Асосий материалларга ўтиш

Муқаддас Китобда рўза ҳақида нима дейилган?

Муқаддас Китобда рўза ҳақида нима дейилган?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Қадимда одамлар тўғри ниятлар ила рўза тутганда, бу Худога маъқул келар эди. Ниятлари нотўғри бўлганда эса, Худо буни хуш кўрмас эди. Аммо ҳозирги кунда рўза тутиш-тутмаслик борасида Муқаддас Китобда ҳеч қандай талаб йўқ.

Ўтмишда одамлар қандай вазиятларда рўза тутишган?

  •   Худонинг ёрдамини ва йўл-йўриғини излаганда. Қуддусга йўл олган кишилар Худонинг ёрдамини сўраб, нияти пок эканини кўрсатиш мақсадида рўза тутишган. (Эзра 8:21–23) Павлус билан Барнабо жамоатда оқсоқолларни тайинлаш учун рўза тутишган. (Ҳаворийлар 14:23)

  •   Худонинг ниятига диққат қаратганда. Исо сувга чўмганидан кейин 40 кун давомида рўза тутган, шу йўсин, у Худонинг иродасини бажаришга тайёргарлик кўрган. (Луқо 4:1, 2)

  •   Ўтмишдаги гуноҳларида тавба қилганда. Йўэл пайғамбар орқали Худованд бевафо исроилликларни: «Бутун қалбингиз билан менга қайтинглар. Рўза тутиб, кўз ёш тўкиб, нола қилинглар»,— деб чорлаган. (Йўэл 2:12–15)

  •   Покланиш куни бўлганда. Тангри Исроил халқига берган Тавротга кўра, улар ҳар йили Покланиш куни a келганда рўза тутиши керак эди. (Левилар 16:29–31) Бу вазиятда рўза тутиш тўғри эди, чунки исроилликлар номукаммал эканини ва Худо уларни кечиришига муҳтож эканликларини эслашарди.

Қандай ниятлар ила рўза тутиш нотўғри бўларди?

  •   Бошқаларни лол қолдириш ниятида. Исо, эътиқоди туфайли рўза тутиш кишининг Худо билан шахсий ва овоза қилинмайдиган масаласи деб ўргатган. (Матто 6:16–18)

  •   Ўзини одил деб кўрсатиш ниятида. Рўза тутган киши бошқалардан ахлоқан ёки маънан устун бўлиб қолмайди. (Луқо 18:9–14)

  •   Била туриб қилинган гуноҳни ювиш ниятида. Киши итоаткор бўлиб, гуноҳларида чин дилдан тавба қилганда, рўза тутгани Худога маъқул келарди. (Ишаё 58:3, 4)

  •   Расмиятчиликка риоя қилиш ниятида. Мисол тариқасида, Худони ота билан солиштирса бўлади, болалари унга нисбатан севгисини чин дилдан эмас, мажбурият юзасидан намоён этса, бу унга маъқул келмайди. (Ишаё 58:5–7)

Масиҳийлар рўза тутишга мажбурми?

 Йўқ. Худо исроилликлардан Покланиш кунида рўза тутишни талаб қилган, лекин Исо одамлар учун ўз жонини фидо қилганидан кейин У бу талабни бекор этди. (Ибронийларга 9:24–26; 1 Бутрус 3:18) Масиҳийлар Покланиш кунини ўз ичига олган Мусонинг Таврот китобидаги амрлар остида эмас. (Римликларга 10:4; Колосаликларга 2:13, 14) Шу боис, ҳар бир масиҳий рўза тутиш ёки тутмаслик борасида қарорни ўзи чиқаради. (Римликларга 14:1–4)

 Масиҳийлар рўза тутиш Худога бўлган топинишда муҳим аҳамиятга эга эмаслигини тушунишади. Муқаддас Китобда рўза ва қувонч ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ. Масиҳийларнинг топиниши қувонч билан ажралиб туради, бу эса «бахтиёр Тангри» бўлмиш Яҳованинг шахсиятини акс эттиради. (1 Тимўтийга 1:11; Воиз 3:12, 13; Галатияликларга 5:22)

Рўза тутиш борасида Муқаддас Китобда нима дейилмаган?

 Нотўғри фикр. Ҳаворий Павлус масиҳий бўлган жуфтликларга рўза тутишни маслаҳат берган. (1 Коринфликларга 7:5, «King James Version»)

 Тўғри фикр. Муқаддас Китобнинг энг қадимги қўлёзмаларида 1 Коринфликларга 7:5 да рўза тутиш ҳақида ҳеч нима ёзилмаган. Эҳтимол, Муқаддас Китобнинг кўчирувчилари нафақат бу оятга, балки Матто 17:21; Марк 9:29 ва Ҳаворийлар 10:30 га ҳам рўза тутиш иборасини қўшиб қўйишган. Муқаддас Китобнинг кўпгина бошқа замонавий таржималарида эса, бу оятларда қўшиб қўйилган рўза ҳақидаги иборалар олиб қўйилган.

 Нотўғри фикр. Исо сувга чўмганидан кейин 40 кун мобайнида рўза тутгани учун, масиҳийлар ҳам рўза тутиши даркор.

 Тўғри фикр. Исо бундай рўза тутишни амр этмаган. Қолаверса, Муқаддас Китобда илк масиҳийлар бундай рўза тутгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

 Нотўғри фикр. Масиҳийлар Исонинг ўлимини хотирлаш учун рўза тутиши керак.

 Тўғри фикр. Исо шогирдларига унинг ўлимини хотирлаш ниятида рўза тутиш кераклигини амр этмаган. (Луқо 22:14–18) Исо шогирдлари унинг ўлимидан сўнг рўза тутади деб айтганда, буни буйруқ эмас, балки юз бериши керак бўлган воқеа сифатида келтирган. (Матто 9:15) Муқаддас Китобда масиҳийлар Қутлуғ Кечлик маросимига овқатланиб бориши кераклиги ҳақида ёзилган. (1 Коринфликларга 11:33, 34)

a Худо исроилликларга Покланиш куни: «Гуноҳларингиздан пушаймон эканингизни кўрсатинглар»,— деб айтган. (Левилар 16:29, 31) Бу рўза тутишни ўз ичига олиши мумкин. (Ишаё 58:3) Бошқа таржимада бу оят шундай ўгирилган: «Гуноҳларингиздан пушаймон эканингизни кўрсатиш учун овқат емасдан боришингиз керак». («Contemporary English Version»)