Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Бу аёл Каяфанинг оиласидан бўлган

Бу аёл Каяфанинг оиласидан бўлган

Баъзи археологик топилмалар, тўғридан-тўғри ёки қисман Муқаддас Китобдаги шахслар ҳақиқатдан ҳам яшаб ўтганини исботламоқда. Мисол учун, 2011- йилда исроиллик олимлар, мана шунга ўхшаш бир топилма ҳақида мақола чоп этишди. Бу топилма 2000 йиллик тарихга эга бўлган оссуарий эди. Оссуарий — марҳум танаси чириганидан сўнг, унинг суяги сақланадиган идишдир. Топилган оссуарий оҳактошдан ясалган безакли идиш эди.

Ушбу оссуарийда шундай ёзув бор эди: «Байт-Имрилик руҳоний Мазиё гуруҳидан бўлган Каяфа ўғли Ешуанинг қизи Мириам». Каяфа, Исони ҳукм қилишда ҳамда ўлдирилишида иштирок этган яҳудийларнинг олий руҳонийси бўлган (Юҳан. 11:48–50). Тарихчи Иосиф Флавийнинг китобида бу шахс, «Каяфа деб аталган Юсуф» номи билан эслатиб ўтилган. Чамаси бу оссуарий Каяфанинг қариндошларидан бирига тегишли бўлган. Бундан олдин топилган бошқа оссуарийдаги ёзув олий руҳонийга тегишли бўлган. У «Ехосеф бар Каиафа», яъни Каяфа * ўғли Юсуф деб аталган. Демак, Мириам қайсидир томондан Каяфага қариндош бўлган.

Исроилдаги обидалар идораси (ИОИ) маълумот беришича, Мириамнинг оссуарийси қадимги қабрларни талаган ўғриларнинг қўлидан олинган. Бу ёдгорликни ва ундаги ёзувни таҳлил қилиш орқали топилманинг ҳақиқийлиги исботланди.

Мириамнинг оссуарийси шунингдек бошқа тафсилотларни ҳам очиб бермоқда. Бу топилмада Мазиё деган киши ҳақида эслатиб ўтилган. Мазиё охирги, яъни 24- руҳонийлар гуруҳига тегишли бўлиб, Қуддусдаги маъбадда галма-галдан хизмат қилган (1 Сол. 24:18). Ушбу оссуарийдаги ёзувдан шу маълум бўлдики, «Каяфанинг оиласи Мазиёнинг гуруҳига мансуб бўлган», деб хабар бермоқда ИОИ.

Ёзувда шунингдек, Байт-Имри ҳақида ҳам эслатиб ўтилган. Оссуарийдаги ушбу ёзувни икки хил талқин қилса бўлади. ИОИ шундай хабар бермоқда: «Ёзувнинг биринчи талқини қуйидагича бўлиши мумкин: Байт-Имри руҳонийлар қавмининг, яъни Иммар ўғилларининг номи бўлган (Эзра 2:36, 37; Нахим. 7:39–42). Уларнинг авлодлари эса Мазиё гуруҳининг аъзолари бўлишган. Ёзувнинг иккинчи талқини қуйидагича: [Байт-Имри] бу, марҳума Мириам ёки унинг оиласи туғилган жойга ишора қилади». Қандай бўлмасин, Мириамнинг оссуарийси Муқаддас Китобдаги шахслар, қачонлардир яшаб ўтган оилаларнинг аъзолари эканини тасдиқлаб турибди.

^ 3- х.б. Каяфанинг оссуарийси ҳақида, «Қўриқчи минораси»нинг (рус) 2006- йил 15- январь сонининг 10–13- саҳифаларидаги «Масиҳни ўлимга маҳкум қилган олий руҳоний» номли мақоладан ўқишингиз мумкин.