Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Бернетт, Симон, Эстен ва Келеб

Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар — Океанияда

Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар — Океанияда

ЁШИ 30 дан ошган Рене исмли имондошимиз Австралияда ғайратли шоҳидлар оиласида катта бўлган. «Биз бир неча маротаба Шоҳлик ваъзгўйларига эҳтиёж катта бўлган ҳудудларда хизмат қилиш учун кўчиб ўтганмиз»,— дейди у. «Бундай хизмат бизга қизиқарли бўлиши ҳамда қувонч ва завқ келтириши учун дадам ва ойим кўп ҳаракат қилишган. Шунинг учун ҳам, иккита фарзандли бўлганимда, улар ҳам шундай ҳаёт кечиришларини хоҳлардим».

Рененинг, ёши 40 ларда бўлган турмуш ўртоғи Шейн биродаримизда ҳам шу сингари маънавий мақсадлар бор эди. У шундай деб бўлишди: «Иккинчи фарзандимиз туғилганидан сўнг, биз «Қўриқчи минораси»да Тонга оролларида хизмат қилиш учун ўзларининг яхтасида Тинч океанининг жануби-ғарбига кўчиб ўтган оила ҳақида ўқиб қолдик» *. Бу мақола бизни Австралия ва Янги Зеландиядаги Яҳова Шоҳидларининг филиалларига ёзишга ундади. Биз уларга Шоҳлик ваъзгўйларига эҳтиёж катта бўлган ҳудудда хизмат қилиш истагимиз ҳақида айтдик *. Улар бизга жавобан, Тонгага кўчиб ўтишни таклиф қилишди. Буни қаранг-а, ахир биз мақолада айнан шу жой ҳақида ўқигандик-ку!»

Жейкоб, Рене, Ски ва Шейн

Шейн, Рене ва уларнинг фарзандлари Жейкоб ҳамда Ски Тонгада бир йил яшаганларидан сўнг, кетма-кет рўй берган исёнлар туфайли Австралияга қайтишга мажбур бўлишди, аммо хизматни кенгайтириш мақсадидан воз кечишмади. 2011 йилда улар Австралиянинг шарқий томонидан 1500 км нарида жойлашган Тинч океанидаги кичкинагина Норфолк оролига кўчиб ўтишди. Бу қандай натижаларга олиб келди? 14 ёшда бўлган Жейкоб шундай дейди: «Яҳова бизга ғамхўрлик қилди ва хизматимизни қизиқарли воқеалар билан бойитди!»

ОИЛА БЎЛИБ ХИЗМАТ ҚИЛИШ

Шейн, Рене ва уларнинг фарзандлари каби, Яҳовага хизмат қилаётган бошқа кўплаб оилалар ҳам эҳтиёж катта бўлган жойларда хизмат қилишда ташаббус кўрсатишди. Уларни кўчиб ўтишга нима ундади?

Кўплаб одамлар хушхабарга қизиқиш кўрсатишди. Шунинг учун, биз уларга мунтазам равишда Муқаддас Китобни ўрганишга ёрдам бермоқчи эдик.

Ёши 30 дан ошган Бернетт ва Симон исмли турмуш ўртоқлар, ҳозир 12 ҳамда 9 ёшга кирган Эстен ва Келеб исмли фарзандлари билан Австралиядаги Квинсленднинг олис ҳудудида жойлашган Беркетаун шаҳарига кўчиб ўтишди. Бернетт шундай деб бўлишди: «Шоҳидлар у ерга фақат ҳар 3 ё 4 йилда бир бориб ваъз қилишган. У ердаги кўп одамлар хушхабарга қизиқиш билдиришганди. Шунинг учун, биз уларга мунтазам равишда Муқаддас Китобни ўрганишга ёрдам бермоқчи эдик».

Жим, Жек, Марк ва Кэрен

50 ёшларда бўлган Марк ва Кэрен аввал Сиднейдаги (Австралия) бир нечта жамоатларда хизмат қилишган. Кейин улар 3 та фарзанди: Жесика, Жим ва Жек билан бирга Нуланбейга, Австралиянинг Шимолий ҳудудидаги олис тоғ-кон саноати шаҳарчасига кўчиб ўтишди. «Мен инсонларни севганим учун ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган жамоатларда хизмат қилишни истардим»,— дейди Марк. Кэрен эса кўчишга иккиланганди. Лекин кейинчалик у шундай фикрга келди: «Марк ва бошқалар менга далда беришди ва шунда, мендан нима кетди, бир ўриниб кўрай-чи, дедим. Шундай қарор чиқарганимдан ҳечам афсусланмайман».

Бенжамин, Жейд, Брая ва Кэролин

2011 йили Бенжамин ва Кэролин мактаб ёшгача бўлган 2 та қизлари — Жейд ва Брая билан Австралиядаги Квинсленддан Индонезия архипелагидаги Тимор оролида жойлашган кичик мамлакатга, Шарқий Тиморга қайтишди. «Илгари Кэролин билан Шарқий Тиморда махсус кашшоф бўлиб хизмат қилгандик»,— дейди Бенжамин. Кэролин эса шундай деб бўлишди: «Ўша ерда ваъз қилиш ажойиб бўлган. Имондошлар ҳам жуда ғамхўр эди. Шунинг учун у ерни тарк этиш бизга осон бўлмади. Аммо қайтишга қарор қилгандик. Фарзандларимиз туғилганида, режаларимизни чеккага суриб қўйдик, лекин улардан бутунлайин воз кечмадик. Болаларимиз тўла вақтли махсус ваъзгўйлар, байтилчилар ва махсус кашшофлар орасида бўлиб, энг зўр маънавий муҳитда улғайишларини истардик».

КЎЧИШГА ТАЙЁРГАРЛИК

Исо шогирдларига: «Орангиздан кимдир иморат қурмоқчи бўлса,.. аввалига ўтириб, қанча харажат кетишини ҳисоблаб олмайдими?»— деб айтган. (Луқо 14:28) Шунга ўхшаб, агар бирон-бир оила бошқа ҳудудга кўчишни ўйлаётган бўлса, яхши режа тузиш муҳимдир. Режа тузаётганда нимани эътиборга олиш лозим?

МАЪНАВИЙЛИК. «Биз бошқаларга оғир юк бўлишни эмас, уларга хизмат қилишни хоҳлардик. Шунинг учун ҳам кўчишдан олдин маънавийлигимизни янада мустаҳкамладик. Бундан ташқари, ваъзгўйлик ва жамоатнинг бошқа ишларида ҳам кўпроқ иштирок эта бошладик»,— дейди Бенжамин.

Юқорида тилга олинган Жейкоб шундай фикр билдирди: «Норфолк оролига кўчишдан олдин “Қўриқчи минораси” ва “Уйғонинг!” журналларидан эҳтиёж катта бўлган жойларда хизмат қилган кўплаб оилалар ҳақида ўқиганмиз. Улар дуч келган қийинчиликлари ва Яҳова уларга қандай ғамхўрлик қилгани ҳақида суҳбатлашардик». Унинг 11 яшар синглиси Ски эса шундай дейди: «Мен шахсан ўзим ҳамда ойим ва дадам билан жуда кўп ибодат қилардим».

ҲИС-ТУЙҒУЛАР. Рене шундай деб бўлишди: «Оиламиз билан бирга ва дўстларимизга яқин яшаганимиз учун мен ёқтирган ҳудудда хизмат қилиш қийин бўлмаган. Мен воз кечган нарсалар ҳақида ўйлаб ўтирмасдан, кўчиш оиламизга қандай фойда келтириши ҳақида мулоҳаза юритардим».

МАДАНИЯТ. Одатда кўплаб оилалар янги ҳудудга боришга тайёргарлик кўриш мақсадида ўша ҳудудни олдиндан ўрганишади. «Биз Нуланбей ҳақида иложи борича кўпроқ ўқишга ҳаракат қилардик. У ердаги имондошлар севги ила бизга шаҳарда чоп этиладиган газеталарни жўнатишди. Улар ёрдамида биз маҳаллий халқ ва уларнинг маданияти ҳақида тасаввурга эга бўлдик»,— дейди Марк.

Норфолк оролига кўчиб ўтган Шейн шундай деб бўлишди: «Мен асосан диққатимни масиҳийларга хос фазилатларни намоён этишга қаратардим. Агар мен самимий, мулойим, ростгўй ҳамда меҳнатсевар бўлсам, дунёнинг қаерида бўлишимдан қатъи назар, ҳамма ерда мослашиб кетишимни билардим».

ҚИЙИНЧИЛИКЛАРНИ ЕНГИШ

Эҳтиёж катта бўлган жойларда хизмат қилаётганлар кутилмаган қийинчикларга дуч келганда мослашувчан бўлиб, ижобий нуқтаи назарни сақлаб қолиш муҳим эканини таъкидлашади. Келинг, уларнинг мисолларини кўриб чиқайлик.

Рене шундай дейди: «Қийинчиликлар орқали кўп нарсани ўргандим. Масалан, Норфолк оролида денгизлар тўлқинланганда, юк ташувчи кемалар тўхтай олмайди ва шунда озиқ-овқатлар камайиб, уларнинг нархи кўтарилиб кетади. Шунинг учун, овқат тайёрлаганимда, тежамкор бўлишни ўргандим». Унинг эри Шейн эса: «Аввал ҳафталик бюджетимизни тузамиз, кейин шунга яраша сарф-харажат қиламиз»,— деб қўшиб қўйди.

Уларнинг ўғли Жейкоб эса ўзгача бир қийинчиликка дуч келган. Бу қийинчилик ҳақида у қуйидагича айтиб берди: «Янги жамоатимизда биздан ташқари ўзи еттитагина ваъзгўй бор, у ҳам бўлса, ёши катталар. Шунинг учун, менинг ёшимда бўлган дўстларим йўқ эди. Бироқ тез орада катта ёшли имондошларимиз билан хизматга чиқиб, улар билан дўстлашиб олдим».

21 яшар Жим ҳам шунга ўхшаш қийинчиликка учради. «Нуланбейга энг яқин жамоатлардан бири 725 км нарида жойлашган. Кўп анжуманлар ўша ерда ўтади. Биз у ерга атайин эрта бориб, имондошларимиз билан маза қилиб суҳбатлашамиз. Биз бундай воқеаларни йилнинг энг ёрқин дамлари деб ҳисоблаймиз!»

«БУ ЕРГА КЕЛГАНИМИЗДАН РОСА ХУРСАНДМИЗ!»

Муқаддас Китобда: «Эгамизнинг марҳамати бойлик келтиради»,— деб ёзилган. (Ҳик. 10:22) Дунё бўйлаб эҳтиёж катта бўлган жойларда хизмат қилаётган беҳисоб ваъзгўйлар бу илҳомлантирилган сўзлар чин эканини ўзларида ҳис қилишди.

«Кўчишимиз фарзандларимизга ижобий таъсир қилгани биз учун улкан барака бўлди. Иккита катта фарзандимиз Шоҳлик ишларини биринчи ўринга қўяётганларга Яҳова албатта ғамхўрлик қилишига аминлар. Бундай ишончни ҳеч қандай пулга сотиб ололмайсиз»,— дейди Марк.

Шейн эса шундай фикр билдирди: «Рафиқам ва фарзандларим билан янада яқин бўлдим. Яҳова уларга нималар қилганини айтиб беришганларида, ич-ичимдан қувонаман». Унинг ўғли Жейкоб ҳам отасининг сўзларига қўшилиб, шундай дейди: «Биз вақтимизни жуда ҳам мароқли ўтказдик. Бу ерга келганимиздан роса хурсандман!»

^ абз. 3 «Қўриқчи минораси»нинг (рус) 2004 йил 15 декабрь сонида 8–11- саҳифалардаги «“Дўстлик оролларидаги” Худонинг дўстлари» номли мақолага қаранг.

^ абз. 3 2012 йили Австралия ва Янги Зеландиядаги филиаллар бирлашиб, Австралосиё филиали ташкил этилди.