Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Кўринмас Аллоҳни кўра оласизми?

Кўринмас Аллоҳни кўра оласизми?

«АЛЛОҲ — руҳий Шахс» бўлгани учун инсоннинг кўзига кўринмайди (Юҳанно 4:24). Аммо Муқаддас Китобда айтилишича, баъзи одамлар қайсидир маънода Худони кўришган экан (Ибронийларга 11:27). Қизиқ, бунинг имкони борми? Сиз-чи, «кўринмас Аллоҳни» кўра оласизми? (Колосаликларга 1:15).

Келинг, аввалига бизнинг аҳволимизни туғма кўр кишининг аҳволи билан солиштириб кўрайлик. Хўш, бундай одам кўр бўлгани сабаб, атроф-муҳитни англай олмайди, деб хулоса қилиш мумкинми? Йўқ албатта. Чунки кўр инсон маълумотни бошқа турли йўллар билан қабул қилиши унга кишиларни ва нарсаларни ажратиб, атрофда нима юз бераётганини билишга имкон яратади. «Кўриш қобилиятига кўз эмас, балки мия жавобгар»,— дейди кўзи ожиз бир киши.

Шунга ўхшаб, гарчи сиз том маънодаги кўзларингиз билан Худони кўра олмасангиз ҳам, лекин Уни «қалбларингизнинг кўзлари» билан кўра оласиз (Эфесликларга 1:18). Бунда эса қуйидаги учта нарса ёрдам беради.

«ДУНЁ ЯРАТИЛГАНИДАН БУЁН ОЧИҚ КЎРИНИБ ТУРИБДИ»

Кўпинча, кўзи ожиз инсонларда эшитиш ва сезиш қобилияти кучли ривожланган бўлади. Бу эса уларга кўра олмайдиган нарсаларни ажрата билишга ёрдам беради. Худди шундай сиз ҳам, атроф-муҳитни ўрганишингиз ва кўринмас Яратувчини таниб-билишингиз учун турли ҳис-туйғуларингиздан фойдаланишингиз мумкин. «Унинг [Аллоҳнинг] кўзга кўринмас фазилатлари — абадий қудрати ва илоҳий Шахс эканлиги дунё яратилганидан буён очиқ кўриниб турибди. Сабаби, инсон яратилган нарсалардан буни билиб олади» (Римликларга 1:20).

Ер сайёрамизни мисол қилиб олайлик. У биз унда нафақат яшашимиз, балки ҳаётдан завқ олишимиз мақсадида ажойиб тарзда яратилган. Енгил шабада эсишини сезганимизда, қуёшнинг нурларида тобланганимизда, мазали мевани тотганимизда ёки қушларнинг ёқимли сайрашини эшитганимизда ҳайратда қоламиз. Ҳа, бу барча ҳадялар Яратувчимиз — ғамхўр, меҳрибон ва сахий эканидан далолат беряпти.

Коинотимизни кузатганингизда эса Аллоҳ ҳақида нимани билиб олишингиз мумкин? Осмону фалак Худонинг қудрати ҳақида далолат беряпти. Охирги илмий тадқиқотларга кўра, Коинотимиз нафақат шунчаки кенгайяпти, балки бу тезлик билан ҳам амалга ошяпти! Кейинги сафар тунги осмонга қараганингизда, ўзингизга шундай савол беринг: «Коинотнинг тезлик билан кенгайишини амалга ошираётган ким?» Муқаддас Китобда айтилишича, бунинг ҳаммаси Яратувчининг «буюк кучи» орқали амалга ошяпти (Ишаё 40:26). Аллоҳнинг ижодлари шуни кўрсатяптики, У «Қодир Худо» ва «Унинг қудрати юксакдир» (Аюб 37:23).

«У ҲАҚДА БИЗГА АЙТИБ БЕРГАН» ШАХС

Туғма кўр иккита ўғилнинг онаси шундай дейди: «Оғзаки нутқ улар учун таълим олишнинг муҳим воситалардан биридир. Сиз нимани кўраётганингизни, эшитаётганингизни ҳамда атрофингизда нима бўлаётганини уларга ҳамиша таърифлаб беришингиз керак. Сабаби, сиз — уларнинг кўзларисиз». Шунга ўхшаб, «одамлардан ҳеч ким ҳеч қачон Худони кўрган эмас», фақат «Отанинг бағридаги илоҳий зот бўлмиш ягона ўғил [Исо] У ҳақида бизга айтиб берди» (Юҳанно 1:18). Аллоҳнинг илк ижоди сифатида Ҳазрати Исо «кўзларимиз» бўлди, сабаби, айнан у орқали биз кўринмас Аллоҳни кўра оламиз, яъни Уни таниб-биламиз.

Келинг, Аллоҳ билан сон-саноқсиз йиллар мобайнида бирга бўлган Исо алайҳиссалом Худо ҳақда нималарни очиб берганига эътибор қаратайлик.

  • Аллоҳ ҳормас-толмас меҳнаткаш. «Отам ҳанузгача меҳнат қилиб келяпти» (Юҳанно 5:17).

  • Худо нимага муҳтож эканимизни билади. «Отангиз Худо нималарга муҳтож эканингизни, Ундан сўрашингиздан аввал билади» (Матто 6:8).

  • Тангри биз ҳақимизда ғамхўрлик қилади. «Осмондаги Отангиз... Ўз қуёшини ёвузлар устидан ҳам, яхшилар устидан ҳам балқитади, ёмғирини одиллар устига ҳам, адолатсизлар устига ҳам ёғдиради» (Матто 5:45).

  • Худованд ҳар биримизни қадрлайди. «Иккита чумчуқ бир тангага сотилмайдими? Бироқ, улардан биттаси ерга тушса ҳам, самовий Отангизнинг назаридан четда қолмайди. Сизларга келганда эса, сочларингизнинг ҳар бир толаси саналган. Хуллас, қўрқманглар: сизлар кўпгина чумчуқлардан кўра қадрлироқсиз» (Матто 10:29–31).

КЎРИНМАС АЛЛОҲНИ ЎЗИДА АКС ЭТГАН ИНСОН

Кўр инсонларнинг фаҳмлаш қобилияти кўра оладиган инсонларникидан фарқ қилади. Кўзи ожиз инсон учун соя бу қуёшнинг нури йўқ бўлган қоронғи бир жой эмас, балки жазирама иссиқдан ҳимоя қилувчи салқин бир жой холос. Демак, кўзи ожиз инсон на сояни, на ёруғликни кўра олади, шунга ўхшаб, биз ҳам мустақил равишда Тангри Яҳовани таниб-била олмаймиз. Шу сабабли, Аллоҳ Яҳова, Унинг фазилатларини ва шахсиятини тўлиқ даражада акс этган инсонни биз учун юборган.

Бу инсон Исо алайҳиссалом эди (Филиппиликларга 2:7). У нафақат самовий Отаси ҳақида гапирган, балки У аслида қандай Худо эканини кўрсатган. Бир марта Исонинг шогирди Филип: «Ҳазрат, самовий Отани бизга кўрсатинг»,— деб айтганда, Исо жавобан: «Мени кўрган, Отамни ҳам кўрган бўлади»,— деган (Юҳанно 14:8, 9). Хўш, Ҳазрати Исонинг ишлари орқали сиз Худони қандай кўра оласиз?

Ҳазрати Исо меҳрибон, камтарин ва самимий бўлган (Матто 11:28–30). Унинг кўнгли очиқлиги ва меҳри одамларни ўзига жалб қилган. Исо пайғамбар бошқаларнинг дардига ва қувончига шерик бўлган (Луқо 10:17, 21; Юҳанно 11:32–35). Муқаддас Китобда Ҳазрати Исо ҳақидаги баёнотларни ўқиганингизда, ўша воқеаларни тасаввур қилинг. Агар сиз Исо пайғамбарнинг одамларга қилган муносабати тўғрисида мулоҳаза юритсангиз, Худонинг шахсиятини яхшироқ таниб-билиб, Унга яқинлаша оласиз.

МОЗАИКАНИНГ ҚИСМЛАРИНИ ЙИҒАМИЗ

Кўр одамлар дунёни қандай қабул қилиши ҳақида бир шоира мана шундай сўзларни айтган: «Кўзи ожиз инсон маълумотни қисмлар, яъни турли усуллар (тегиш, ҳидлаш, эшитиш ва ҳоказо) орқали қабул қилади ва кейин у мозаиканинг бу барча қисмларини қандайдир йиғишига тўғри келади». Худди шундай, сиз ҳам Аллоҳнинг ижодларини кузатиб, Худо ҳақида Исо пайғамбар нималар айтганини ўқиб ва у Аллоҳнинг фазилатларини ўзида қандай акс этгани ҳақида мулоҳаза юритиб, ушбу ажойиб мозаикани йиға оласиз ва шу йўсин, Аллоҳни «кўра оласиз». Шунда Аллоҳ сиз учун реал Шахс бўлиб қолади.

Қадимда яшаган Аюб пайғамбар билан ҳам айнан шу ҳолат юз берган. Бошида у ўзи тушунмайдиган нарсалар ҳақида оғиз очган (Аюб 42:3). Лекин кейинчалик Аллоҳнинг ижодлари ҳақида чуқур мулоҳаза юритиб: «Сен ҳақингда бировлардан эшитгандим, аммо энди кўзларим билан Сени кўриб турибман»,— деб айтган (Аюб 42:5).

Агар Аллоҳ Яҳовани изласангиз, Уни албатта топасиз

Сиз ҳам худди шуларни ҳис қилишингиз мумкин. Ҳа, Муқаддас Китобда ёзилганидек, «агар Уни [Аллоҳ Яҳовани] изласанг, топасан» (1 Солномалар 28:9). Яҳованинг Шоҳидлари эса сизга кўринмас Худони топишга ва кўришга бажонидил ёрдам беришади.