Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

 АСОСИЙ МАВЗУ | АЛЛОҲНИНГ ЧЕКИШГА НИСБАТАН НУҚТАИ НАЗАРИ

Аллоҳнинг чекишга бўлган нуқтаи назари қандай?

Аллоҳнинг чекишга бўлган нуқтаи назари қандай?

Биринчи мақолада тилга олинган Наоко чекишни енгганлиги ҳақида шундай деди: «Мен Худонинг хислатлари ва нияти ҳақидаги ҳақиқатни билганим учун ҳаётимни ўзгартирдим». У билиб олган нарсалар Муқаддас Китобда ёзилган. Гарчи Муқаддас Китобда тамаки борасида маълумот йўқ бўлса-да, у бизга Худонинг чекишга бўлган нуқтаи назарини англашга ёрдам беради *. Кўплар учун ундаги билимлар бирон-бир ёмон одатни ташлашга туртки бўлган (2 Тимўтийга 3:16, 17). Келинг, чекишнинг учта зарарли томонини ва Муқаддас Китобда бу ҳақда нима ёзилганини кўриб чиқайлик.

ЧЕКИШ ЎЗИГА ҚАРАМ ҚИЛИБ ҚЎЯДИ

Тамаки таркибида никотин моддаси бор бўлиб, айнан шу модда кишини қарам қилиб қўяди. Никотин ҳам қўзғатувчи, ҳам тинчлантирувчи ҳисобланади. Ўша никотин чекувчининг миясига сингиб кетади. Чекувчи бир тортишда никотиннинг бир дозасини, кунига бир пачка чекадиган киши эса тахминан 200 дозани олади. Бу эса бошқа наркотиклардан олинадиган дозадан кўпроқдир. Бундай дозани кунда олиб туриш никотинга одатланиб қолишга олиб келади. Бир марта қармоққа илинган чекувчи никотинни истеъмол қилмагунча, ўзида никотинга қарам бўлиш аломатини ҳис қилишда давом этади.

«Кимга қул сифатида итоат этсангиз, ўшанинг қулисиз» (Римликларга 6:16).

Тамакининг қули бўлсангиз, Худога итоатли бўла оласизми?

Муқаддас Китоб бундай нарсага тўғри нуқтаи назарда бўлишга ёрдам беради. Унда шундай ёзилган: «Кимга қул сифатида итоат этсангиз, ўшанинг қули эканингизни билмайсизларми?» (Римликларга 6:16). Агар кишининг фикрлари ва ҳаракатлари тамаки илинжида бўлса, кўп ўтмай у унинг қулига айланади. Аммо ҳақ Таоло бўлмиш Яҳова биз нафақат танамизни булғайдиган ишлардан, балки руҳиятимизни заҳарлайдиган нарсалардан ҳам озод бўлишимизни хоҳлайди (Ваҳий 4:11; 2 Коринфликларга 7:1). Демак, кишида Тангри Яҳовага нисбатан миннатдорлик ва ҳурмат ўсгани сайин, Худованд Яҳова фақат энг яхши нарсаларга муносиб эканини тушунади. Агар киши ёмон одатга қул бўлишда давом этса, у Худога энг яхшисини бера олмаслигини тан олади. Бундай фикр юритиш кишига зарарли истакларга қарши туришга ёрдам беради.

Германияда яшовчи Олаф исмли киши 12 яшарлигидан сигарет чекишни бошлаган. У 16 йил давомида чеккан бўлса-да, охири буни енгган. У шундай фикр юритган: ҳм, бир сигаретни чекишдан осмон узилиб, ерга тушармиди?! Лекин йиллар ўтиб, у чекишга қарам бўлиб қолди. У шундай дейди: «Бир куни менда сигарет қолмаганида, шунчалик эзилиб кетдимки, кулдондаги барча чекиндиларни йиғиб, ичидаги тамакисини бир парча қоғоз устига тўкдим-да, шу қоғозни ўраб папирос қилдим. Ўтмишимга назар ташлаб, бу нақадар пасткашлик эканини англадим». Хўш, у чекиш одатидан қандай воз кечган экан? «Энг асосий туртки Тангри Яҳовага маъқул келиш истагим бўлган»,— деб эслайди  Олаф.— Яҳованинг инсониятга нисбатан севгиси ва берган умиди менга ушбу одатимдан бутунлай воз кечишга куч берган».

ЧЕКИШ СОҒЛИККА ЗАРАР КЕЛТИРАДИ

Бир китобда шундай ёзилган: «Сигарет чекиш... тананинг деярли ҳар бир аъзосига зарар келтириши, касалликлар ва ўлим сонини кўпайтириши илмий томонлама тасдиқланган» («The Tobacco Atlas»). Ҳа, чекиш саратон, юрак ва ўпка касалликлари каби юқмайдиган касалликларга олиб келиши ҳаммага маълум. Аммо Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) маълумотига кўра, чекиш олиб келадиган сил каби юқумли касалликлардан одамлар кўз юмишяпти.

«Тангринг Яҳовани бутун қалбинг, бутун жонинг ва бутун онгинг билан сев» (Матто 22:37).

Агар Аллоҳ берган танангизни ёмон одатлар билан булғасангиз, бу Уни севиб, шарафлашингизни кўрсатадими?

Аллоҳ Яҳова Каломи бўлмиш Муқаддас Китоб орқали ҳаётимиз, танамиз ва қобилиятларимизга тўғри нуқтаи назарда бўлишга ўргатяпти. Худонинг азизи бўлмиш Исо бу ҳақда шундай деган: «Тангринг Яҳовани бутун қалбинг, бутун жонинг ва бутун онгинг билан сев» (Матто 22:37). Шубҳасизки, Худованд ҳаётимиз ва танамиздан тўғри фойдаланишимизни ва уларни ардоқлашимизни истайди. Аллоҳ Яҳова ва Унинг ваъдалари ҳақида билиб олганимиз сайин, У қилаётган ҳамма нарсани севишни ва қадрлашни бошлаймиз. Бу эса, танамизни булғайдиган ҳар қандай нарсадан фориғ бўлишимизга туртки беради.

Индиялик Жаявант исмли бир шифокор 38 йил давомида чеккан. У шундай дейди: «Чекишнинг ёмон асоратлари борасида тиббий журналлардан билиб олдим. Бу ёмон эканини билардим ва ҳатто беморларга чекишни ташлашни маслаҳат берардим. Ўзим эса 5–6 ойдан бери уриниб келган бўлсам ҳам, бунинг уддасидан чиқа олмадим». Хўш, Жаявантга чекишни ташлашга нима ёрдам берган экан? У шундай деб бўлишди: «Муқаддас Китобни ўрганишнинг натижасида чекишни ташладим. Тангри Яҳовани мамнун қилиш истагим ушбу одатимдан дарҳол воз кечишга ундади».

ЧЕКИШ АТРОФДАГИЛАРГА ЗИЁН ЕТКАЗАДИ

Чекувчи чиқарадиган тутун ва тутаб ёнаётган тамакидан чиқаётган тутун заҳарлидир. Бундай тутун билан нафас олиш саратон ва бошқа касалликларни келтириши мумкин. Ҳар йили иккиламчи чекишдан 600 минг чекмайдиган киши, асосан аёллару болалар ҳаётдан кўз юмяпти. ЖССТнинг  огоҳлантиришича, иккиламчи тутун билан озгина бўлса ҳам нафас олиш соғлиққа зарар келтиради.

«Яқинингни ўзингни севгандай сев» (Матто 22:39).

Агар чекаётганингиз сабабли оиладагиларингиз иккиламчи тутун орқали заҳарланаётган бўлса, бу билан яқинингизни севган бўласизми?

Ҳазрати Исонинг сўзларига кўра, яқинингни, яъни оиламизни, дўстларимизни ва атрофдагиларимизни севиш, Худога бўлган севгидан кейин туради. Бу борада у шундай деган: «Яқинингни ўзингни севгандай сев» (Матто 22:39). Агар қандайдир одатни ташламаган бўлсак ва бу яқин кишиларимизга зарар келтирса, унда яқинимизга севгини намоён қилмаган бўламиз. Чин севги Муқаддас Китобда: «Ҳар ким ўзининг эмас, ўзганинг манфаатини кўзласин»,— деб ёзилган огоҳлантиришга амал қилишга ундайди (1 Коринфликларга 10:24).

Арманистонда яшовчи Армен шундай эслайди: «Чекаётганим оиламга зарар келтираётгани учун улар мендан бу одатни ташлашимни сўраб ёлворишган. Лекин чекишим уларга ёмон таъсир қилиши мумкинлигини ҳеч ҳам тан олгим келмасди». Кейинчалик у фикрини ўзгартирди ва бунинг сабабини у қуйидагича тушунтириб берди: «Муқаддас Китобдаги билим ва Яҳовага бўлган севгим чекишни ташлашимга ва бу одатим нафақат ўзимга, балки атрофимдагиларга ҳам зарар келтиришини тан олишимга ёрдам берди».

ТУТУНЛИ ВАБО БАТАМОМ ЙЎҚ БЎЛАДИ!

Олаф, Жаявант ва Армен ўзларига ва бошқаларга зарар келтирган ёмон одатдан воз кечишларига Муқаддас Китобдаги билим ёрдам берган. Улар чекиш зарарли эканини билганлари учунгина эмас, балки Аллоҳ Яҳовани севиб, Уни мамнун қилишни исташганлари учун бундай одатдан воз кечишди. Севги муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳақида Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Аллоҳга бўлган севги Унинг амрларига риоя қилишдан иборатдир ва Унинг амрлари оғир эмас» (1 Юҳанно 5:3). Албатта, Муқаддас Китобдаги принципларга амал қилиш ҳар доим ҳам осон бўлмайди, аммо буни қилишга инсонни Аллоҳга бўлган севги ундаса, амрларга итоатли бўлиш оғир кечмайди.

Умумжаҳон таълим бериш дастури орқали Аллоҳ Яҳова миллионлаб одамларга чекиш қуллигидан секин-аста озод бўлишга ёрдам беряпти (1 Тимўтийга 2:3, 4). Яқинда Тангри Яҳова Шоҳлиги орқали миллионлаб одамларни чекишга қул қилиб келаётган тамагирликка тўлган тижорат системасига чек қўяди. У чекиш каби тутунли вабони батамом йўқ қилади ҳамда итоаткор одамзоднинг тана ва онгини мукаммал ҳолатига қайтаради (Ишаё 33:24; Ваҳий 19:11, 15)

Чекишни ташлаш учун кураш олиб бораётган бўлсангиз, таслим бўлманг! Худованд Яҳовани севишни ўрганиш ва Унинг чекишга бўлган нуқтаи назарини қабул қилиш сизга ҳам бу одатдан воз кечишга туртки бўла олади. Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобдаги принципларни ўрганиб, уларни ҳаётда қўллаш учун сизга шахсан амалий ёрдам беришдан хурсанд бўлишади. Чекиш каби заҳарли одатдан халос бўлиш учун Яҳованинг ёрдамини изласангиз, У сизга керакли кучни беришига амин бўлинг (Филиппиликларга 4:13).

^ 3- х.б. Чекишга бу ерда сигарет, сигара, трубка ва чилим тутунини тортиш киради. Аммо муҳокама қилинадиган принципларни тамаки, нос, чилим, папирос, махорка ва шунга ўхшаш бошқа чекиладиган нарсаларга қўлласа бўлади.