Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Мисрдаги қадимий бўртма тасвир Муқаддас Китоб баёнотининг ишончлилигини тасдиқлайди

Мисрдаги қадимий бўртма тасвир Муқаддас Китоб баёнотининг ишончлилигини тасдиқлайди

 Иероглиф ёзуви бор бўлган ва баландлиги 8 метрни ташкил этган ушбу бўртма тасвирни Карнакдаги Амон худосининг ибодатхонаси ёнида кўришингиз мумкин. Олимларнинг фикрича, бу тасвирда фиръавн Шишах Мисрнинг шимоли-шарқий томонига чегарадош юртларни, жумладан, Яҳудо ва шимолий Исроил шоҳлигини босиб олгани акс эттирилган.

Карнакдаги бўртма тасвир; олд томонда асирлар тасвирланган

 Мазкур тасвирда Амон худоси 150 дан ошиқ асирларни Шишахга (ёки Шешоикка) топшираётгани кўрсатилган. a Ҳар бир асир забт этилган шаҳар ёки халқнинг рамзи бўлган. Ўша шаҳарларнинг номлари асирларнинг танасини ёпиб турган овал шакллар ичида ёзилган. Баъзи номларнинг матни ҳалигача аниқ кўриняпти, айрим номлари эса Муқаддас Китоб ўқувчилари учун жуда таниш, масалан, Байт-Шиён, Гивон, Махидў ва Шунам.

 Мисрнинг Яҳудога қилган ҳужуми Муқаддас Китобда тилга олинган. (3 Шоҳлар 14:25, 26) Боз устига, унда Шишахнинг ҳужуми ҳақидаги аниқ тафсилотлар ҳам айтиб ўтилган. Аллоҳнинг Каломида шундай сўзларни ўқиймиз: «Шоҳ Рахабом ҳукмронлигининг бешинчи йили, Миср шоҳи Шишах Қуддусга бостириб келди. Унинг 1 200 та араваси, 60 000 нафар отлиғи бор эди. У билан Мисрдан... беҳисоб қўшин келди. Шишах Яҳудонинг мустаҳкам шаҳарларини босиб олиб, охири Қуддусга етиб борди». (2 Солномалар 12:2–4)

 Карнакдаги бўртма тасвир Шишахнинг Исроил юртига қилган юришини тасдиқлайдиган ягона археологик далил эмас. Қадимги Махидў шаҳрининг ҳудудида топилган тош ёдгорликнинг (стеланинг) парчасида ҳам «Шешоик» исми учрайди.

 Шишах Яҳудони босиб олгани ҳақида Муқаддас Китобда келтирилган аниқ баёнот Муқаддас Китоб ёзувчиларининг ростгўйлигини исботлайди. Улар ўз халқининг ғалабалари ва мағлубиятлари ҳақида рўйирост ёзишган. Ваҳоланки, қадимги дунё ёзувчиларининг ҳаммаси ҳам ростгўй бўлган деб айтиб бўлмайди.

a Аллоҳнинг Каломидаги «Шишах» сўзи Шешоик исмнинг ибронийча талаффузидан келиб чиққан.