Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Худонинг исми нима?

Худонинг исми нима?

Ким биландир танишаётганда, биринчи навбатда: «Исмингиз нима?» — деб сўрайсиз. Агар Худога шу саволни берганингизда, У нима деган бўларди?

«Мен Яҳоваман. Бу — Менинг исмим». (Ишаё 42:8)

Эҳтимол, бу сиз учун янгиликдир. Чунки аксарият Муқаддас Китоб таржимонлари Худонинг исмини камдан-кам қўллаган ёки умуман олиб қўйган. Аксар ҳолда улар бу исмни «РАББ» ёки «ЭГА» унвони билан алмаштирган. Аммо Муқаддас Китобнинг асл нусхасида Худонинг исми тахминан 7 000 марта учрайди. Бу исм тўртта ибронийча ундош ҳарфдан иборат бўлиб, ЙҲВҲ ҳарфлари билан ифодаланади. Ўзбек тилига бу исм «Яҳова» деб таржима қилинган.

Ибронийча матнда ва бошқа таржималарда Худонинг исми кўп маротаба учрайди

Забурдан парча. Ўлик денгиз ўрама битиклари. Мил. 1 аср, ИБРОНИЙЧА

Тиндал таржимаси 1530 йил, ИНГЛИЗЧА

Рейна-Валера таржимаси 1602 йил, ИСПАНЧА

«Юнион вершн» таржимаси 1919 йил, ХИТОЙЧА

НЕГА ХУДОНИНГ ИСМИНИ БИЛИШ МУҲИМ?

Бу исм Худо учун муҳим. Ҳеч ким Унга бу исмни бермаган, Унинг Ўзи мазкур исмни танлаган. Яҳова шундай деган: «Бу — Менинг абадий қоладиган исмимдир ва наслдан наслга Мени шу исмим билан ёдга олишади». (Чиқиш 3:15) Муқаддас Китобда Худонинг исми Қодир Тангри, Ота, Рабб, Эга ёки Худо каби унвонларидан ҳамда Иброҳим, Мусо, Довуд ва Исо сингари инсонларнинг исмларидан кўра кўпроқ учрайди. Қолаверса, Яҳованинг Ўзи исми ҳаммага маълум бўлишини истайди. Зеро Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Халқлар исминг Яҳова эканини, замин узра ёлғиз Сен Аллоҳ Таоло эканингни билиб олсин». (Забур 83:18)

Бу исм Исо пайғамбар учун муҳим. Исо пайғамбар намунали ибодатида шогирдларига: «Исминг муқаддас бўлсин»,— деб ибодат қилишни ўргатган. (Матто 6:9) Унинг ўзи ҳам Худога: «Ота, исмингни улуғла»,— деб ибодат қилган. (Юҳанно 12:28) Исо Худонинг исмини улуғлашни ҳаётида биринчи ўринга қўйган. Шу сабабли у ибодатида: «Мен исмингни уларга маълум қилдим ва яна маълум қиламан»,— дея олган. (Юҳанно 17:26)

Бу исм Худони таниб-билганлар учун муҳим. Худонинг қадимги хизматчилари қутқарилиш ва нажот топиш Худонинг исми билан чамбарчас боғлиқ эканини тушунишган. «Яҳованинг исми мустаҳкам қалъадир. Одил киши у ерга қочиб бориб, омон қолади». (Ҳикматлар 18:10) «Яҳованинг исмини айтиб чақирган ҳар бир инсон қутқарилади». (Йўэл 2:32) Муқаддас Китобдан кўриниб турганидек, Худонинг исми Унга хизмат қилаётганларни ажратиб турадиган белгидир. «Барча халқлар ўз худосининг номи ила юради, биз эса, абадулабад Худойимиз Яҳованинг номи ила юрамиз». (Михо 4:5; Ҳаворийлар 15:14)

ХУДОНИНГ ИСМИ НИМАНИ ОШКОР ҚИЛМОҚДА?

Бу исм Худонинг шахсиятини очиб беради. Кўп олимлар «Яҳова» деган исм «У бўлдиради» деган маънога эга деб ҳисоблайди. Яҳова Мусога: «Мен Ким бўлишни истасам, Ўша бўламан»,— деб айтганида, исмининг маъносини очиб берган. (Чиқиш 3:14) Бу исм У бутун борлиқнинг Яратувчиси эканидан кўпроқ нарсани ошкор этади. У нафақат Ўзи Ким бўлишни истаса Ўша бўлади, балки Ўз хоҳишига мувофиқ ижодлари воситасида иродасини бўлдиради. Унвонлар Худонинг мавқеи, ҳокимияти ёки кучини тасвирлаб берса-да, фақатгина Унинг «Яҳова» деган исми Унинг шахсиятини ҳамда Ким бўла олишини яхши очиб беради.

Бу исм Худо бизга бефарқ эмаслигини ошкор этади. Мазкур исмнинг маъносидан У ижодларига, жумладан, бизга ғамхўрлик қилаётганини кўрса бўлади. Боз устига, Худо Ўз исмини очиб бергани Уни таниб-билишимизни истаётганидан далолат беради. Қолаверса, одамлар Унинг исми билан қизиқишидан олдин Худо ташаббус кўрсатиб, Ўз исмини ошкор этган. Демак, Худо Унга нисбатан мавҳум бир илоҳий зотдек эмас, балки Унга яқинлашиш мумкин бўлган мавжуд Шахсдек қарашимизни истайди. (Забур 73:28)

Худонинг исмини тилга олганимиз биз Унга бефарқ эмаслигимизни кўрсатади. Фараз қилинг, сиз дўстлашмоқчи бўлган инсондан исмингизни айтиб чақиришни сўрадингиз. Мабодо бу инсон атайин исмингизни айтмаса, ўзингизни қандай ҳис қилардингиз? Шундай пайтда «Умуман бу одам мен билан дўстлашишни хоҳлайдими?» дея ўйланиб қоласиз. Худо билан ҳам вазият худди шундай. Яҳова инсониятга Ўз исмини очиб берди ва У бизни исмини айтиб чақиришга ундайди. Унинг исмини тилга олганимизда, Унга яқинлашиш истагимиз борлигини кўрсатамиз. Ҳатто Худо Унинг «исми устида мулоҳаза юритадиганларга [ёки “эъзозлайдиганларга”, изоҳ]» эътибор беради. (Малаки 3:16)

Худонинг исмини билиш Уни таниб-билишда қўйилган биринчи муҳим қадамдир. Аммо бу билан кифояланиб қолмаслигимиз керак. Биз бу исм эгаси қандай Шахс эканини ўрганишимиз лозим. Унинг қанақа фазилатлари борлигини билиб олишимиз зарур.

ХУДОНИНГ ИСМИ НИМА? Худонинг исми — Яҳова. Бу исм Худо Ўз ваъдасини бажарадиган Шахс эканини ошкор этади