Асосий материалларга ўтиш

Муқаддас Китоб илм-фан билан уйғунми?

Муқаддас Китоб илм-фан билан уйғунми?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Ҳа, Муқаддас Китоб илмий қўлланма бўлмаса ҳам, илм-фан соҳасига келганда у аниқ. Илм-фан ва Муқаддас Китоб ўзаро уйғун эканини кўрсатувчи айрим мисолларга диққат қаратинг. Шунингдек, Муқаддас Китобда қадимда яшаган одамлар ишонган тушунчалардан анча фарқ қилувчи илмий фактлар келтирилганига эътибор беринг.

  •   Коинотнинг боши бўлган. (Ибтидо 1:1) Лекин кўпгина қадимги афсоналарда коинот яратилмагани, аксинча, ўз-ўзидан пайдо бўлгани айтилади. Бобилликлар коинотни яратган худолар иккита уммондан келиб чиққанига ишонишган. Бошқа афсоналарда эса коинот баҳайбат тухумдан пайдо бўлган, деб айтилади.

  •   Коинот маъбудларнинг инжиқликлари томонидан эмас, балки табиатнинг оқилона қонунлари томонидан ҳар куни бошқарилади. (Аюб 38:33; Еремиё 33:25) Бутун дунёдаги халқларнинг турли афсоналари даб-дурустдан йўл тутадиган ёки ҳатто шафқатсизларча ҳаракат қиладиган худолар олдида одамлар заифдир, деб ўргатишади.

  •   Ер коинотда бўшлиққа осиб қўйилган. (Аюб 26:7) Қадимда яшаган кўпгина одамлар ер ясси шаклида ва у улкан бир нарсанинг ёки ҳайвоннинг, масалан, буйвол ё тошбақанинг устида туради, деб ишонган.

  •   Уммондаги ва бошқа манбалардаги сувлар буғланиб ёмғир, қор ёки дўл сифатида ерга қайтади. Дарё ва булоқлар уларнинг ҳисобидан тўлади. (Аюб 36:27, 28; Воиз 1:7; Ишаё 55:10; Амос 9:6) Қадимги юнонлар дарё сувлари ер ости уммон сувлари ҳисобидан тўлади, деб ўйлаган ва бу фикр 1700 йилларнинг бошларига қадар мавжуд бўлган.

  •   Тоғлар кўтарилади ва пасаяди. Бугунги тоғлар бир пайтлар уммон остида бўлган. (Забур 104:6, 8) Бундан фарқли равишда, бир нечта афсонага кўра, худолар тоғларни ҳозирги кўринишдаги шаклда яратган.

  •   Гигиена қоидалари соғликни ҳимоя қилади. Тавротда Исроил халқига мурдага текканидан кейин ювиниш, юқумли касалликларга чалинганларни алоҳида ажратиб қўйиш ва нажасни кўмиш борасида йўл-йўриқлар берилган. (Левилар 11:28; 13:1–5; Қонунлар 23:13) Бундан фарқли ўлароқ, бу амрлар берилган пайтда Мисрда даволанишнинг тури сифатида очиқ ярага инсон нажаси қўшилган аралашма суртиш тавсия қилинарди.

Муқаддас Китобда илмий хатолар борми?

 Муқаддас Китобни яхшилаб тадқиқ қилсак бунинг жавоби бундай эмаслигини билиб оламиз. Қуйида Муқаддас Китоб илмий жиҳатдан аниқ эмаслигини кўрсатувчи кенг тарқалган баъзи нотўғри тушунчалар келтирилган:

 Нотўғри тушунча: Муқаддас Китобда коинот 24 соатдан иборат бўлган 6 кун ичида яратилган, деб ёзилган.

 Факт: Муқаддас Китобда Худо коинотни айнан қачон яратгани ҳақида айтилмаган. (Ибтидо 1:1) Қолаверса, Ибтидо китобининг 1- бобида тилга олинган яратилиш кунлари муайян даврни билдириб, улар қанча давом этгани таъкидланмаган. Дарҳақиқат, еру осмон яратилган бутун давр Муқаддас Китобда «кун» деб аталган. (Ибтидо 2:4)

 Нотўғри тушунча: Муқаддас Китобга кўра, ўт-ўлан фотосинтез жараёнини ҳосил қилувчи қуёшдан олдин яратилган. (Ибтидо 1:11, 16)

 Факт: Муқаддас Китобда осмондаги юлдузлардан бири бўлмиш қуёш ўт-ўландан олдин яратилгани ҳақида айтилган. (Ибтидо 1:1) Қуёшдан тарқалган нур яратилишнинг биринчи «куни» ёки даврида ер юзигача борган. Яратилишнинг учинчи «кунига» келиб, атмосфера тозалангач, фотосинтез жараёнини ҳосил қилиш учун ёруғлик етарлича кучли бўлган. (Ибтидо 1:3–5, 12, 13) Фақат кейин қуёш ер юзидан аниқ кўринадиган бўлган. (Ибтидо 1:16)

 Нотўғри тушунча Муқаддас Китобда қуёш ер атрофида айланади, деб айтилган.

 Факт: Воиз 1:5 да: «Қуёш чиқиб, қайта ботади, яна чиқиш учун ўз жойига ошиқади»,— дейилган. Бироқ бу оят қуёшнинг ердан кўринадиган ҳаракатини тасвирлайди. Гарчи ер қуёш атрофида айланишини аниқ билсак-да, «қуёш чиқиши» ва «қуёш ботиши» каби ибораларни қўллаймиз.

 Нотўғри тушунча: Муқаддас Китобга кўра, ер ясси шаклда.

 Факт: ернинг энг олис жойларига ишора қилиш учун Муқаддас Китобда «ернинг четлари» ибораси ишлатилган. Бироқ бу, ер ясси ёки унинг чети бор дегани эмас. (Ҳаворийлар 1:8) Шу сингари, «ернинг тўрт бурчаги» деган ибора бутун ер сатҳига ишора қилади. Ҳозирги кунда ҳам рамзий маънода «ернинг тўрт томони», деган иборани эшитишимиз мумкин. (Ишаё 11:12; Луқо 13:29)

 Нотўғри тушунча: Муқаддас Китобга кўра, айлана узунлигини аниқлаш учун унинг диаметрини 3 га кўпайтириш керак. Аммо тўғри қиймат «Пи» сонига (π) ёки тахминан 3,1416 га тенг.

 Факт: 3 Шоҳлар 7:23 ва 2 Солномалар 4:2 да келтирилган «қуйма ҳовуз»нинг ўлчамларига кўра, унинг диаметри 10 тирсак ва «ўлчов ипи билан ўлчаганда айланаси 30 тирсак бўлган». Бу ўлчамлар яхлитланган бўлиши мумкин. Шунингдек, айлана узунлиги ва диаметри ўз навбатида ҳовузнинг ички ва ташқи томонидан ўлчангандир.