Асосий материалларга ўтиш

Гилад мактабининг 134- синфи. «Уларнинг имонига эргашинглар»

Гилад мактабининг 134- синфи. «Уларнинг имонига эргашинглар»

2013 йил, 9 март шанба куни Яҳова Шоҳидларининг Паттерсондаги таълим марказида (АҚШ, Нью-Йорк) Қўриқчи Минораси Жамиятининг Гилад номли Муқаддас Китоб мактабининг 134- синфига аталган битирув маросими бўлиб ўтди. Бу мактаб Яҳова Шоҳидларининг малакали ваъзгўйларига хизматда янада самарали бўлишларига кўмаклашади. Битирув маросимига дўстлар, оила аъзолар ҳамда бошқа меҳмонлар билан жами бўлиб 9 912 киши келди.

Яҳова Шоҳидларининг Етакчи кенгаш аъзоси Марк Сандерсон, дастур раиси сифатида хизмат қилди. У, барча тингловчиларга Гилад мактабининг тантанавор очилиш маросими биринчи марта бундан 70 йил олдин, яъни 1943 йил 1 февралда содир бўлганини эслатди. Ўша куни мактаб президенти Нейтан Норр, ушбу мактабнинг мақсадини қуйидаги сўзлар билан тушунтирди: «Агар далага имкон қадар кўпроқ ишчилар юборилса, юзлаб ва минглаб одамлар Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни қабул қила олади. Худонинг инояти билан янги ишчилар келади». Хўш, Норрнинг умидлари пучга чиқдими?

Келинг, бир мисолни кўриб чиқайлик. Мактаб бошланганидан кўп ўтмай, Нейтан Норр Гилад мактабида таълим олганларни ваъзгўйларга эҳтиёж бўлган жойларга юборишни мақсад қилиб, Мексикага ташриф буюрган. Унинг ташрифи муносабати билан учрашув ташкил этилган. Бу учрашувга Мехико шаҳрининг марказидан 240 км узоқликда жойлашган барча жамоатлар, жами бўлиб 400 киши йиғилган. Бугунги кунда Гилад мактабининг биринчи битирувчилари Мексикага келганига 70 йил ўтгач, шу ҳудудда жойлашган жамоатлар, худди шундай учрашувга таклиф этилса, 200 000 дан зиёд киши йиғилган бўларди.

«Қўлингдаги нима?» Америка Қўшма Штатларининг Филиал қўмита аъзоси Энтони Гриффин, Чиқиш 4:2- оятга асосланган нутқини тақдим этди. Ушбу оятда Худо Мусодан: «Қўлингдаги нима?» — деб сўраган. Мусо эса жавобан: «Таёқ»,— деган. Бу таёқ, Яҳова Мусога берган ҳокимият ҳамда вазифанинг рамзи сифатида хизмат қилган (Чиқиш 4:5). Мусо қўлидаги ҳокимиятни Худога шараф келтириш мақсадида ишлатган пайтларида, Яҳова унга баракалар берган. Лекин Марива қояси олдида ўзига шараф излаб, биродарларига танбеҳ берганида, у ҳокимиятини суиистеъмол қилган ва бу билан Худонинг қалбини ранжитган (Саҳрода 20:9–13).

Энтони Гриффин, Мусонинг қўлидаги таёқни Гилад мактабининг битирувчилари олган маънавий таълим билан солиштирган ва бу билимлардан бошқаларга ўз ҳукмни ўтказиш мақсадида фойдаланмасликка ундади. У шундай маслаҳат берди: «Олган билимларни Яҳовани улуғлаш ва Унга шараф келтириш мақсадида ишлатинг. Шунда хизмат қилаётган имондошларингиз учун Худонинг баракаси бўласиз».

«Манна ёдингизда бўлсин». Етакчи кенгаш аъзоси Стивен Летт, Саҳрода юрган Исроил халқига Худованд мўъжизавий тарзда манна берганини айтиб, бундан тўртта сабоқ олиш мумкинлигини кўрсатиб берди.

  • Зўр бериб меҳнат қилинг (Саҳрода 11:8). Маннани тановул қилиш учун, исроилликлар аввал тезда уни йиғиб олиши, сўнг эса ундан овқат тайёрлаши керак эди (Чиқиш 16:21).

  • Яҳова етказаётган ризқ-рўздан норози бўлманг (Саҳрода 11:5, 6). Исроил халқи маннадан нолишди, лекин Аллоҳ буни Унга нисбатан норозилик билдирилгандек қабул қилди. Манна сингари, эҳтимол биз олаётган маънавий озуқа ҳам, ҳар сафар тансиқ таомлардан бўлмас, лекин у доим бизнинг фойдамизга хизмат қилиши аниқ. Шундай экан, Яҳованинг саховатли қўли учун доимо миннатдор бўлишимиз даркор.

  • Яҳова албатта сизга ғамхўрлик қилишига амин бўлинг. Худованд халқига ҳар куни манна ёғдирган. Шаббат куни бошланишидан олдин эса маннани икки ҳисса кўпроқ берган (Чиқиш 16:22–26). Шу сингари, Аллоҳ бизнинг ҳам ризқимизни беришига амин бўлсак бўлади (Матто 6:11).

  • Итоатсизлик ҳеч қачон барака келтирмайди (Чиқиш 16:19, 20, 25–28). Шаббат куни манна йиғишга чиққан исроилликлар ҳеч нарса топа олишмади. Аксинча Яҳовани хафа қилишди. Шунингдек, ҳафтанинг қолган олти куни учун манна ғамлаб олмоқчи бўлганлар ҳам, кейинги кун эрталаб маннага қурт тушиб сасий бошлаганини кўришди.

Стивен Летт, талабаларни манна ҳақидаги воқеадан олган сабоқларни унутмасликка чорлади. У Яҳованинг қуйидаги ваъдасини эслатди: «Мен осмон қопқаларини очаман. Сизларга марҳаматимни сероб қилиб ёғдираман» (Малаки 3:10).

«Янги дунёдаги ҳаётга тайёр бўлинг». Муқаддас Китоб мактабларни назорат қилувчи бўлимнинг нозири Уильям Сэмюэлсон: «Шубҳасизки ҳаммамиз янги дунёда яшашни истаймиз ва сабрсизлик билан уни кутамиз, лекин чиндан бу кунни кутишга тайёрмизми? Бунинг учун “ақли расо бўлиш” кутилади»,— деб айтди (1 Бутрус 4:7).

Камчиликларимизга нисбатан нуқтаи назаримиз ақли расо инсон эканимизни аён қилади. «Майли, Худо ёмон таъсирдан халос этиб, янги дунёни ўрнатганида камчиликларимни тузатарман»,— дея ўзимизни алдаб, барча хато ишларимизда Шайтон ва унинг ҳукми остидаги дунёни айбдор қилмаслигимиз керак. Ҳозир худбинлик каби нуқсонларимиз билан курашиб, «янги ўзликни кийиб олишнинг» айни пайтидир (Эфесликларга 4:24).

«Ручкангизни партага қўйинг». Гилад мактабининг муаллими Марк Нумар, «ҳаётимиз сценарийсини ўз қўлимиз билан ёзишимизни» ручка мисолида тушунтириб берди. Агар ҳаёт сценарийингизни ёзишни Яҳовага қўйиб берсангиз, мажозий маънода ручкани партага қўйган бўласиз.

Шоҳ Шоулнинг мисоли бу борада бизга огоҳлантириш сифатида хизмат қилиши мумкин. Шоҳлигининг илк йилларида у камсуқум ва камтар инсон бўлган (1 Шоҳлар 10:22, 27; 11:13). Лекин кўп ўтмай, у нима тўғри эканини ўзи ҳал қилмоқчи бўлиб ҳамда ўзига шараф излаб, «ҳаёт сценарийсини ўзи ёзмоқчи» бўлди. Оқибатда Худованд ундан юз ўгирди (1 Шоҳлар 14:24; 15:10, 11).

Марк Нумар, гарчи битирувчилар бугунга қадар Худога садоқатли бўлишса-да, бундан буён ҳам Худонинг истаги бўйича Унинг ишларини бажаришлари лозимлигини эслатди. У битирувчиларни: «Худо биздан фойдаланаётгани, У бизни маъқуллаётганини кафолатламайди». Масалан, Мусо мўъжиза яратиб қоядан сув чиқартирганида, Худонинг йўл-йўриқларига амал қилмади. У натижага эришди, лекин Худонинг марҳаматидан маҳрум бўлди (Саҳрода 20:7–12).

«Само ўртасида учиб кетаётган фариштанинг овозига қўшилинг». Сэм Роберсон, Ваҳий 14:6-, 7- оятларга асосланган нутқ билан чиқди. У воизлик хизматида содир бўлган воқеаларни саҳналаштириб беришни илтимос қилди. Масалан, касалхонада операциядан кейин ўзига келган талаба, ҳамширага ваъз қилган. Ҳамшира Перудан экан. Шунинг учун биродаримиз jw.org сайтимиздан суратда Перунинг Чачапояс шаҳрида Яҳованинг Шоҳидлари ваъз қилаётганини кўрсатди. Натижада, бу аёл ва унинг эри билан Муқаддас Китоб тадқиқи бошланди.

«Сен мени алдадинг... шундай қилиб мен алдандим» (Еремиё 20:7, ЯДТ). Америка Қўшма Штатлари Филиалининг қўмитаси Аллен Шустер, синфдаги иккита эр-хотиндан интервью олди. Талабалар, ўзларини Яҳова томонидан «алдаган»дай ҳис қилишганини айтишди. Қайси маънода? Бошида улар ўқув дастурини тўлиқ ўзлаштириб олишларидан шубҳаланишган. Лекин ўқишнинг биринчи куниданоқ, уларга ёрдам бериб қўллаб-қувватлаб туришган ва бу уларга вазифаларни муваффақият билан бажаришга кўмаклашган. Марьян Аронсэн исмли опамиз Гилад мактабида олган таҳсил учун миннатдорчилигини қуйидаги сўзлар билан изҳор қилди: «Энди нима тадқиқ қилиш борасида бошим қотмайди. Чунки Муқаддас Китобдаги ҳар бир оят хазина эканини англаб етдим».

«Уларнинг имонига эргашинглар». Етакчи кенгаш аъзоси Дейвид Сплэйн Ибронийларга 13:7- оятга асосланган дастурнинг асосий нутқини тақдим этди. Мазкур оятда шундай дейилган: «Орангизда раҳбарликни ўз зиммасига олганларни унутманглар, ахир улар сизларга Тангрининг каломини айтишган. Уларнинг хулқ-атвори қандай самаралар келтирганини диққат билан кузатиб, имонларига эргашинглар». Бундан 70 йил, олдин Яҳова Шоҳидларининг фаолиятида «раҳбарликни ўз зиммасига олганлар» имонни қандай намоён этишди?

1942 йил 24 сентябрда Нейтан Норр, Яҳованинг Шоҳидлари фойдаланиб келаётган иккита юридик бирлашманинг раҳбарларини чақириб, кенгаш ўтказди. Ушбу учрашувда у, бошқа мамлакатларда хушхабарни ёйишга кўмаклашадиган Гилад номли мактаб ташкил этишни таклиф қилди. Ушбу мактаб тўла вақтли махсус ваъзгўйларни тайёрларди. Бироқ ўша пайтда бунинг мавриди эмасдек кўринарди. Ўшанда Иккинчи жаҳон уриши кетаётган эди. Шу сабабли кўпгина мамлакатларга махсус ваъзгўйларни юбориш қийин ва ҳатто имконсиз бўлган. Боз устига 1930- йилларда бутун дунё қаттиқ молиявий инқирозни бошдан кечирган ва ташкилотимиз бу мактабни ўтказиш учун фақат беш йилга маблағи етарди. Шунга қарамасдан, биродарлар кучли имонни намоён этиб, бир овоздан ушбу таклифга розилик билдиришди.

Гилад мактабининг илк талабалари ҳам, тақлид қилишга арзийдиган имонни намоён этишди. Улар борига қаноат қилиб, пулпарастликдан холи бўлишган (Ибронийларга 13:5, 6). Яқинлари йўлкирани тўлай олмаслигини тушуниб, баъзилар уйидагиларни энди ҳеч қачон кўрмаймиз, деб ўйлашган. Чиндан ҳам, улардан кўпчилиги тайинланган ҳудудда 10-15 йил хизмат қилгандан кейингина оилалари билан дийдор кўришишган. Нима бўлмасин, ҳар галгидек Исо уларга ҳамда ва уларнинг оила аъзоларига ғамхўрлик қилишига амин эдилар (Ибронийларга 13:8).

Гилад мактабининг 1- синфи, 1943 йил

Гилад мактабини тугатишдан олдин чет элда қийин шароитларда хизмат қилганлар билан содир бўлган баъзи воқеаларни айтиб бергач, Дейвид Сплэйн талабаларга шундай деди: «Сизлар, бундан 70 йил илгари азиз имондошларимиз асос солган ажойиб анъананинг давомчиларисиз... Қаерга тайинланишингиздан қатъи назар, хурсандчилик ила Яҳовага хизмат қилинг».

Дейвид Сплэйн, нутқининг якунида айни пайтда Яҳова Шоҳидларининг Қўшма Штатларидаги Байтилида хизмат қилаётган 77 та Гилад мактаби битирувчиларининг суратларини бирма-бир намойиш қилиб берди. Уларнинг орасида 1943 йилда Гилад мактабининг биринчи синфини тугатган иккита талаба ҳам бор. Ушбу суратлар намойиш қилинаётганида, охирги 70 йил давомида Яҳова Шоҳидларининг учрашувида қўйилган мусиқа янграрди.

Битирувчиларга дипломлар тақдим этилгандан сўнг, улардан бири бутун синф номидан миннатдорчилик хатини ўқиб берди. Марк Сандерсон, 70 йил ўтишига қарамасдан Нейтан Норрнинг қуйидаги сўзлари ҳалигача ўз кучини йўқотмаганини айтди: «Сизни қаерга тайинлашмасин, Шоҳлик хабарчиси эканингизни ёдда тутинг; воизлик қилиш ва Армагеддон келгунига қадар Яҳовага ҳамдлар айтиш, катта шарафдир. Чунончи бундай шараф Худонинг ҳамма ижодларига ҳам насиб этмаган... Шоҳлик хабарчиси бўлиш шарафини қадрланг ҳамда ваъз қилинг!»