Асосий материалларга ўтиш

Яҳова Шоҳидларининг Бош идораси кўчириляпти

Яҳова Шоҳидларининг Бош идораси кўчириляпти

Яҳова Шоҳидларининг Бош идорасини кўчириш ниятида, 2009 йил июль ойида Нью-Йорк штатининг шимолида ер сотиб олинди. Бу ер 102 гектардан иборат бўлиб, Бруклиннинг (Нью-Йорк) шимоли-ғарбидаги 1909 йилдан буён хизмат қилиб келаётган ҳозирги бинолардан тахминан 80 км узоқликда жойлашган.

Яҳованинг деярли 800 та Шоҳиди сотиб олинган янги жойда меҳнат қилишади. У ерда офислар, омбор ҳамда устахоналардан иборат бинолар ва яшашга мўлжалланган 4 та бино қурилади. Шунингдек, Яҳова Шоҳидларининг замонавий тарихи учун музей барпо этилиши кутилади.

Сотиб олинган ернинг тахминан 18 гектарида бинолар қурилади, қолган ер эса қўл урилмаган ўрмон ва сернам ўтлоқлар учун мўлжалланган. У ерда каттадан-катта майсазорлар бўлмайди. Аксинча, кўп жой ўрмонли кўринишда бўлади.

Архитекторлар биноларни шундай лойиҳалаштирганки, электр қуввати тежалади ва табиий бойликлар сақлаб қолинади. Бу туфайли, теварак-атрофга қаратиладиган таъсир ва ишлатиладиган харажатлар ҳам камроқ бўлади. Масалан, биноларнинг томлари совуқбардош ва жой танламайдиган ўсимликлар билан қопланади. Шу йўсин, оқиб тушадиган ёмғир сувларининг миқдори камайиб, бинолар ичида узоқ муддатли ҳарорат сақланиб туради. Офислар шундай лойиҳалаштирилганки, бинолар ичига кўпроқ кундузги ёруғлик кириб туради. Шунингдек, сувни ҳам тежаб сарфлаш учун муайян чоралар кўрилган.

Нима учун бундай кўчиш режалаштирилган? Илгари фақатгина Бруклинда чоп этилган Муқаддас Китоб ва унга асосланган адабиётлар, энди Яҳова Шоҳидларининг бошқа мамлакатлардаги филиалларида нашр этилади. 2004 йилда, Қўшма Штатларда адабиётларни чоп этиш ва уларни жамоатларга етказиш иши, Бруклиндан тахминан 145 километр узоқликда жойлашган шимоли-ғарбидаги Уолкиллда (Нью-Йорк штати) бирлаштирилган.

Бундан ташқари, харажатлар ҳам инобатга олинган. Гап шундаки, Бруклиндаги бинолардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш қимматга тушиб кетаётганди. Биноларни битта ерда жойлаштириб, Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китоб борасида таълим бериш ишини янада олға суриш учун маблағлардан яхшироқ фойдалана олишади.

Атроф-муҳитга етказиладиган таъсирга баҳо берилганидан кейингина, қурилиш учун рухсат берилиши мумкин. Агар ҳаммаси яхши бўлса, қурилиш 2013 йилда бошланиб, тўрт йилдан сўнг тугатилади.

Уолкиллдаги (Нью-Йорк штати) босмахонадан ташқари, Яҳованинг Шоҳидларида Паттерсонда (Нью-Йорк штати) ўқув-таълим маркази бор. Кўпгина мамлакатларда ташкилотимизнинг филиаллари фаолиятини олиб боришади. Бутун дунё бўйлаб, Яҳова Шоҳидларининг сони етти ярим миллиондан зиёд кишини ташкил этмоқда.