Асосий материалларга ўтиш

Худо ҳар ерда мавжудми?

Худо ҳар ерда мавжудми?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Худо ҳамма нарсани кўриб турибди ва Ўз иродасини ҳар жойда амалга ошира олади. (Ҳикматлар 15:3; Ибронийларга 4:13) Бироқ Муқаддас Китобда Худо ҳар ерда ва ҳар нарсада мавжуд, деб айтилмаган. Аксинча, унга кўра Худо Шахс ва Унинг Ўз макони бор.

  •   Худо қандай? Худо руҳий Шахсдир. (Юҳанно 4:24) У одамларга кўринмайди. (Юҳанно 1:18) Муқаддас Китобдаги ваҳийларга кўра, Худо доим олисда макон қурган Шахсдай тасвирланган. У ҳеч қачон ҳар ерда деб тилга олинмаган. (Ишаё 6:1, 2; Ваҳий 4:2, 3, 8)

  •   Худонинг макони қаерда? Муқаддас Китобга кўра, Худонинг макони осмонда. Бу У ерда ҳам, коинотда ҳам эмас, балки осмонда яшашини англатади. (3 Шоҳлар 8:30) Муқаддас Китобда руҳий мавжудотлар «Яҳованинг a ҳузурига кириб», Унинг олдида ўз ўринларини эгаллаш учун йиғилгани ҳақидаги баёнот тилга олинган. Бу қайсидир маънода Худонинг Ўз макони борлигини кўрсатмоқда. (Аюб 1:6)

Агар Худо ҳар ерда мавжуд бўлмаса, У чиндан ҳам шахсан менга ғамхўрлик қила оладими?

 Ҳа, Аллоҳ ҳар биримизга ғамхўрлик қиляпти. Худо осмонда яшаса ҳам, ер юзида Уни чин дилдан мамнун қилишни истаганларга эътибор беради ва уларнинг манфаатини кўзлаб йўл тутади. (3 Шоҳлар 8:39; 2 Солномалар 16:9) Яҳова самимий топинувчиларига ғамхўрлик қилаётганини қай йўсин кўрсатаётганига диққат қаратинг:

  •   Ибодат қилганингизда. Яҳова ибодатларингизни эшитади. (2 Солномалар 18:31)

  •   Руҳингиз тушганда. «Яҳова қалби ўксиганларга яқиндир, руҳан эзилганларни У қутқаради». (Забур 34:18)

  •   Йўл-йўриққа муҳтож бўлганингизда. Яҳова Каломи бўлмиш Муқаддас Китоб орқали сизга «ақл-идрок ато этиб», йўл кўрсатади. (Забур 32:8)

Худо ҳар ерда мавжудлиги борасидаги нотўғри фикрлар

 Нотўғри фикр: Худо яратган нарсаларида.

 Факт: Худо ерда ҳам, коинотнинг бирор жойида ҳам яшамайди. (3 Шоҳлар 8:27) Шуниси аниқки, юлдузлар ва бошқа ижодлар «Аллоҳнинг улуғворлигидан хабар беради». (Забур 19:1) Худди рассом ўзи чизган расм ичида яшамаганидек, Худо ҳам Ўзининг ижодида яшамайди. Рассомнинг ижодидан у ҳақида ниманидир билиб олишимиз мумкин. Шу каби, дунё Яратувчининг қудрати, донолиги ва севгиси каби «кўзга кўринмас фазилатларини» акс этади. (Римликларга 1:20)

 Нотўғри фикр: Худо ҳар ерда мавжуд бўлгани учун ҳамма нарсадан хабардор ва қудратлидир.

 Факт: Худонинг муқаддас руҳи, яъни фаол кучи қудратининг амалда намоён бўлишидир. Худо муқаддас руҳи орқали истаган вақтда ва истаган жойда Ўзи бўлмай туриб ҳам, барча нарсадан хабардор бўлиши ва хоҳлаганини қилиши мумкин. (Забур 139:7)

 Нотўғри фикр: Забур 139:8 да Худо ҳар ерда мавжудлиги ҳақида шундай айтилган: «Агар осмонга кўтарилсам, Сен ўша ерда бўласан, қабрда ўзимга тўшак солсам, ўша ерда ҳам мени топасан!»

 Факт: мазкур оятда Худонинг қаердалиги айтилмаган. Бу сўзлар шеърий тарзда ёзилган бўлиб, Худо қаерда бўлса ҳам фойдамизни кўзлаб бирон нима қила олишини кўрсатяпти.

a Муқаддас Китобга кўра, Яҳова Худонинг исми.