Асосий материалларга ўтиш

Нима учун Яҳованинг Шоҳидлари қон қуйишга қарши?

Нима учун Яҳованинг Шоҳидлари қон қуйишга қарши?

Кенг тарқалган нотўғри фикрлар

 Миш-миш: Яҳованинг Шоҳидлари тиббиётга ёки даволаниш муолажаларига ишонишмайди.

 Факт: Ўзимиз ва оила аъзоларимиз учун қўлимиздан келганча энг яхши тиббий муолажаларни топишга интиламиз. Соғлигимиз билан муаммоларга дуч келсак, қонсиз тиббий муолажаларини тақдим эта оладиган шифокор ва жарроҳларга мурожаат қиламиз. Тиббиёт соҳасидаги ютуқларни жуда қадрлаймиз. Дарҳақиқат, Яҳованинг Шоҳидлари бўлган беморларга ёрдам бериш мақсадида ишлаб чиқарилган қонсиз муолажалар бугунги кунда ҳамма жойда кенг қўлланилмоқда. Кўпгина мамлакатларда ҳар бир бемор танлаш имконига эга бўлиб, қон қуйиш туфайли бўладиган хавф-хатарлардан, масалан, қон орқали юқадиган касаллик, иммунитет реакциялари ва тиббиёт ходимларининг хатоларидан ҳимояланиши мумкин.

 Миш-миш: Яҳованинг Шоҳидлари Худога бўлган ишонч даволайди, деб ўйлашади.

 Факт: Худога бўлган ишонч даволайди, деб ўйламаймиз.

 Миш-миш: Қонсиз муолажалари жуда қиммат.

 Факт: Қон қуйишдан ҳоли тиббиёт муолажалари қиммат эмас a.

 Миш-миш: Ҳар йили кўпгина Яҳованинг Шоҳидлари, жумладан, болалар қон қуйишдан воз кечгани туфайли ўлади.

 Факт: Бу умуман асоссиз. Жарроҳлар мунтазам равишда юрак билан боғлиқ жарроҳлик, ортопедик жарроҳлик ва орган трансплантацияси каби мураккаб жарроҳликларни қон қуймай ўтказишмоқда b. Қон қуймай даволанган беморлар, жумладан, болалар ҳам, қон қуйиб даволанган беморларга қараганда жарроҳликдан сўнг одатда тезроқ ёки ҳатто яхшироқ тузалишмоқда c. Нима бўлганда ҳам, ҳеч ким бемор қон қуйишдан воз кечса ўлади ёки рози бўлса, ҳаётини сақлаб қолади деб кафолат бера олмайди.

Нима учун Яҳованинг Шоҳидлари қон қуйишга қарши?

 Бу авваламбор диний эътиқодимиз билан боғлиқ. Ҳам Эски, ҳам Янги аҳдда ўзимизни қондан сақлашимиз лозимлиги аниқ айтилган. (Ибтидо 9:4; Левилар 17:10; Қонунлар 12:23; Ҳаворийлар 15:28, 29) Бундан ташқари, Аллоҳнинг назарида қон ҳаётни билдиради. (Левилар 17:14) Шундай экан, нафақат Аллоҳга итоатли бўлганимиз учун, балки Уни ҳаётни ато этган Шахс сифатида ҳурмат қилганимиз учун қондан сақланамиз.

Ўзгарувчан фикрлар

Оғир жарроҳликлар қон қуйишдан ҳоли муваффақиятли ўтказилиши мумкин

 Бир вақтлари умуман олганда тиббиёт соҳасида, қонсиз муолажалардан фойдаланиш ақлсизлик ва ҳатто ўз жонига қасд қилиш деб ҳисобланарди. Лекин охирги йиллар ичида бундай нуқтаи назар кескин ўзгарди. Масалан, 2004 йили тиббиёт таълим журналида чоп этилган бир мақолада шундай фикр ёзилган: «Яҳованинг Шоҳидлари бўлган беморлар учун ишлаб чиқарилган кўпгина усуллар яқин келажакда оддий ҳол бўлиб қолади» d. Кардиология соҳасига оид муаммоларга бағишланган журналнинг бир мақоласида, 2010 йили шундай дейилган: «Қонсиз муолажаларнинг қўлланилиши фақат Яҳованинг Шоҳидлари билан чегараланиб қолмаслиги лозим, бу жарроҳликнинг ажралмас қисми бўлиб қолиши керак». («Heart, Lung and Circulation»).

 Ҳозирги пайтда бутун дунё бўйлаб минглаб шифокорлар мураккаб қонсиз жарроҳликларни амалга ошириш учун қон сақлаш усулларидан фойдаланишмоқда. Бундай усуллар ҳатто ривожланаётган мамлакатларда қўлланилмоқда ва Яҳованинг Шоҳидлари бўлмаган беморлар ҳам улардан фойдаланиш истагини билдиришмоқда.

a «Transfusion and Apheresis Science», 33- жилд, № 3, 349- саҳ. қаранг.

b «The Journal of Thoracic and Cardiovascular Surgery», 134- жилд, № 2, 287–288- саҳ.; «Texas Heart Institute Journal», 38- жилд, № 5, 563- саҳ.; «Basics of Blood Management», 2- саҳ.; ва «Continuing Education in Anaesthesia, Critical Care & Pain», 4- жилд, № 2, 39- саҳ. қаранг.

c «The Journal of Thoracic and Cardiovascular Surgery», 89- жилд, № 6, 918- саҳ.; ва «Heart, Lung and Circulation», 19- жилд, 658- саҳ. қаранг.

d «Continuing Education in Anaesthesia, Critical Care & Pain», 4- жилд, № 2, 39- саҳ.