Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар. Норвегияда

Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар. Норвегияда

ЁШЛАРИ 40 дан ошган Руаль ва Эльсебет, бир неча йил олдин Норвегиядаги иккинчи йирик шаҳар бўлмиш Бергенда яшашарди. Улар, қизи Изабел ва ўғли Фабиан билан жамоатда фаол хизмат қилиб келишарди. Руаль оқсоқол, Эльсебет кашшоф, Изабел билан Фабиан эса ваъзгўй бўлиб хизмат қилишарди.

Бироқ 2009- йил сентябрь ойида, бу оила бир ҳафта олис ҳудудда хизмат қилишга қарор қилди. Шундай қилиб, Руаль ва Эльсебет 18 ёшли Фабиан билан бирга, Шимолий қутб доирасининг тепасидаги Финнмарк вилоятида жойлаган Нордкин ярим оролига боришди. Улар, ўша ерга яқин жойлашган Хьёллефьорд қишлоғида, олис ҳудудга ваъз қилишга келган бошқа биродару опа-сингилларимиз билан бирга хизмат қилишди. Руаль: «Ҳафтанинг бошланишида, ишларимни бу ерда бир ҳафта хизмат қилишга имкон яратадиган қилиб режалаштирганимдан мамнун эдим»,— деб айтди. Лекин шу ҳафтанинг охирида Руаль ташвишлана бошлади. Қизиқ, нима учун?

 КУТИЛМАГАН ТАКЛИФ

«Кутилмаганда,— дейди Руаль,— Финнмаркда хизмат қилаётган Марио исмли кашшоф, Лакселвдаги 23 нафар ваъзгўйдан иборат жамоатга ёрдам бериш учун ўша ерга кўчиб ўтишни таклиф қилиб қолди». Бундай кутилмаган таклиф Руальни эсанкиратиб қўйди. У: «Эльсебет билан мен, болаларимиз уйли-жойли бўлгандан сўнг, хизматимизни кенгайтирсак бўлади, деган фикрда эдик»,— дея бўлишди. Аммо олис ҳудудда бир неча кун хизмат қилиб, Руаль одамлар Яҳова ҳақида билишга муҳтож эканларига ўзи гувоҳ бўлди. Уларга кейин эмас, ҳозир ёрдам керак эди. «Биродарнинг таклифи виждонимга юк бўлиб, бир неча кун ухлолмай чиқдим»,— деб эслайди Руаль. Кейин Марио, Руальни оиласи билан бирга, қарийб 240 километр нарида Хьёллефьорднинг жанубида жойлашган Лакселвга бошлаб борди. Марио, улар бу ердаги кичик жамоатни ўз кўзлари билан кўришларини хоҳлади.

Лакселвда, маҳаллий оқсоқоллардан бири Андреас меҳмонларга шаҳарни кўрсатиб, Йиғилиш Залига ҳам олиб борди. Жамоатдагилар уларни илиқ кутиб олиб, Руаль ва Эльсебетга, агар улар бу ерга кўчиб келиб, Шоҳлик фаолиятида ёрдам беришса, роса хурсанд бўлишларини айтишди. Андреас жилмайиб, аллақачон Руаль ва Фабиан учун иш топиб қўйганини айтди. Хўш, меҳмонлар нима қилишди?

ҚАНДАЙ ҚАРОРГА КЕЛИШДИ?

Фабиан аввалига: «Мен бу ерга кўчиб келишни хоҳламайман»,— деди. Бирга ўсиб-улғайган жамоатдаги яқин дўстларини тарк этиш ва кичик шаҳарда яшаш, у учун қийин эди. Бундан ташқари, у электрик касби бўйича ҳали ўқишини тугатмаган эди. Лекин Изабелдан (ўшанда 21 ёшда бўлган) кўчиб ўтиш ҳақида сўрашганида, у: «Мен доим бу ҳақда орзу қилардим!» — деб айтди. Аммо кейинроқ, Изабел: «Бу ҳақда кўпроқ ўйлагач, бу яхши фикр эканидан шубҳалана бошладим. Дўстларимни ташлаб кета оламанми? Ҳамма нарса қулай ва ўз йўлига қўйилган жамоатимда қолсам-чи?» — деган хаёлга борганини айтди. Эльсебет таклифга қандай муносабатда бўлди? У қуйидагича деди: «Яҳова оиламизга топшириқ бераётганини ҳис этдим. Лекин, яқинда таъмирланган уйимиз ва 25 йил мобайнида йиққан-терган нарсаларимиз ҳақида ўйлай бошладим».

Эльсебет билан Изабел

Ўша ҳафта тугагач, Руаль оиласи билан Бергенга қайтди, аммо улар қарийб 2 100 километр нарида жойлашган Лакселвдаги биродар ва опа-сингиллари тўғрисида ўйлашни давом эттиришди. Эльсебет: «Яҳовага кўп ибодатлар қилдим. Шунингдек, янги орттирган дўстларимиз билан алоқани узмай, бир-биримизга суратлар юбориб, тажрибаларимиз билан бўлишиб турдик»,— деб айтди. Руаль шундай деди: «Кўчиб ўтишга кўникишим учун вақт керак эди. Бундан ташқари, амалий жиҳатдан бунинг имкони борми, дея ўйлардим. Ахир ўзимизни таъминлашимиз керак-ку! Яҳовага тинмай ибодат қилдим ҳамда бу ҳақда оилам ва тажрибали биродарлар билан суҳбатлашдим». Фабиан эса: «Бу борада қанча кўп ўйлаганим сари, рози бўлмасликка асосли сабаб йўқлигини англаб етардим. Яҳовага тез-тез ибодат қилардим ва кўчиб ўтиш истаги кучайиб борарди»,— дея эслайди. Изабел-чи? Кўчиб ўтишга тайёрланиш мақсадида, у ўз шаҳрида кашшоф бўлиб хизмат қила бошлади. Олти ой кашшофлик қилгач ва шахсий тадқиққа кўпроқ вақт ажратгач, кўчишга тайёр эканини ҳис қила бошлади.

МАҚСАДГА ЭРИШИШ ЙЎЛИДАГИ ҚАДАМЛАР

Эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилиш истагида бу оила қадамлар қўя бошлади. Руаль яхши маошли жойда ишларди, лекин у бир йил ишламай туришга жавоб сўради. Бироқ бошлиқ унга икки ҳафта ишлаб, олти ҳафта дам олишни таклиф қилди. Руаль: «Даромадим сезиларли даражада камайди, лекин бу мени қониқтирарди»,— деб айтди.

Эльсебет қуйидагиларни эслайди: «Эрим мендан Лакселвда уй топиб, Бергендаги уйимизни ижарага бериш билан шуғулланишни илтимос қилди. Бу кўп вақт ва уринишларни талаб қилди, лекин ҳаммаси кўнгилдагидек бўлди. Бир оз вақтдан сўнг, фарзандларимиз ярим кунлик иш топишди ва озиқ-овқат ҳамда кўчиб ўтиш билан боғлиқ харажатларни қоплашга ёрдамлашишди».

Изабел: «Кўчиб ўтган шаҳримиз кичик бўлгани сабабли, кашшоф бўлиб хизмат қилишимга халал бермайдиган иш топиш жуда қийин кечди. Баъзида, бу имконсиздек туюларди»,— деб айтди. Шунга қарамай, у ярим кунлик ҳар қандай ишга рози бўлиб, бир йил ичида тўққизта жойда ишлади ва ўзини таъминлашга муваффақ бўлди. Фабианнинг ишлари қандай кечди? У бундай дейди:  «Электрик касби бўйича ўқишни тугатишим учун, кимдирга шогирд тушиб ишлашим керак эди ва Лакселвда бунинг имкони туғилди. Кейинроқ, имтиҳонларимни топшириб бўлгач, электрик касбида ярим кунлик иш топдим».

БОШҚАЛАР ХИЗМАТИНИ ҚАНДАЙ КЕНГАЙТИРДИ?

Марилиос ва Кесия Норвегияда саами халқидан бўлган аёлга ваъз қилишяпти

Марилиос ва турмуш ўртоғи Кесия ҳам, ваъзгўйларда эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилишни исташарди. 29 га кирган Марилиос: «Анжумандаги кашшофлик ҳақидаги нутқлар ва интервьюлар, хизматимни кенгайтириш борасида ўйлашга ундади»,— деб айтди. Аммо 26 ёшли Кесия учун оиласидан узоққа кетиш қийин эди. «Яхши кўрадиган кишиларимдан йироқда бўлиш фикри, мени даҳшатга соларди»,— дейди Кесия. Устига-устак, Марилиос қарзга олган уйларининг пулини тўлаш учун кун бўйи ишларди. У: «Яҳованинг кўмаги ва ўзгариш киритишга ёрдам бериши тўғрисида қилган ибодатларимиз туфайли, кўчишга муваффақ бўлдик»,— деб бўлишди. Аввалига, улар Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга кўп вақт сарфлашди. Сўнг, улар уйларини сотиб, ишдан бўшашди ва 2011- йил август ойида Норвегиянинг шимолидаги Алта шаҳрига кўчиб боришди. Кашшофлик хизматида ўзларини таъминлаш учун, Марилиос ҳисобчи бўлиб, Кесия эса дўконга ишга жойлашди.

Ёшлари 30 дан ошган Кнут ва Лизбет, «Йилнома»дан ваъзгўйларда эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилганлар тўғрисида ўқиб, жуда таъсирланишди. «Бу мисоллар хорижий ҳудудда хизмат қилиш борасида ўйлашга ундади,— дейди Лизбет,— лекин мендай оддий бир инсон буни уддалай олишимдан шубҳаланардим». Шундай бўлса-да, улар мақсадларига эришиш учун қадамлар қўйишди. Кнут шундай деди: «Биз уйимизни сотиб, маблағларимизни жамладик ва ойимиз билан бирга кўчишга қарор қилдик. Кейинчалик, хорижий ҳудудда хизмат қилишни тотиб кўриш учун, бир йилга Бергендаги инглиз жамоатига ўтдик. Лизбетнинг ойиси ҳам биз билан бирга эди». Тез орада, Кнут ва Лизбет кўчиб ўтишга тайёр эканликларини ҳис этишди ва анча олис бўлган Угандага кетишди. Улар, йилига икки ой ишлаш учун Норвегияга боришади. Шу тариқа, Угандада йил бўйи яшаб, тўла вақт хизмат қилишлари учун етарлича маблағ тўплаб олишади.

«ТАТИБ КЎР, БИЛАСАН, ЭГАМИЗ ЯХШИДИР»

«Муносабатларимиз жуда мустаҳкамланди»,— деди Руаль

Хўш, хизматга тайёр бўлган ушбу ваъзгўйлар нималарга эришишди? Руаль қуйидагиларни айтди: «Бергендагига қараганда, бу олис ҳудудда оиламиз билан бирга янада кўпроқ вақт ўтказадиган бўлдик. Муносабатларимиз жуда мустаҳкамланди. Болаларимиз маънан улғайишганини кўриш, биз учун барака бўлди. Қолаверса, моддий нарсаларга бўлган нуқтаи назаримиз ҳам ўзгарди. Улар, биз ўйлаганчалик муҳим эмас экан».

Эльсебет бошқа тилни ўрганишга эҳтиёж борлигини кўрди. Нега? Норвегия, Швеция, Финляндия ва Россиянинг шимолий ҳудудларида яшовчи саами халқига мансуб кишилар, Лакселвдаги жамоатга тегишли Карасйок қишлоғида ҳам истиқомат қилишади. Шу боис, бу инсонлар билан  гаплашиш ниятида, Эльсебет саами тилини ўргана бошлади. У ҳозирги кунда, бу тилда суҳбат қура олади. Қизиқ, ушбу янги ҳудудда Эльсебет қувонч топяптими? Юзидан нур таралиб, у: «Ҳозир мен олтита Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказаман. Бу ерда хизмат қилаётганимдан роса хурсандман!» — деб айтди.

Жамоат хизматкори ва кашшоф бўлиб хизмат қилаётган Фабиан, опаси билан бирга янги жамоатидаги учта ўсмирга ёрдам кўрсатишганини айтиб берди. Бу ўсмирлар жамоатдаги фаолиятларда кўпроқ қатнашишда далдага муҳтож эдилар. Уларнинг учаласи ҳам ҳозир фаол хизмат қилишмоқда. Улардан иккитаси сувга чўмиб, 2012- йил март ойида кўмакчи кашшоф бўлиб хизмат қилишди. Ҳақиқатдан оғиб кетишига сал қолган улардан бири, Фабиан билан Изабел унга маънан мустаҳкам бўлишга ёрдам беришгани учун жуда миннатдор. Фабиан: «Унинг гапларини эшитиб, таъсирланиб кетдим. Кимдирга ёрдам қўлини чўзиш, нақадар қувончли!» — деди. Изабел эса шундай деб айтди: «Ушбу хизматда, “татиб кўр, биласан, Эгамиз яхшидир”, деган сўзлар қанчалик ҳақлигини ўзимда ҳис қилдим» (Заб. 33:9). У яна: «Шунингдек, бу ерда хизмат қилиш ниҳоятда қизиқарли!» — деб айтди.

Марилиос билан Кесия ҳозир оддий яшаётган бўлишса-да, мазмунга бой ҳаёт кечиришмоқда. Улар кўчиб ўтган Алтадаги жамоатда ҳозир 41 та ваъзгўй бор. Марилиос: «Ўтмишимизни эслаб, ҳаётимиз қанчалар ўзгарганини кўриш, бизга далда бахш этади. Бу ерда Яҳовага кашшоф сифатида хизмат қилаётганимиз учун, Ундан миннатдормиз. Ҳеч нарса бу қадар мамнуният бахш этмайди»,— деб айтди. Кесия эса шундай деди: «Мен Яҳовага кўпроқ таянишни ўргандим. Худойимиз бизга жудаям яхши ғамхўрлик қиляпти. Қолаверса, қариндошларимдан узоқда яшаш, улар билан бирга ўтказган вақтларни кўпроқ қадрлашимга ёрдам берди. Мен, чиқарган қароримиздан ҳечам афсусланмайман».

Кнут билан Лизбет Угандада тадқиқ ўтказишяпти

Хўш, Кнут билан Лизбет Угандада қандай ҳаёт кечиришяпти экан? Кнут қуйидагича бўлишди: «Янги атроф-муҳит ва маданиятга кўникиш учун вақт керак бўлди. Сув, электр қуввати ва ошқозон билан боғлиқ муаммолар баъзида пайдо бўлиб туради, аммо орзу қилганимиздай, кўпгина Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказяпмиз». Лизбет бўлса, шуларни гапириб берди: «Биз яшаётган жойдан чамаси ярим соат йўл юриш керак бўлган ҳудудларда ҳалиям хушхабарни эшитмаган одамлар яшайди. У ерларга борганимизда, Муқаддас Китобни ўқийдиган ва биздан ҳақиқатни ўргатишни сўрайдиган инсонларни топамиз. Шу каби камтарин кишиларга Муқаддас Китоб хабарини ваъз қилиш келтираётган қувонч, ҳеч нарсага тенг келмайди!»

Йўлбошчимиз Исо Масиҳ осмондан туриб, ўзи бошлаган ваъзгўйлик иши ер юзининг барча ҳудудларида бажарилаётганини кузатаётганда, қанчалар бахтиёр бўлаётгандир-а?! Ҳа, Аллоҳнинг ҳамма хизматчилари, Исонинг: «Барча халқлардаги одамларга таълим бериб, менга шогирд тайёрланглар»,— деган амрини бажаришга ўзларини бағишлашдан хурсандлар (Мат. 28:19, 20).