Асосий материалларга ўтиш

Полиция ҳамроҳлигида ваъз қилиш

Полиция ҳамроҳлигида ваъз қилиш

 Агар Яҳова Шоҳидларидан бири бўлсангиз, хушхабарни полиция ҳамроҳлигида уйма-уй ваъз қилишни тасаввур қила оласизми? 2017 йили Микронезияда Жозеф билан айнан шундай воқеа юз берди. У ва яна учта Яҳованинг Шоҳиди олис ороллардаги одамларга ваъз қилиш учун махсус кампанияда иштирок этишди.

 Тахминан туш пайтида ушбу тўртта ваъзгўй аҳолиси чамаси 600 кишидан иборат бўлган кичкина атоллга (ҳалқасимон маржон оролга) етиб келишди. Соҳилда уларни орол ҳокими қарши олди. Жозеф кейин нима бўлганини шундай тушунтирди: «Орол ҳокими полиция машинаси бизни барча уйларга олиб бориши мумкинлигини айтди. Биз бундай таклифни эшитиб ҳайратда қолдик, аммо хушмуомалалик билан уни рад этдик. Биз одамларникига одатдагидай уйма-уй юриб ташриф буюрмоқчи эдик».

 Ваъзгўйлар пиёда юриб, иложи борича кўпроқ одамлар билан гаплашишга қатъий қарор қилишганди. Улар шундай дейишди: «Одамлар меҳмондўст эди ва биз айтаётган хабарга қизиқиш кўрсатишди. Шу боис ҳар бир уйда ўйлаганимиздан кўра кўпроқ қолиб кетдик».

 Ўша куни кечроқ полиция машинаси Жозефнинг ёнидан икки марта ўтиб кетди, учинчи мартасида эса тўхтади. Полициячи Жозефга у ҳали ташриф буюриб улгурмаган уйларга олиб боришни таклиф қилди. Жозеф шундай дейди: «Мен таклифни рад этдим. Аммо бу сафар улар: “Вақтингиз оз қолди, шунинг учун қолган уйларга сизларни ўзимиз олиб борамиз”,— деб туриб олишди. Ҳали анчагина уйларга ташриф буюришимиз керак бўлгани учун, бу сафар уларнинг таклифини рад эта олмадим. Ҳар бир уйнинг олдига келганимизда полициячилар менга оиланинг фамилиясини айтишарди ва агар эшикни тақиллатганимизда ҳеч ким чиқмаса, сигнал чалиб уй эгасини чақириб беришни таклиф қилишди.

 Бундай ёрдам туфайли биз ўша куни барча уйларга ташриф буюришга муваффақ бўлдик. Биз одамларга анчагина адабиётлар қолдирдик ва қизиқиш кўрсатганларга такроран ташриф буюриш учун замин яратдик».

 Полициячилар Жозефга: «Хушхабарни ёйишда қатнашиш жуда ёқимли бўлди»,— деб айтишди. Шоҳидлар қуёш ботаётганида оролни тарк этишди. Соҳилда турган полициячилар эса юзларида табассум, қўлларида Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни ушлаганча қўл силкитиб улар билан хайрлашишди.