Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Турмуш ўртоғингиз хиёнат қилганда

Турмуш ўртоғингиз хиёнат қилганда

Эрим мени ташлаб, ёшроқ аёлнинг ёнига кетаётганини айтганида ўлгим келганди. Бу адолатдан эмасди, ахир у учун қанча қурбонликка боргандим. Мария, Испания.

Хотиним мени ногаҳон ташлаб кетганида, ичимда нимадир узилгандай бўлди. Орзу-умидларимиз ва режаларимизнинг бари барбод бўлди. Баъзида ташвишларим аригандай бўларди-ю, аммо тушкунлик мени яна ўз домига тортарди. Билл, Испания.

ТУРМУШ ўртоқнинг хиёнати қалбни вайрон қилади. Тўғри, айрим кишилар тавба қилган турмуш ўртоғини кечириб, муносабатларини тиклай олади *. Лекин никоҳи сақланиб қоладими ёки йўқми, хиёнатга учраган инсон умри давомида кучли азобни ҳис қилади. Бундай оғриқли туйғулар билан қай йўсин курашса бўлади?

ЁРДАМ БЕРАДИГАН ОЯТЛАР

Кучли қайғуга ботганига қарамай, хиёнатга учраган кўпгина инсонлар Муқаддас Ёзувлардан тасалли топишган. Улар Худо кўз ёшларини кўриб турганини ва дардига шерик эканини ҳис қилишган. (Малаки 2:13–16)

«Ташвишлар гирдобида қолганимда, менга тасалли бериб, кўнглимни кўтардинг». (Забур 94:19)

Билл шундай деб бўлишди: «Бу оятни ўқиганимда Яҳова ҳамдард ота каби менга тасалли бераётганини тасаввур қилардим».

«Ўзингга содиқ бўлган кишига садоқатлисан». (Забур 18:25)

Карменнинг эри бир неча ой давомида унга хиёнат қилиб юрган. У шуларни айтди: «Эрим хиёнаткор бўлса-да, Яҳова менга садоқатли қолишига амин эдим. У асло кўнглимни қолдирмаган».

«Ҳеч нарсадан ташвишланманглар, лекин ибодат ва илтижода тилакларингизни... Аллоҳга билдиринглар. Шунда ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган Худонинг тинчлиги қалбингизни... ҳимоя қилади». (Филиппиликларга 4:6, 7)

Саша шундай дейди: «Мен бу оятларни қайта-қайта ўқирдим. Ибодат қилганим сари Худо менга ички хотиржамлик бахш этарди».

Юқорида сўзлари келтирилган инсонлар баъзан ўзларини таслим бўлгандай ҳис қилишган. Аммо улар Худованд Яҳовага таяниб, Унинг Каломидан куч олишган. Билл буни қуйидагича тушунтирди: «Атрофда ҳамма нарса барбод бўлгандай туюлганида, имоним ҳаётимга мазмун киритарди. Баъзан “тим қоронғи водийда” юргандай бўлсам-да, Худо ёнимда эди». (Забур 23:4)

^ Хиёнат қилган турмуш ўртоқни кечириш ёки кечирмаслик мавзуси муҳокама қилинган мақолалар туркумини рус тилидаги «Уйғонинг!» журнали 1999 йил 22 апрель сонининг 3–12- саҳифаларидан ўқишингиз мумкин.