Асосий материалларга ўтиш

Улар бинафша ранг учбурчак тақиб юришган

Улар бинафша ранг учбурчак тақиб юришган

 Мод исмли имондошимиз Францияда яшайди ва имкониятлари чекланган болалар ўқийдиган мактабдаги ўқитувчиларнинг ёрдамчиси бўлиб ишлайди. Яқинда ўша мактабдаги ўқувчилар Холокост ва нацистлар концлагерлари ҳақида дарс ўтишган. У ердаги маҳбусларнинг устидаги кийимига бинафша ранг учбурчак тикилган эди. Унинг ранги ва шакли улар нега лагерда эканини ошкор этиб турарди.

 Бу учбурчакка эга бўлган баъзи маҳбусларга ишора қилиб, ўқитувчи шундай дебди: «Менимча, бу улар гомосексуалист бўлганини кўрсатиб турарди». Дарс тугагач, Мод ўқитувчи билан гаплашиб, лагерда бундай белгили кийимни Яҳованинг Шоҳидлари кийиб юришганини тушунтирибди a. Бу мавзу бўйича оз-моз маълумот тайёрлаб келишни таклиф қилибди. Ўқитувчи бунга рози бўлибди ва Моднинг ўзи ўқувчиларга бу борада айтиб беришини сўрабди.

 Яна бир ўқитувчи бошқа синфда бу мавзу бўйича дарс ўтказаётиб, маҳбуслар тақиб юрган ҳар хил белгиларни кўрсатибди. Бинафша ранг учбурчак тикилган кийимни Яҳованинг Шоҳидлари кийиб юргани кўрсатилган эди. Дарсдан сўнг Мод ўқитувчига бу мавзу бўйича маълумот таклиф қилибди. Ўқитувчи уни олибди ва Моднинг ўзи ўқувчиларга бу борада айтиб беришини сўрабди.

Мод фойдаланган адабиётларни кўрсатмоқда

 Мод биринчи ўқитувчининг дарси учун ўқувчиларга видео билан 15 дақиқали нутқ тайёрлабди. Аммо вақти келганда, ўқитувчи унга: «Бир соат давомида гапиришингиз мумкин»,— дебди. Шунда у нацистлар Яҳованинг Шоҳидларини таъқиб қилгани ҳақидаги ҳужжатли видеони қўйиб берибди. Видеода Яҳованинг Шоҳиди бўлган 800 та бола нацистлар томонидан ота-онасидан ажратилди дейилган жойда тўхтатиб, Мод ўша болаларнинг учтаси ҳақида маълумот ўқиб берибди. Кейин видеони охиригача кўрсатибди ва австралиялик 19 ёшли Герхард Штайнакер исмли Яҳова Шоҳидининг хатини ўқиб берибди. Герхард уни 1940 йили нацистлар уни қатл этишдан бир неча соат олдин ота-онасига ёзган эди b.

 Мод бу маълумот билан иккинчи ўқитувчининг дарсида ҳам бўлишди. Унинг ғайрати туфайли, ҳозир иккита ўқитувчи ҳам нацистлар концлагерларининг қурбонлари тўғрисида айтиб бераётганда, Яҳованинг Шоҳидлари ҳақида гапириб ўтишади.

a Иккинчи жаҳон уруши пайтида Германияда Бибельфоршер (Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари) деб ҳам танилган Яҳованинг Шоҳидлари нацистларни қўллаб-қувватлашдан бош тортишгани учун озодликдан маҳрум этилишган.

b Герхард Штайнакер Германия армиясига қўшилишдан бош тортгани учун ўлим жазосига маҳкум этилган. Ўша сўнгги хатида у шундай ёзган: «Жуда ёшман. Ҳазратим куч беришини ёлворяпман. Фақат бу куч туфайли таслим бўлмайман». Эртаси куни эрталаб у қатл этилди. Қабридаги ёзувда: «У Худони шарафлаш учун ўлган»,— дейилган.