Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Худонинг қандай фазилатлари бор?

Худонинг қандай фазилатлари бор?

Бирор кишининг қандай фазилатлари борлигини кўрганимиз сайин, уни яхшироқ билиб борамиз. Шу йўсин, дўстлигимиз мустаҳкамланади. Шунга ўхшаб, Яҳованинг фазилатларини кўрганимиз сайин, Уни яхшироқ билиб оламиз ва дўстлигимиз мустаҳкамланади. Худонинг ажойиб фазилатларидан қуйидаги тўрттаси: Унинг кучи, донолиги, адолати ва севгиси энг асосийсидир.

ХУДО КУЧЛИ

«Эй, Олий Ҳукмдор Яҳова! Сен осмону ерни буюк кучинг ва қудратли қўлинг билан яратгансан». (ЕРЕМИЁ 32:17)

Худонинг кучи Унинг яратган нарсаларида намоён бўлади. Масалан, ёзнинг қуёшли кунида ташқарида турсангиз, терингизда нимани ҳис қиласиз? Қуёшнинг тафтини. Яҳованинг яратиш қудратининг натижасини ўзингизда ҳис этасиз. Қуёш қанчалик кучли? Унинг ядросида ҳарорат тахминан 15 миллион даражага кўтарилади. Қуёш ҳар сонияда юз миллионлаб атом бомбаларининг портлаш кучига тенг энергияни ишлаб чиқаради.

Лекин Қуёш коинотдаги миллиардлаб юлдузларга қараганда кичкина. Олимларнинг ҳисоблашича, катта юлдузлардан бири бўлмиш UY Scuti [Ю Вай Скюти] номли юлдузнинг диаметри Қуёшникидан тахминан 1 700 марта катта. Борди-ю, бу юлдуз Қуёшнинг ўрнига қўйилса, у Ерни ютиб, Юпитер сайёрасининг орбитасигача борарди. Эҳтимол, бу мисол Еремиё пайғамбарнинг Худо еру осмонни, яъни коинотни буюк қудрати билан яратгани ҳақидаги сўзларини чуқурроқ тушунишимизга ёрдам беради.

Худонинг кучидан қандай фойда олишимиз мумкин? Инсоният ҳаёти Қуёш ва ернинг ажойиб захиралари каби Худо яратган нарсаларига боғлиқ. Бундан ташқари, Худо Ўз кучидан ҳар бир инсонга фойда келтирадиган тарзда қўлланади. Қандай қилиб? Биринчи асрда Худо Исога мўъжизалар яратиш қудратини ато этган. Бу борада Муқаддас Китобда шу сўзларни ўқиймиз: «Кўрлар кўряпти, чўлоқлар юряпти, моховлар пок бўляпти, карлар эшитяпти, ўликлар тириляпти». (Матто 11:5) Бугунги кун ҳақида нима деса бўлади? Муқаддас Ёзувларда: «У [Худо] чарчаганга куч... ато этади»,— дейилган ва шундай деб қўшиб қўйилган: «Яҳовага умид боғлаганлар қайтадан кучга тўлади». (Ишаё 40:29, 31) Ҳаётимиздаги синовлару қийинчиликларни енга олишимиз ёки сабр-бардошли бўлишимиз учун Худо «инсонларникидан устун турган кучни» беради. (2 Коринфликларга 4:7) Севги ила беқиёс қудратини бизнинг фойдамиз учун қўллайдиган Тангрига яқинлашишни истамасмидингиз?

ХУДО ДОНО

«Нақадар кўпдир Сенинг ишларинг, эй Яҳова! Буларнинг барини донолик ила яратгансан». (ЗАБУР 104:24)

Худонинг яратган нарсалари борасида кўпроқ билганимиз сайин, Унинг донолигидан ҳайратда қоламиз. Биомиметика ёки биомимикрия соҳасида иш олиб борувчи олимлар Тангри Яҳованинг ижодларини ўрганишади ва ўз ихтироларини мукаммаллаштириш учун табиатдаги бирон нарсанинг элементларини ўзлаштиришади. Оддий ёпишқоқ илгакдан тортиб то самолёт дизайнигача шундай дейиш мумкин.

Инсоннинг кўзи чинакам мўъжиза

Худонинг донолиги инсон танаси яратилганида ўзгача тарзда намоён бўлган. Келинг, чақалоқ қандай ривожланишини кўриб чиқайлик. Бу жараён керакли генетик дастурни ўз ичига олган уруғланган тухум ҳужайрадан бошланади. Бу ҳужайра ўзига ўхшаган кўпгина ҳужайраларга бўлинади. Белгиланган пайтда эса бу ҳужайралар юзлаб турли ҳужайралар — қон ҳужайралари, асаб ҳужайралари ва суяк ҳужайралари сифатида ривожланади. Тез орада органлар системаси пайдо бўлиб, ишга тушади. Атиги тўққиз ой деганда, биргина ҳужайрадан миллиардлаб ҳужайралардан таркиб топган кичкина одамча шаклланади. Худонинг ижодида акс этган бундай донолик кўпчиликни Муқаддас Китоб ёзувчисининг ушбу сўзларига қўшилишга ундайди: «Сени мадҳ этаман! Нақадар ҳайратли, ажойиб яратилганман». (Забур 139:14)

Худонинг донолигидан қандай фойда олишимиз мумкин? Яратувчимиз бахтли бўлишимиз учун бизга нима кераклигини билади. Унинг билими ва тушунчаси беқиёс бўлгани сабабли, Ўз Каломи бўлмиш Муқаддас Китобда бизга доно маслаҳатларни тақдим этмоқда. Мисол учун, Муқаддас Китоб бизни «чин дилдан кечиришга» ундамоқда. (Колосаликларга 3:13) Бу оқилона маслаҳатми? Албатта. Тадқиқотлар шуни кўрсатяптики, кечиримли бўлиш инсоннинг уйқусини яхшилаши ва қон босимини пасайтириши мумкин. Шунингдек, депрессияга тушиш хавфини камайтиради ва бошқа касалликларнинг олдини олади. Худо амалий ва фойдали маслаҳатини ҳеч қачон аямайдиган доно ва ғамхўр дўст кабидир. (2 Тимўтийга 3:16, 17) Мана шундай дўстингиз бўлишини хоҳламасмидингиз?

ХУДО АДОЛАТЛИ

«Яҳова адолатни севади». (ЗАБУР 37:28)

Худо доимо адолат билан йўл тутади. Ҳа, «ҳақ Тангри ёвуз ишга қўл уришига, Қодир Аллоҳ ёмонлик қилишига ақл бовар қилмайди!» (Аюб 34:10) Унинг ҳукмлари тўғридир. Сано бастакори Худованд Яҳова ҳақида шундай деган: «Сен халқларни адолат билан ҳукм қиласан». (Забур 67:4) «Яҳова инсоннинг қалбига қарагани» учун Уни алдаб бўлмайди. У ҳамиша ҳақиқатни аниқлай олади ва тўғри ҳукмлар чиқаради. (1 Шоҳлар 16:7) Бундан ташқари, Худо ер юзида содир бўлаётган адолатсизлик ҳамда ёвузликни кўриб турибди ва У тез орада «ёвузларни ер юзидан қириб ташлашга» ваъда беряпти. (Ҳикматлар 2:22)

Бироқ Худо жазолашни пойлаб турадиган шафқатсиз ҳакам эмас. Ўринли бўлганида У раҳм-шафқат кўрсатади. Муқаддас Китобда Яҳова чин дилдан тавба қилган ёвуз инсонларга нисбатан ҳам «шафқатли ва раҳмдил» экани ҳақида айтилган. Бу чинакам адолат, шундай эмасми? (Забур 103:8; 2 Бутрус 3:9)

Худонинг адолатидан қандай фойда олишимиз мумкин? Худонинг Бутрус исмли хизматчиси шундай деган: «Худо юзхотирчилик қилмас экан. Аммо Ундан қўрқиб, тўғри йўл тутган ҳар бир кишини У миллатига қарамай қабул қиларкан». (Ҳаворийлар 10:34, 35) Худо ҳеч қачон юзхотирчилик қилмагани ва одам ажратмагани учун Унинг адолатидан фойда оламиз. Ирқимиз, миллатимиз, маълумотимиз ёки жамиятдаги мавқеимиздан қатъи назар Худо бизни қабул қилади ва биз Унга топинишимиз мумкин.

Худо юзхотирчилик қилмайди, ирқимиз ёки жамиятдаги мавқеимизга қарамай, бундан фойда олишимиз мумкин

Худо Унинг адолатини англашимизни ва ундан фойда олишимизни истагани боис, бизга виждон берган. Муқаддас Ёзувларда виждон ишларимиз тўғри ёки нотўғри экани ҳақида «гувоҳлик берадиган», «қалбимизга ёзилган» қонун сифатида тасвирланган. (Римликларга 2:15) Бундан қандай фойда олишимиз мумкин? Тўғри тарбияланган виждонимиз бизни зарарли ёки адолатсиз ишлардан қочишга ундайди. Борди-ю, хато қилсак, виждонимиз бизни тавба қилишга ва тўғри йўлдан юришга чорлайди. Қолаверса, Худонинг адолатли эканини англаш бизга ёрдам беради ва Унга яқинлаштиради!

ХУДОНИНГ ЎЗИ СЕВГИ

«Аллоҳнинг Ўзи севгидир». (1 ЮҲАННО 4:8)

Худо куч, донолик ва адолатни намоён этади. Аммо Муқаддас Китобнинг ҳеч қаерида Худонинг Ўзи куч, донолик ёки адолатдир деб айтилмаган, аксинча, Аллоҳнинг Ўзи севгидир дейилган. Нега? Кучи туфайли У керакли ишни қила олади, адолати ва донолиги эса Уни йўналтиради. Аммо Унинг севги фазилати Уни ҳаракатга ундайди. У нимаики қилмасин, барчасини севги билан қилади.

Гарчи Яҳова ҳеч нарсага муҳтож бўлмаса-да, севгиси Уни осмондаги ва ердаги барча онгли мавжудотларни яратишга ундади. Улар Унинг севгиси ва ғамхўрлигидан фойда олиши мумкин. У беғаразлик ила инсоният оиласи учун ажойиб уйни, яъни ерни тайёрлаган. Боз устига «У Ўз қуёшини ёвузлар устидан ҳам, яхшилар устидан ҳам балқитади, ёмғирини одиллар устига ҳам, адолатсизлар устига ҳам ёғдиради». Бу билан У Ўз севгисини намоён этиб келмоқда. (Матто 5:45)

Бундан ташқари, «Яҳова меҳр-шафқатли, раҳмдил Худо». (Ёқуб 5:11) Уни таниб-билишга интилаётган ва Унга яқинлашмоқчи бўлган инсонларга У Ўз меҳрини намоён этади. Худо бундай инсонларга алоҳида бир шахс сифатида қарайди. Ҳа, «У ҳар биримизга яқиндир». (Ҳаворийлар 17:27)

Худонинг севгисидан қандай фойда олишимиз мумкин? Биз қуёш ботишини томоша қилишдан завқ оламиз. Чақалоқнинг кулгисини эшитиб, қувонамиз. Оила аъзоларимизнинг севгисини қадрлаймиз. Балки бу энг асосий нарсалар эмасдир, аммо улар ҳаётимизни ниҳоятда бойитади.

Худонинг севгисини акс эттирувчи яна бир ҳадя ибодат бўлиб, бу бизга фойда келтиради. Муқаддас Китоб шундай дея ундамоқда: «Ҳеч нарсадан ташвишланманглар, лекин ибодат ва илтижода тилакларингизни миннатдорчилик билан Аллоҳга билдиринглар». Меҳрибон ота сингари У қалбимиз тубидаги ташвишларни енгишда Ундан мадад излашимизни истайди. Ана шунда Яҳова фидойи севгиси ила «ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган... тинчлигини» бизга беришни ваъда қиляпти. (Филиппиликларга 4:6, 7)

Худонинг куч, донолик, адолат ва севги каби асосий фазилатлари борасида қисқача сўз юритганимиз, Унинг қанақа эканини кўришингизга ёрдам бердими? Унга миннатдорчилигингиз ошиши учун У нималар қилгани ҳамда сизнинг фойдангиз учун нималар қилишини билиб олишга сизни таклиф этамиз.

ХУДОНИНГ ҚАНДАЙ ФАЗИЛАТЛАРИ БОР? Яҳова қудратда, доноликда ва адолатда тенгсиз. Аммо Унинг энг диққатга сазовор фазилати севгидир