Асосий материалларга ўтиш

ОИЛА УЧУН ЁРДАМ

Фарзанд билан спиртли ичимликлар ҳақида гаплашиш

Фарзанд билан спиртли ичимликлар ҳақида гаплашиш

«Қизимиз билан спиртли ичимликлар тўғрисида илк бор суҳбатлашганимизда, у олти ёшда эди. У кутганимиздан кўпроқ маълумотга эга эканини кўриб ҳайрон қолганмиз». (Александр)

Нимани билишингиз керак?

Болалар билан спиртли ичимликлар ҳақида гаплашиш муҳимдир. Фарзандингиз ўсмирлик ёшига етишини кутманг. Россиядаги Ҳамид шундай деб бўлишди: «Ўғлимиз билан спиртли ичимликларни меъёрида ичиш кераклиги борасида у ҳали болалигида гаплашмаганимиздан афсусланаман. Бу қанчалик муҳим эканини ўз тажрибамда кўрдим. Ўғлим 13 ёшлигида мунтазам равишда спиртли ичимликларни истеъмол қилишини билиб қолдим».

Нега бунга жиддий қарашингиз керак?

  • Синфдошлар, реклама ва телевидение фарзандингизнинг ичкилик борасидаги нуқтаи назарига таъсир қилиши мумкин.

  • Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказининг (АҚШ) тадқиқотларига кўра, Қўшма Штатларда спиртли ичимликларни қонунда белгиланган ёшга етмай туриб истеъмол қиладиганлар 11 фоизни ташкил этади.

 Соғлиқни сақлаш вазирлиги ота-оналарга спиртли ичимликларнинг хавфи тўғрисида фарзандларига болалигиданоқ тушунтиришни тавсия қилаётгани бежиз эмас. Хўш, буни қай йўсин уддаласа бўлади?

Нима қила оласиз?

Болангиз қандай саволлар бериши ҳақида ўйлаб кўринг. Ёш болалар қизиқувчан бўлади, ўсмирлар эса, янада қизиқувчандир. Шу боис, уларнинг саволларига қандай жавоб бериш ҳақида ўйлаб кўрсангиз, яхши бўларди. Масалан:

  • Болангиз спиртли ичимликнинг таъми қандай экани ҳақида сўраса, шаробнинг таъми нордон мева шарбатиникига ўхшайди, пиво эса, сал аччиқроқ деб айтсангиз бўлади.

  • Фарзандингиз спиртли ичимликни татиб кўришни истаса, бу ичимликнинг таъми болалар учун жуда ўткирлик қилишини айтишингиз мумкин. У қандай таъсир қилишини айтинг. Спиртли ичимлик бўшаштиради, аммо уни ҳаддан ортиқ истеъмол қилса бош айланиши, киши ўзини ноўрин тутиши ва кейин афсусланишига олиб келадиган гаплар айтиши мумкинлигини тушунтиринг. (Ҳикматлар 23:29–35)

Ўзингиз ҳам маълумотга эга бўлинг. Муқаддас Китобда: «Заковатли одам билимига мувофиқ йўл тутади»,— дейилган. (Ҳикматлар 13:16) Спиртли ичимликларни истеъмол қилиш ва мамлакатингиздаги бунга тегишли қонунлару чекловлар тўғрисида билиб олинг. Шунда фарзандингизга ёрдам бериш учун яхши тайёргарлик кўрган бўласиз.

Бу мавзуда суҳбатлашишда ташаббус кўрсатинг. Британиядан бўлган Марк исмли ота қуйидаги фикрлар билан бўлишди: «Ёшлар спиртли ичимликлар ҳақида гаплашишга тортиниши мумкин. Саккиз ёшли ўғлимдан спиртли ичимликларни ичиш борасида у қандай фикрда эканини сўрадим. У ўз фикрларини бемалол айта олиши учун қулай муҳит яратдим».

Спиртли ичимликлар борасида бир неча бор суҳбат қурсангиз, бу унга яхшироқ таъсир қилади. Спиртли ичимликлар ҳақида гаплашганингизда, болангизнинг ёшига қараб, бошқа ҳаётий масалалар, жумладан, йўл хавфсизлиги ва жинсий муносабатлар борасида суҳбатлашинг.

Ўзингиз ўрнак кўрсатинг. Болалар шимгич кабидир, яъни улар атрофидаги ҳамма нарсани ўзига шимиб олади. Изланишлар шуни кўрсатяптики, ота-оналар фарзандларига кўпроқ таъсир қилади. Бу шуни англатадики, тинчланиш ёки стрессни камайтириш учун асосан спиртли ичимликларни истеъмол қилсангиз, фарзандингиз спиртли ичимликлар ташвишларни енгишга ёрдам беради деган хулосага келади. Шунинг учун яхши ўрнак кўрсатинг. Ўзингиз спиртли ичимликларни меъёрида истеъмол қилаётганингизга амин бўлинг.

Спиртли ичимликларни истеъмол қилишда фарзандингиз сиздан ўрнак олади