Асосий материалларга ўтиш

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ

Улар барча саволларга Муқаддас Китоб асосида жавоб берарди

Улар барча саволларга Муқаддас Китоб асосида жавоб берарди
  • ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1950

  • МАМЛАКАТИ: ИСПАНИЯ

  • ЎТМИШДА: КАТОЛИК РОҲИБАСИ

ОЛДИНЛАРИ

Мен туғилганимда Испаниянинг шимоли-ғарбидаги Галисия вилоятида ота-онамнинг мўъжазгина фермаси бор эди. Биз оилада саккизта фарзандмиз, мен эса тўртинчисиман. Оиламиз жудаям иноқ бўлган. Ўша пайтлари камида битта фарзандни руҳоний семинария ёки монастирга юборишарди. Оиламиздан иккитамиз монастирга, биттамиз эса семинарияга борганди.

13 ёшлигимда Мадриддаги монастирга бордим. Опам аллақачон ўша ерда эдилар. Монастирдагилар ниҳоятда қаттиққўл эди. У ерда дўстликдан асар ҳам йўқ эди — фақат қоидалар, дуолар ва тарки дунё ҳаёт. Эрта саҳардан Худо ҳақида мулоҳаза юритиш учун кичик ибодатхонада йиғилардик, лекин мен ҳеч нарса тўғрисида фикр юритмасдим. Кейин мадҳиялар куйлаб, ибодатлар қилардик ва ҳаммаси лотин тилида ўтарди. Мен деярли ҳеч вақони тушунмасдим, шунга Худо мен учун етти ёт бегона шахс эди. Кунларим қаттиқ сукунатда ўтарди. Опам билан кўришганимизда бир-биримизга: «Бокира Марямга шарафлар бўлсин»,— деб айта олардик, холос. Роҳибалар бизга фақат овқатдан кейин ярим соат гаплашишга рухсат беришарди. Монастир ота-онамнинг ташвишсиз уйидан кескин фарқ қиларди. Ўзимни ёлғиз ҳис қилардим ва тез-тез йиғлардим.

Гарчи ҳеч қачон ўзимни Худога яқин ҳис қилмаган бўлсам-да, 17 ёшимда қасам ичиб, роҳиба бўлишга қарор қилганман. Ростини айтсам, мендан кутилган ишни қилгандим, холос. Лекин тез орада Худо мени бундай хизмат учун танлаганидан шубҳалана бошладим. Кўпинча роҳибалар: «Шубҳаланганлар жаҳаннамга тушади!» — деб айтишарди. Лекин бу менга шубҳалардан халос бўлишга ёрдам бермади. Исо Масиҳ ўзини бошқалардан олиб қочмаганини, аксинча таълим бериш билан банд бўлиб, ўзгаларнинг эҳтиёжига ғамхўрлик қилганини билардим. (Матто 4:23–25) 20 ёшга тўлганимда роҳиба бўлишдан ҳеч қандай маъно йўқлигини тушундим. Ва кутилмаганда роҳиба она: «Агар иккиланаётган бўлсанг, монастирни тарк этганинг афзалроқ»,— деб айтди. Менимча, у бошқаларга таъсир қилишимдан қўрққан. Шунга монастирдан кетдим.

Уйга қайтганимда, ота-онам мени тўғри тушуниб, жуда илиқ қарши олишди. Лекин қишлоғимизда иш бўлмагани учун, укаларимдан бирининг ёнига — Германияга жўнадим. У муҳожир испанларнинг коммунистик гуруҳи аъзоси эди. Мен бу одамлар билан тезда тил топишиб кетдим. Улар ишчиларнинг ҳақ-ҳуқуқи ҳамда эркак ва аёллар ўртасидаги тенглик учун курашган. Мен коммунистик партиясига қўшилдим ва кейин бу партиянинг аъзоларидан бирига турмушга чиқдим. Коммунистларнинг адабиётларини тарқатиб ва норозилик юришларида қатнашиб, арзигулик иш билан машғулман, деб ўйлардим.

Бироқ вақт ўтиб, яна умидсизликка тушдим. Коммунистларнинг сўзи билан иши фарқ қилишига эътибор бердим. Партиямизнинг айрим ёш аъзолари 1971 йили Франкфуртдаги Испания элчихонасига ўт қўйишганида шубҳа-гумонларим янада кучайди. Улар буни Испаниянинг диктаторлик режимига норозилик билдириш мақсадида қилишган эди. Лекин бундай тарзда норозилик билдиришни нотўғри, деб ҳисоблардим.

Биринчи фарзандимиз дунёга келганидан кейин эримга: «Бундан буён Коммунистларнинг йиғинларига бормайман»,— деб айтдим. Ўзимни ёлғиз ҳис қилардим, чунки олдинги дўстларим мен ва боламни бир марта ҳам йўқлаб келгани йўқ. Ҳаёт мазмуни ҳақида ўйлаб қолдим. Ўзи жамиятни яхшилашга уриниш арзийдими?

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ.

1976 йили, кунларнинг бирида икки нафар Яҳованинг Шоҳиди эшигимизни тақиллатиб, бизга Муқаддас Китобга асосланган адабиётлар таклиф қилди ва мен олдим. Шоҳидлар яна келишганида, мен уларни азоб-уқубатлар, тенгсизлик ва адолатсизлик ҳақидаги саволлар билан кўмиб ташладим. Улар барча саволларга Муқаддас Китоб асосида жавоб бергани мени лол қолдирди. Мен Муқаддас Китоб тадқиқига бажонидил рози бўлдим.

Бошида менга фақат билим олиш ёқарди. Лекин эрим иккаламиз Яҳова Шоҳидларининг жамоат учрашувларига қатнашни бошлаганимизда ҳаммаси ўзгариб кетди. Ўша пайтга келиб икки нафар фарзандимиз бор эди. Яҳованинг Шоҳидлари бизни машинада Йиғилиш залига олиб боришарди ва учрашувлар пайтида болаларимизга қараб туришарди. Мен Шоҳидларни яхши кўриб қолдим.

Шунга қарамай, таълимотлар ҳақидаги баъзи саволларим жавобсиз қолганди. Шунинг учун Испаниядаги қариндошларимникига бориб келишга қарор қилдим. Руҳоний бўлган тоғам мени Муқаддас Китобни тадқиқ қилмасликка кўндирмоқчи эди. Лекин маҳаллий Шоҳидлар менга катта ёрдам беришди. Улар Муқаддас Китобга оид саволларимга худди Германиядаги Шоҳидлар каби жавоб беришарди. Германияга қайтганимда Муқаддас Китоб тадқиқини давом эттиришга қарор қилдим. Эрим тадқиқни тўхтатган бўлса ҳам, мен шаштимдан қайтмадим. 1978 йили сувга чўмиб, Яҳованинг Шоҳиди бўлдим.

ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?

Муқаддас Китоб ҳақиқатлари тўғрисидаги аниқ билимлар ҳаёт мазмунини топишимга ва арзигулик мақсадлар қўйишимга кўмаклашди. Масалан, 1 Бутрус 3:1–4 даги сўзлар хотинларни эрини «чуқур ҳурмат қилиб», «бўйсунишга» ҳамда «Аллоҳнинг назарида қимматбаҳо ҳисобланган сокин ва мулойим руҳни» ривожлантиришга чорламоқда. Бундай маслаҳатлар менга бугунги кунгача хотин ва она вазифасини бажаришимга ёрдам бериб келмоқда.

Мана 35 йилдирки, мен Яҳованинг Шоҳидиман. Ҳақ Худога хизмат қилаётган улкан маънавий оиланинг аъзоси эканимдан ва бешта фарзандимдан тўрттаси ҳақиқат йўлини танлаганидан жудаям хурсандман.