Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ҳиссий соғлиқ

Ҳиссий соғлиқ

Муқаддас Китоб бизни салбий таъсир этувчи ҳис-туйғуларга берилмай, ижобий таъсир қиладиганларини ривожлантиришга ундамоқда.

ҒАЗАБ

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Ғазабини тийган қудратли кишидан яхшироқ». (Ҳикматлар 16:32)

БУ НИМАНИ АНГЛАТАДИ? Ҳис-туйғуларимизни назорат қилишни ўрганиш бизга фойда келтиради. Баъзан жаҳлимиз чиқишига асосли сабабларимиз бўлса-да, уни жиловламаслик кўп зарар келтиради. Замонавий тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, кўпинча инсонлар жаҳли чиқиб турган пайтда айтган гапларидан ёки қилган ишларидан кейинчалик афсусланишади.

НИМА ҚИЛИШИНГИЗ МУМКИН? Жаҳл сизни бошқармасидан аввал, сиз уни бошқаришни ўрганинг. Айримларнинг фикрича, жаҳлга эрк бериш кучлилик белгиси, аслида эса бу заифликдир. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Жаҳлини тия олмайдиган одам девори қулаган, деворсиз шаҳар кабидир». (Ҳикматлар 25:28) Жаҳлни назорат қилишнинг энг яхши йўли — вазиятга муносабат билдиришдан аввал барча тафсилотларни билиб олиш. Худонинг Каломида: «Фаҳм-фаросатли жаҳлини тия олади»,— дейилган. (Ҳикматлар 19:11) Масалага атрофлича ёндашиб, фаҳм-фаросатни намоён этсангиз, ҳис-туйғуларингизни жиловлаш осонроқ бўлади.

МИННАТДОР БЎЛИШ

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Миннатдор эканингизни кўрсатинглар». (Колосаликларга 3:15)

БУ НИМАНИ АНГЛАТАДИ? Миннатдорлик туйғусига эга кишигина чинакамига бахтли бўлиши мумкин. Ҳатто ҳаётида улкан йўқотишларни бошдан кечирган инсонлар ҳам бу фикрга қўшилишади. Уларнинг айтишича, ҳиссий мувозанатни сақлашга уларда ҳали ҳам бор нарсалар учун миннатдор бўлиш ва йўқотган нарсаси ҳақида ҳадеб ўйлайвермаслик ёрдам берган.

НИМА ҚИЛИШИНГИЗ МУМКИН? Ҳар куни миннатдорчилик билдириш мумкин бўлган нарсалар ҳақида ўйланг ёки уларни ёзиб қўйинг. Бу катта нарсалар бўлиши шарт эмас. Қуёшнинг чиройли чиқиши, яқинларингиз билан қурилган ёқимли суҳбат ёки яна бир янги кун каби кичик нарсалар ҳақида ҳам мулоҳаза юритинг. Бу каби ижобий нарсаларга эътибор беришга вақт ажратиш ва уларни қадрлаш ҳиссий саломатлигингизни яхшилайди.

Оилангиз ва дўстларингиздан нега миннатдор эканингиз ҳақида ўйлаш ҳам катта фойда келтиради. Бошқаларни нима учун қадрлашингизни аниқлагач, уларга бу ҳақда шахсан, хат, электрон мактуб ёки СМС орқали айтинг. Ҳойнаҳой, бу муносабатларингизни мустаҳкамлайди ва беришнинг бахтиёрлигини ҳис этишингизга кўмаклашади. (Ҳаворийлар 20:35)

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ БОШҚА ПРИНЦИПЛАР

Муқаддас Китобнинг аудио ёзувларини сиз билган тилда юклаб олишингиз мумкин. Мазкур аудио ёзувлар jw.org сайтида тахминан 40 та тилда бор

БАҲС-МУНОЗАРАДАН УЗОҚРОҚ ЮРИНГ.

«Уришнинг бошланиши тўсиқни бузган тошқиндайдир, жанжал чиқмасидан аввал у ерни тарк эт». (ҲИКМАТЛАР 17:14)

КЕЛАЖАК ҲАҚИДА ОРТИҚЧА ТАШВИШЛАНИШДАН ҚОЧИНГ.

«Зинҳор эртанги кун учун ташвишланманглар, чунки эртанги куннинг ўз ташвишлари бўлади. Ҳар бир куннинг ўзига яраша муаммолари бор». (МАТТО 6:34)

ҲИС-ТУЙҒУЛАРГА БЕРИЛИБ ҚАРОР ЧИҚАРМАНГ, АВВАЛ ЯХШИЛАБ ЎЙЛАНГ.

«Тафаккур сени қўриқлаб, ақл-идрок сени ҳимоя қилади». (ҲИКМАТЛАР 2:11)