон кабилар Муқаддас Китобга асосланмаган экан.

 Кейинги ҳафта Томас билан гаплашиш учун Яҳова Шоҳидларининг Йиғилиш залига бордим. Мен Томасга кар инсонларга Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни ўргатмоқчи эканимни, фақат буни Яҳованинг Шоҳиди сифатида эмас, балки ўзимнинг черковимни ташкил этиб қилмоқчи эканимни айтдим. Ғайратга тўлганимни кўриб Томас мени мақтади, лекин кейин Эфесликларга 4:5 ни кўрсатди-да, ҳақиқий масиҳийлар жамоатида бирлик бўлиши муҳимлигига урғу берди.

 Томас менга америка имо-ишора тилида «Яҳованинг Шоҳидлари — фаол имон, 1- қисм. Қоронғиликдан» номли видеони кўрсатди. Ушбу видеода қандай қилиб бир гуруҳ одамлар асосий таълимотлар тўғрисидаги ҳақиқатни тушуниш учун Муқаддас Китобни синчковлик билан тадқиқ қилганини кўрдим. Видеони томоша қилаётганимда бу инсонлар нималарни ҳис қилганини тушундим. Улар сингари мен ҳам ҳақиқатни излаётгандим. Бу видео туфайли Яҳова Шоҳидларининг эътиқодлари фақат Муқаддас Китобга асослангани учун улар ҳақиқатни ўргатишаётганига амин бўлдим. Шундай қилиб мен Муқаддас Китобни қайтадан тадқиқ қилишни бошладим ва 2014 йили Патрисия билан Яҳованинг Шоҳидлари сифатида сувга чўмдик.

ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?

 Яҳова Шоҳидларининг жамоатлари Худо сингари пок бўлгани учун уларни яхши кўраман. Унга топинувчилар сўзда ва бошқалар билан муомалада покдир. Улар тинчликсевар ва бир-бирига далда беради. Шоҳидлар орасида бирлик бор ва улар қайси мамлакатда яшамасин ёки тилга мансуб бўлмасин, ўша-ўша Муқаддас Китоб ҳақиқатларини ўргатишади.

 Муқаддас Китоб ҳақиқатларини ўрганиш менга завқ келтирарди. Масалан, Яҳова Қодир Тангри ва бутун ер юзининг Олий Ҳукмдори эканини билиб олдим. У карларни ҳам, эшитадиганларни ҳам яхши кўради. Худонинг менга бўлган севгисини қадрлайман. Шунингдек, бутун ер юзи жаннатга айланишини ҳамда барчамиз мукаммал соғликка эга бўлиб, абадий ҳаётдан баҳраманд бўлиш имконига эга эканимиз ҳақида билиб олдим. Буларнинг бари амалга ошадиган кунни интиқиб кутяпман!

 Патрисия ва мен кар инсонларга Муқаддас Китоб ҳақида гапиришни яхши кўрамиз. Ҳозир собиқ черковимизнинг баъзи аъзолари билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказяпмиз. Пастор бўлиб юрганимда ўзим таълим берган нарсалар борасида саволларим кўп эди, аммо ҳозир бундай эмас. Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни ўрганиб, саволларимга қониқарли жавоб топдим.